Жаҳон | 09:11
1570
5 дақиқада ўқилади

Киевда вазият оғир: 500 кўп қаватли уй иситишсиз қолди

Россия Қуролли кучлари ҳужумлари ва об-ҳавонинг ёмонлашуви сабаб Украина энергетика тизимидаги вазият ҳали ҳам оғирлигича қолмоқда. Киевда 500 та кўп қаватли уй иссиқликсиз қолмоқда. Пойтахт ва мамлакатнинг бир қатор вилоятларида авариявий ўчиришлар амалга оширилмоқда.

Фото: Getty Images

Киев шаҳри сешанба, 13 январ ҳолатига кўра, Россия томонидан амалга оширилган бир қатор ҳужумлар натижасида бешинчи кундирки қисман электр ва иссиқликсиз қолмоқда. Украина Энергетика вазирлиги Telegram’да хабар беришича, Россия Қуролли кучлари зарбалари ва ноқулай об-ҳаво туфайли энергетика тизимидаги вазият мураккаблигича қолмоқда. Шунга кўра, электр ўчириш жадваллари вақтинча бекор қилинган, пойтахт ва мамлакатнинг айрим вилоятларида эса фавқулодда (авариявий) чекловлар қўлланмоқда.

“Совуқлар ва ўқ ёғдиришларга қарамай, энергетиклар шикастланган ускуналарни имкони борича тезроқ таъмирлаш ва тизимни барқарорлаштириш учун 24/7 режимида ишлаяпти, — дейилади Энергетика вазирлиги постида. — Зарур авариявий-тиклаш ишлари якунланган заҳоти — улар бир дақиқа ҳам тўхтамаяпти — прогноз қилинадиган соатма-соат ўчиришларга (ҳатто қатъий жадвалларга) қайтилади”.

Бир кун олдин, 12 январ куни, Украина пойтахтида электр ўчиши асосан Днипро дарёсининг чап соҳилида кузатилаётгани ҳақида хабар қилинган эди, ҳозир эса вазият бутун Киев бўйлаб ёмонлашган. “Бутун шаҳар фавқулодда ўчиришлар режимида. Ўнг соҳилдаги аҳвол чап соҳил даражасигача ёмонлашди”, — деб ёзди Facebook’да Yasno компанияси бош директори Сергей Коваленко.

Шу орада Киев шаҳар давлат маъмурияти (КШДМ) Днипронинг ўнг соҳилида ерусти электр транспорти ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди. “Ерусти электр транспорти ўрнига дубликат йўналишларга автобуслар чиқарилмоқда”, — дейилади хабарда.

Украина пойтахти мэри Виталий Кличко маълумотига кўра, 13 январ куни туш пайтига келиб Киевда тахминан 500 та кўп қаватли уй иситишсиз қолган.

“Бугунги ўқ ёғдиришдан кейин пойтахтда электр энергияси танқислиги янада ортди. Ҳатто муҳим инфратузилмани таъминлаш учун ҳам. Энергетиклар ишлаяпти. Аммо вазият ниҳоятда мураккаб. Иссиқликка келсак — ҳозир тахминан 500 та кўп қаватли уй иситишсиз. Таъмирлаш бригадалари ҳам кеча-ю кундуз ишлаяпти”, — деб ёзди у Telegram’да.

Энг оғир вазият — марказий Печерск туманида. У ерда ҳанузгача 197 та кўп қаватли уй иситишсиз, деб хабар қилди Украина ҳудудлар ва жамоатларни ривожлантириш вазири ўринбосари Константин Ковалчук.

9 январ куни оммавий ҳужумдан кейин пойтахтда кўп қаватли уйларнинг ярми — олти мингта уй иситишсиз қолган эди, аммо тармоқ таъмирлангач, иссиқлик таъминоти босқичма-босқич истеъмолчиларга қайтарилмоқда.

“Аслида, бу қишда таъмирлаш бригадаларимиз, энергетика жамоаларимиз, коммунал хизматларимиз Украинадаги кўплаб шаҳарларда кеча-ю кундуз ишлаяпти. Об-ҳаво эса қўшимча чақириқлар — фавқулодда чақириқларни қўшяпти. Муҳими, шунча одамимиз профессионал ишлаяпти, таъминотни тиклаяпти, ҳаётни таъминлашга ҳаракат қиляпти”, — деди Украина президенти Володимир Зеленский 13 январ куни кечқурун ватандошларига мурожаатида.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълум қилишича, 13 январ кечаси Россия Украинага 18 та “Искандер-М” баллистик ракетаси, С-300 зенит бошқарувли ракеталари билан ҳужум қилган. Улар Россиянинг Курск, Брянск ва Воронеж вилоятларидан, шунингдек, қўшиб олинган Қрим ҳудудидан учирилган.

Бундан ташқари, Россия Украинага қарши ҳужумларда Курск ва Белгород вилоятларидан учирилган 7 та “Искандер-К” ракетасини, шунингдек 293 та учувчисиз учиш аппаратини қўллаган. Уларнинг ичида тахминан 200 та Shahed туридаги дронлар, шунингдек “Гербера” туридаги ва бошқа дронлар ҳам бор. Улар қуйидаги йўналишлардан учирилган: Россиядаги Курск, Орёл, Шаталово, Миллерово, Приморско-Ахтарск ҳамда қўшиб олинган Қримдаги Кача ҳарбий аэродроми.

Украина ҳаво мудофааси кучлари мамлакатнинг шимоли, жануби, шарқи ва марказида 2 та “Искандер-М” баллистик ракетасини, 5 та “Искандер-К” қанотли ракетасини ҳамда 240 та Россия дронларини уриб тушириш ёки фаолиятини сусайтиришга муваффақ бўлган. “24 та локацияда баллистик/зенит ракеталари ва 48 та ҳужумкор дроннинг зарба бергани қайд этилди”, — дейилади ҳисоботда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид