Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Метан заправкалар»га навбатдаги чеклов ва Чорвоқдаги туризм лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
«Метан заправкалар» фаолиятига яна вақтинча чеклов киритилди
Ҳаво ҳарорати пасайиши ва табиий газга талаб ошиши ортидан айрим ҳудудларда газ қувурларида босим пасаймоқда. Шу муносабат билан аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда таъминлаш мақсадида «метан заправкалар» ишига вақтинча чеклов жорий этилди.
Мазкур чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилгани, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилиниши таъкидланмоқда.
Аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади.
«Sea Breeze Uzbekistan» туристик мажмуаси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади
23 январ куни Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида «Sea Breeze Uzbekistan» туристик мажмуаси қурилиши лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади.
Жамоатчилик эшитуви лойиҳаси доирасида ҳудудни режалаштириш ва қурилиш ечимлари, атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир, чиқиндиларни бошқариш, яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик чоралари ва мониторинг масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Чорвоқ атрофидаги 577 гектар ер майдони озарбoйжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси учун ажратиб берилган. Лойиҳа Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, замонавий туристик инфратузилмани барпо этишни назарда тутади.
Ички ишлар тизимида миграция хизматлари рақамлаштирилади, «Ақлли» шохобчалар жорий этилади
Президент қарорига мувофиқ, миграция ва персоналлаштириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари босқичма-босқич аҳоли учун қулай ва шаффоф хизмат кўрсатувчи сервис тузилмаларига айлантирилади, соҳада давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда шахсга доир маълумотларнинг ишончлилиги таъминланади.
Қарорга асосан, 2026 йил 1 майдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар)да сунъий интеллект асосида ишловчи, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «Ақлли» миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади. Уларда бир қатор давлат хизматлари автоматлаштирилган тарзда кўрсатилади, кейинчалик хизмат турлари кенгайтириб борилади.
Тошкентда FIFA Series 2026 футбол турнири ўтказилади
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) дунё бўйлаб ўтказиладиган FIFA Series 2026 турнирлари таркибини эълон қилди.
Март ойида ўтказиладиган турнирлардан бирига Тошкент мезбонлик қилади. Унда Ўзбекистон миллий жамоаси билан бирга Габон, Тринидад ва Тобаго, шунингдек, Венесуэла ҳам иштирок этади. Ўйинлар яримфинал ва финал схемаси бўйича ўтказилади, тақвим кейинроқ эълон қилинади.
Қайд қилинишича, FIFA Series 2026 турнирларида қирқ саккизта миллий жамоа, яъни жаҳон футбол ҳамжамиятининг деярли тўртдан бир қисми иштирок этади. Барча ўйинлар бутун дунё бўйлаб трансляция қилинади.
Мавзуга оид
21:14 / 19.01.2026
Лоукостер чипталари нархининг ошиши ва дорихоналарда спирт ўрнига лосьон – маҳаллий дайжест
23:16 / 16.01.2026
Кўп китоб ўқиган ходимга мукофот ва поезд чиптаси нархининг ошиши – маҳаллий дайжест
21:55 / 15.01.2026
Ўзбекистон учун 4 таҳдид ва дронларнинг жанговар шай операторлари – маҳаллий дайжест
22:03 / 14.01.2026