Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Сайиджон Хизиров жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Собиқ “замҳоким”га жазо
Суд ҳукмига кўра, Сайиджон Хизиров тумандаги Найман зовурининг 800 метр қисмини ёпиқ зовурга айлантириш мақсадида ташаббускор МЧЖга техник хулоса бериш учун 2025 йил 17 сентябрда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси бошлиғига тавсия хати киритган.
Мелиоратив экспедицияси зовур ёнбағридаги дарахтларни кесиш ёки бошқа жойга кўчиришга маҳаллий экология бошқармасидан рухсатнома ва техник шарт олишни тавсия этган. Аммо МЧЖ тегишли рухсатнома олмасдан зовур атрофидаги дарахтларни кеса бошлаган. Ҳудуд аҳолиси бунга қаршилик қилган.
Сайиджон Хизиров аҳоли дарахтлар кесилишига қаршилик қилаётганидан хабар топиб, воқеа жойига борган. У МЧЖ ишчисининг қўлидаги моторли аррани олиб қўймоқчи бўлаётган экология инспектори Аҳроржон Ниёзовнинг ёқасидан тортиб, хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган. Оқибатда экология инспекторига енгил жароҳат етказган.
Жиноят иши доирасида МЧЖ раҳбари ҳам судланган. Ҳоким ўринбосари ва МЧЖ раҳбари зовур четидаги 104 туп толни кестириб юбориб, ўсимлик дунёсига 171 млн сўм зарар етказганликда айбланган.
ЖИБ Ёзёвон туман судининг 2026 йил 5 майдаги ҳукми билан Сайиджон Хизиров Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 150 баравари миқдорида (61 млн 800 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
МЧЖ раҳбари эса Жиноят кодекининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, БҲМнинг 100 баравари миқдорида (41 млн 200 минг сўм) жаримага тортилган.
Жабрланувчи апелляция шикояти киритиб, судланувчиларга оғирроқ жазо тайинлашни сўраган. Бироқ апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Иш тафсилоти
Бувайда туманида экология инспектори Аҳроржон Ниёзов аҳоли мурожаатига асосан манзилга бориб, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаган. Сўнгра дарахтларни кесаётган шахсни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган.

















