Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқда кескинлик: АҚШ базалардаги шахсий таркибни қисқартирмоқда
ОАВ маълумотларига кўра, Яқин Шарқда кескинлик кучайиши фонида АҚШ минтақадаги асосий ҳарбий базалардаги шахсий таркибни қисқартирмоқда. Хусусан, Эроннинг эҳтимолий зарба таҳдидлари сабаб Қатардаги Ал-Удейд авиабазасидан айрим ҳарбийлар ва ходимлар вақтинча олиб чиқилмоқда.
Фото: Master Sgt. Joshua Strang/US Air Force/AP
ОАВ хабарларига кўра, Яқин Шарқда вазият кескинлашган бир пайтда АҚШ минтақадаги муҳим ҳарбий базалардаги шахсий таркибни қисқартирмоқда. Reuters ва AFP, шунингдек CNN манбаларга таяниб хабар беришича, Қатардаги Ал-Удейд авиабазасидан — АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг муҳим ҳарбий базасидан айрим ҳарбий хизматчилар ва ходимларга 14 январ, чоршанба куни кечқурунгача вақтинча чиқиб кетиш буйруғи берилган.
Reuters’га суҳбатдошлардан бири “гап эълон қилинган эвакуация ҳақида эмас, балки режим (фаолият тартиби) ўзгариши ҳақида кетяпти”, деб қайд этган. Қатарнинг Давлат ахборот бюроси ОАВ хабарларини тасдиқлади. У X платформасида берган баёнотда чоралар Эронда аҳоли оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ равишда пайдо бўлган “минтақадаги кескинлик”ка жавобан кўрилаётганини билдирган.
Қатардаги Ал-Удейд авиабазасида доимий равишда тахминан 10 000 нафар ҳарбий хизматчи ва фуқаролик ходимлари жойлашган. База, шунингдек, минтақадаги АҚШ қуролли кучлари учун қўмондонлик маркази вазифасини ҳам бажаради. Dpa агентлиги қайд этишича, ҳозирги пайтда Яқин Шарқда тахминан 40 000 нафар америкалик ҳарбий жойлашган бўлиб, уларнинг кўпчилиги ҳарбий кемаларда хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, АҚШнинг доимий базалари Баҳрайн, Кувайт, Саудия Арабистони, шунингдек Ироқ, Сурия ва Иорданияда ҳам бор.
Эронда ҳукуматга қарши норозиликлар 2025 йил 28 декабрдан бери давом этмоқда. Дастлаб аҳоли миллий валюта қадрсизланиши фонидаги молиявий инқирозга қарши чиққан, аммо тез орада намойишчиларнинг иқтисодий талаблари сиёсий талабларга айланган.
Норозиликлар мамлакатнинг 25 вилоятидаги 60 дан ортиқ шаҳарни қамраб олган. Энг йирик акциялар Теҳронда, шунингдек, ғарб ва жануби-ғарбий ҳудудлардаги Малекшоҳи, Керманшоҳ, Лордеган шаҳарларида бўлиб ўтмоқда. Ҳукумат намойишларни бостиришга киришган, бироқ воқеалар бўйича ишончли маълумотлар йўқ — бир неча кундан бери мамлакатда интернет ишламаяпти. Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти маълумотларига кўра, намойишлар вақтида камида 3428 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Эронда норозиликлар қаттиққўллик билан бостирилаётгани фонида АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳронга нисбатан бир нечта “жуда қаттиқ” ҳаракат вариантларини кўриб чиқаётганини айтган. The New York Times маълумотига кўра, ҳарбийлар Трампга Эронга зарба бериш бўйича бир неча сценарийларни тақдим этган. Кейинроқ Трамп Эрондаги намойишчиларни мамлакатдаги давлат муассасаларини эгаллашга чақирган. АҚШ, шунингдек, ўз фуқароларини Эронни тарк этишга даъват қилган. Теҳрон эса минтақадаги Америка ҳарбий объектларига жавоб зарбалари бериш билан таҳдид қилган.