Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия шарқида Рим империясининг ҳарбий лагери топилди
Рим империяси ҳарбий саркардалари ўз юришлари давомида Германия шарқидаги ҳозирги Саксония-Анхалт федерал ери ҳудудигача етиб келган. Археологлар илк бор Элба дарёсининг ўрта оқимида римликларнинг ҳарбий лагерлари мавжуд бўлганини тасдиқлай олди, деб хабар қилди пайшанба куни, 15 январда ёдгорликлар ва археологияни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий идора.
Фото: DPA
Тадқиқотчилар қайд этишича, Акен, Трабиц (ҳозир Калбе шаҳрининг замонавий тумани) ва Дерсхайм (ҳозир Остервик шаҳрининг бир қисми) атрофидаги лагерлар — Германия ҳудудида аҳоли яшайдиган пунктлардан ташқарида жойлашган рим ҳарбий қўним жойларининг энг шимолий-шарқий нуқталари ҳисобланади. Саксония-Анхалт ҳокимияти бу топилмани “археологик сенсация” деб атади. Топилмага кўп жиҳатдан ихтиёрий ёрдамчилар — археология ёдгорликлари ишқибозлари ва масофадан зондлашнинг замонавий технологиялари ҳисса қўшгани айтилди.
Икки нафар ҳаваскор археолог 2020–2024 йилларда бир-биридан мустақил равишда сунъий йўлдош тасвирлари ва рақамли фотосуратларни ўрганиб, тўртта эҳтимолий римликлар лагерини аниқлаган. Кенг кўламли геофизик тадқиқотлар ва қазиш ишлари олинган маълумотларни тасдиқлашга, ҳатто уларни кенгайтиришга ҳам ёрдам берган. Ишлар давомида 1500 дан ортиқ буюм топилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги темирдан ясалган. Топилган фибула (кийим илгич) бўлаклари ва тангалар топилмаларни саналашга (даврлаштиришга) ёрдам берган.
Топилган буюмлар ва радиоуглерод таҳлили Акен, Трабиц ва Дерсхайм атрофидаги лагерлар милодий III аср бошларида пайдо бўлганини тахмин қилиш имконини беради. Масалан, Трабицда Рим императори Каракалланинг денарий тангаси топилган. Бу эса лагер Каракалланинг ушбу ўлкаларга 213 йилдаги юриши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Биринчи Рим императори Октавиан Август тахминан милоддан аввалги 13 йиллар атрофида Рейн шарқидаги немис ҳудудларини Рим империяси таркибига қўшишга уринган. Элбагача бўлган ҳудудни Рим провинциясига айлантириш уринишлари 30 йилдан ортиқ давом этган, аммо муваффақият қозонмаган. Милодий 9 йилда Тевтобург ўрмонидаги жангда армияси мағлуб бўлганидан кейин римликлар Рейннинг шарқидаги ҳудудлардан чекинган.
Кейинги даврда римликлар билан немис қабилалари ўртасидаги муносабатлар, асосан, немисларнинг Рим империясига бостириб киришидан ҳимояланиш ва турли шартномавий келишувлар билан тавсифланган. Бироқ милодий III асрда немис ҳудудларида янги йирик қабилалар пайдо бўлган ва 233 йилга келиб улар Рим империяси учун жиддий таҳдидга айланган. Римликлар ҳимоя мақсадида бир неча ҳарбий кампаниялар ўтказган — хусусан, император Каракалланинг 213 йилдаги юриши ва Максимин I Фракияликнинг 235–236 йиллардаги юришлари шулар жумласидан.
Ёзма манбалар Рим қўшинларининг Германия ички ҳудудларига қилган ҳарбий юришлари ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Шу пайтга қадар Саксония-Анхалтда Рим қўшинларининг Элбагача ҳаракатланганини тасдиқлайдиган “қурилиш” далиллари, жумладан, ана шундай лагер излари мавжуд эмас эди.
Мавзуга оид
13:13
Германия НАТОнинг кенг кўламли машқларини қабул қилмоқда
11:45
“Шимолий оқимлар”: Германияда украин фуқароси ҳибсда қолдирилди
13:37 / 14.01.2026
Германия, Франция, Италия ва Британия Эрон элчиларини ТИВга чақирди
12:13 / 14.01.2026