Ўзбекистон | 22:45 / 16.01.2026
10507
2 дақиқада ўқилади

Мактаб директорини ишдан ноқонуний бўшатган Фарғона вилояти ММТБ бошлиғига чора кўрилди

Бувайда туманидаги мактаб директорини меҳнат қонунчилигига зид равишда лавозимидан олган Фарғона вилояти ММТБ бошлиғи маъмурий жавобгарликка тортилди, дея маълум қилди Меҳнат инспекцияси. Аввалроқ топшириқни вазирлик бергани ойдинлашган эди.

Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги мактаб директорини меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда лавозимидан озод қилгани учун вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси (ММТБ) бошлиғи маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.

Хабарда ММТБ бошлиғи исми-шарифи келтирилмаган ва унга айнан қандай чора кўрилганига аниқлик киритилмаган.

Қайд қилинишича, вилоят бошқармаси раҳбари томонидан мактаб директорини ишдан бўшатиш, шунингдек янги директор тайинлаш жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган. Шу асосда мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо белгиланган.

Бувайда туманидаги 37-мактаб директори Ҳасанбой Нишонов ўқитувчиларни дам олиш кунларида навбатчиликка жалб этгани ҳақидаги хабарлар ортидан танилди. Шундан сўнг, Фарғона вилояти ММТБ мактаб директори педагогик жамоага лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклагани учун ишдан бўшатилганини маълум қилди. Бироқ, кейинчалик навбатчиликка асос бўлган топшириқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан берилгани маълум бўлди.

Шундан сўнг, Давлат меҳнат инспекцияси ҳолатни ўрганиб, мактаб директори меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган ҳолда лавозимидан озод этилганини аниқлади ва уни лавозимига қайта тиклади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид