Жаҳон | 15:51
1496
2 дақиқада ўқилади

Ҳамбургда собиқ канцлер Шмидтнинг қабрига свастика чизиб кетилди

Германиянинг собиқ федерал канцлери Ҳелмут Шмидт ва унинг рафиқаcи Локининг қабри Ҳамбургда таҳқирланди, деб хабар беради dpa ахборот агентлиги. Қабр тоши устидаги свастика тасвирлари 18 январ, якшанба куни кечқурун Олсдорф қабристонида аниқланган.

Фото: REUTERS

Немис таблоиди Bild ёзишича, вандализм изларини биринчи бўлиб фотосуратчи пайқаган: у якшанба куни Олсдорф қабристонида машҳур шахсларнинг қабрларини суратга олаётган бўлган. Ҳелмут Шмидт ва унинг рафиқаcининг исм-шарифлари ҳамда ҳаёт йиллари ёзилган қабр тошига пушти рангда тўртта нацист рамзи чизиб қўйилган. Эркак дарҳол полицияга қўнғироқ қилган.

Ҳозирга келиб, канцлер қабридан свастикалар олиб ташланган. Полиция бу тасодифий вандализм эмас, балки сиёсий сабаблар билан боғлиқ жиноят бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Тергов билан давлат хавфсизлиги ходимлари шуғулланяпти.

Бу илк бора эмас. Икки йил аввал, 2023 йил декабр ойида — Рождестводан бир кун олдин худди шу қабр тоши пушти бўёқ билан чизилган свастикалар билан таҳқирланган эди.

Социал-демократ Ҳелмут Шмидт ГФРнинг бешинчи канцлери бўлиб, 1974 йилдан 1982 йилгача ушбу лавозимни эгаллаган. Унинг даврига 1970-йиллардаги жаҳон иқтисодий пасайиши ва нефт инқирозлари, шунингдек, «Қизил армия фракцияси» (RAF) террорчилик ташкилоти фаолияти билан боғлиқ сўл радикал экстремизм таҳдидлари тўғри келган. Шмидт ГДР билан муносабатларни яхшилаш сиёсатини қўллаб-қувватлаган ва Эрих Хонеккер билан музокаралар олиб борган.

1982 йил 1 октябр куни унинг канцлерлик фаолияти конструктив ишончсизлик вотуми натижасида якунланган. Унинг ўрнини федерал канцлер сифатида Ҳелмут Кол эгаллаган. Истеъфодан кейин Шмидт Die Zeit газетасининг ҳаммуаллифи-нашрчиси бўлган ва китоблар ёзган.

Ҳелмут Шмидт 2015 йил ноябр ойида вафот этган. Унинг турмуш ўртоғи Локи Шмидт эса 2010 йилда оламдан ўтган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид