Жаҳон | 15:44
386
2 дақиқада ўқилади

ЕИ чегараларини ноқонуний кесиб ўтишлар сони 26 фоизга камайди

2025 йилда Европа Иттифоқи чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари сони 26 фоизга камайиб, 178 000 тага тушди. Бу 2021 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда пайшанба куни, 15 январда Варшавада жойлашган Европа Иттифоқининг чегара назорати агентлиги Frontex тақдим этган маълумотларда айтилган.

Фото: DPA

Энг катта қисқариш Ғарбий Африка йўналишида кузатилди (–63 фоиз). Шунингдек, Ғарбий Болқон маршрутида (–42 фоиз) ва Европа Иттифоқининг Беларус билан қуруқлик чегарасида (–37 фоиз) ҳам камайиш қайд этилган.

“Тенденция тўғри йўналишда кетяпти, аммо хатарлар йўқолиб кетмайди”, — деди Frontex ижроия директори Ханс Лейтенс. Унинг сўзларига кўра, агентликнинг ЕИдан ташқари мамлакатлардаги ҳукуматлар ва ҳамкорлар билан яқин ҳамкорлиги оқимнинг пасайишига олиб келган.

Еврокомиссарнинг ички ишлар ва миграция бўйича вакили Магнус Бруннер эса “ташқи чегараларни мустаҳкамлаш ва самарали халқаро ҳамкорлик”ни таъкидлади. У қўшимча қилиб, ЕИ дипломатияси натижа бераётганини айтди. Dpa агентлиги унинг сўзларини келтирар экан: “Бу рақамлар — камроқ одамлар ноқонуний олиб кириш қурбони бўляпти, камроқ одамлар зўравонликка учраяпти ва камроқ ҳаёт хавф остида қоляпти”, — деганини ёзади.

Энг фаол йўналиш Марказий Ўрта Ер денгизи бўлиб қолган (барча киришларнинг 37 фоизи). Чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганларнинг катта қисми Бангладеш, Миср ёки Афғонистон фуқаролари ҳисобланади. Кўпчилик, хусусан Судан ва Жанубий Судандан чиққанлар, Ливиядан Италияга ўтишга уринган.

2025 йилда Frontex ЕИга кириш учун Ўрта Ер денгизини кесиб ўтиш бўйича 66 328 та уринишни қайд этган — бу бир йил аввалгига нисбатан бор-йўғи 1 фоизга кам.

Июл ойида Welt am Sonntag газетаси онлайн версиясида, ЕИнинг бошпана масалалари бўйича агентлиги EUAA'нинг аввал эълон қилинмаган маълумотларига таяниб, Германияда бошпана сўровлари сони кескин камайганини ёзган. 2025 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган даврда 65 495 та ариза топширилган — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баравар, яъни 43 фоизга кам.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид