Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сизнинг ЖЧ-2026 учун чиптангиз: Ўзбекистон фуқаролари АҚШ турист визасини қандай олишлари мумкин?
Сунъий интеллект чизган сурат
ЖЧ-2026 АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади ҳамда ўзбекистонлик мухлислар учун бу ҳақиқий орзудек эшитилади: катта футбол, янги шаҳарлар ва жаҳон даражасидаги стадионлар. Аммо стадионга олиб борадиган йўлда олдиндан расмийлаштириш керак бўлган ҳужжат - АҚШ визаси туради. Аслида, барчасини мустақил расмийлаштириш мумкин. Қуйида АҚШга сафар — 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига бориш учун ҳам, оддий турист сифатида ҳам қандай виза кераклиги — визанинг нархи, суҳбат қаерда ўтказилиши, визага аризани қандай топшириш ва қайси сабабларга кўра кўп рад жавоби берилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.
ЖЧ-2026га бориш учун қандай виза керак
Агар АҚШга мухлис сифатида бораётган бўлсангиз — B-2 туридаги туристик ноиммиграцион виза керак бўлади. У қуйидагиларга мос:
- баҳслар ва бошқа спорт тадбирларига кириш
- мамлакат бўйлаб саёҳат
- туризм
Бу мақсад учун бошқа турдаги виза талаб қилинмайди.
АҚШга виза қанча туради
Туристик виза нархи — 185 АҚШ доллари.
Бу DS-160 анкетаcини кўриб чиқиш ва элчихонадаги суҳбатни ўз ичига олган консуллик йиғимидир. У виза олиш учун ариза топширишда мажбурий бўлган ягона тўлов ҳисобланади.
Ўзбекистон фуқаролари визага аризани қаерда топширади
Ўзбекистон фуқаролари виза олиш учун Тошкентдаги АҚШ элчихонасида суҳбатдан ўтадилар.
2025 йилдан бошлаб ҳужжат топшириш ва виза бўйича суҳбатдан ўтиш фақат АҚШ элчихонаси мавжуд бўлган фуқаролик мамлакатида амалга оширилади. Бу ҳолатда бутун жараён — қабулга ёзилишдан тортиб суҳбатгача — тегишли элчихонада, Ўзбекистон фуқаролари учун эса АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўтади.
Визага ариза топшириш жараёни
Ариза топшириш жараёни бир нечта босқичдан иборат: онлайн анкета тўлдириш, консуллик йиғимини тўлаш, суҳбатга ёзилиш ва элчихонада шахсий интервьюдан ўтиш. Қуйида ҳар бир қадам бўйича батафсил йўриқнома келтирилган.
1-қадам - DS-160 анкетасини тўлдириш
Бу ноиммиграцион виза (шунингдек, B-2 туристик виза) олиш учун расмий электрон ариза бўлиб, уни барча даъвогарлар тўлдиришлари шарт.
1. Ҳавола орқали ўтинг. Бу визага ариза бериш учун АҚШ Давлат департаментининг расмий сайти. Бу ерда АҚШга ноиммиграцион виза олиш учун DS-160 шакли очилади.
2. Йўриқнома учун тилни танланг, лекин жавобларни инглизча беринг.
3. Суҳбат мамлакатини танланг - Ўзбекистон.
4. Фотони юкланг, фотография тўғри келмаса, тизим хато ҳақида хабар қилади ва фотони тўғрилашни таклиф қилади.
5. Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни киритинг: паспорт, алоқа, таълим, иш, сафар, мақсад(масалан: Tourism / FIFA World Cup 2026).
6. Охирги 5 йилдаги ижтимоий тармоқларингизни кўрсатинг (логин/никнеймы).
7. Жавобларни текширинг ва шаклни жўнатинг.
Нимани сақлаш муҳим
DS-160 (Confirmation Page) тасдиқлаш саҳифаси — унда штрих код ва анкетангиз рақами бўлади. Уни кейинчалик суҳбатга ёзилганда кўрсатасиз.
2-қадам – Консуллик йиғимини тўлаш
DS-160 тўлдирилганидан кейин виза йиғимини тўлаш керак — 185 USD бу мажбурий тўлов
Виза учун консуллик йиғими қаерда ва қандай тўланади
Йиғимни фақат расмий қайд этиш тизимида тўлаш мумкин — бу суҳбат учун янги тизим бўлиб, бу ерда:
1. Шахсий кабинет яратасиз
Бунинг учун «Аккаунт яратиш» тугмасини босасиз ва очилган ойнада мос опцияни танлайсиз. «Мен DS-160 шаклини тўлдирдим ва визага ариза бермоқчиман» ёзувини танлайсиз. Сўнгра зарур шахсий маълумотларни киритиш орқали барча майдонларни тўлдирасиз.
2. Аккаунтни фаоллаштиринг
Шаклни тўлдирганингиздан сўнг кўрсатган электрон почта манзилингизга фаоллаштириш ҳаволаси юборилади. Ҳавола орқали ўтинг — шундан сўнг шахсий кабинетингиз муваффақиятли яратилади.
3. Шахсий маълумотларни тўлдиринг
Шахсий кабинетга киринг ва DS-160 анкета рақамини ҳам киритган ҳолда шахсий маълумотларингизни тўлдиринг. Сўнг ўзингизга керак бўлган виза турини тасдиқлашингиз лозим. Бу босқичда қўшимча ариза берувчи (applicant) — оила аъзоси ёки гуруҳ иштирокчисини ҳам қўшиш имкони пайдо бўлади. Оила ёки гуруҳ учун визага ариза топшириш ва суҳбатга ёзилиш мақсадида ягона умумий профил яратиш мумкин.
4. Паспортни олиш мумкин бўлган локацияни танланг
Виза маъқулланган тақдирда паспортни олиш пункти ва уни оладиган ариза берувчининг исмини кўрсатинг. Агар паспортни шахсан олишни режалаштираётган бўлсангиз, бу майдонни бўш қолдиришингиз мумкин.
5. Виза йиғимини тўланг
Барча маълумотларни тўлдиргандан сўнг тўлов тизимига ўтинг ва виза йиғимини тўланг.
Қандай тўланади
- Сайтда Master/Visa card орқали АҚШ долларида тўлаш;
- Tenge Bank филиалида нақд тўлаш. Тўлов 2 иш кунини олиши мумкин.
Тўлов муваффақиятли амалга оширилганидан сўнг тўлов ҳолати шу заҳоти янгиланади ва квитанция (receipt) шахсий профилингизда сақланади. Уни қоғозга чиқариб олиб, суҳбатга олиб боришингиз керак.
Маслаҳат: тўлов бўлмаса тизим сизга суҳбат санасини танлаш имконини бермайди.
3-қадам – Суҳбатга ёзилиш
1.Тўловдан сўнг «Schedule Appointment» бўлимига ўтинг
2. Шаҳарни танланг (Tashkent).
3. Ўзингизга қулай санани танланг.
4. Шундан сўнг суҳбат тасдиқлангани тўғрисида хабарнома оласиз. Агар бўш саналар йўқ бўлса, хавотирланманг. Саналар кейинроқ пайдо бўлади. Schedule Appointment бўлимини мунтазам равишда текшириб туринг — виза йиғимини қайтадан тўлаш шарт эмас, у бир марта тўланади ва тизимда сақланиб қолади.
Муҳим: Суҳбатга олиб боришингиз керак бўлган ёзув ҳақидаги тасдиқномани албатта сақлаб қўйинг ва қоғозга чиқариб олинг. Унда исм-фамилиянгиз, паспорт рақамингиз, DS-160 анкетаси рақами ва етказиб бериш тўғрисидаги маълумотлар бўлади.
4-қадам – Суҳбатга тайёргарлик
Ёнингизда нималар бўлиши керак
- Хорижга чиқиш паспорти;
- Confirmation Page DS-160;
- Суҳбатга ёзилганлик тўғрисидаги тасдиқнома;
- Йиғим тўлангани ҳақидаги квитанция;
- Фотография (агар тизим рақамли фотони қабул қилмаса);
Қўшимча
- Даромади тўғрисидаги маълумотнома
- Иш/ўқиш жойидан маълумотнома
- Мулк ёки бошқа активлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжат
- Никоҳ гувоҳномаси
- Фарзандларнинг туғилганлик гувоҳномаси
- Яшаш жойига эгалик ёки ижара ҳужжатлари
- Чипталар, меҳмонхона брони
- Сафар режаси
Маслаҳат: Ҳужжатлар зарурат туғилганда ёки консул сўраганда кўрсатилади, аммо қарор сизнинг суҳбатдаги жавобларингиз ва анкета маълумотларингиз асосида қабул қилинади.
Суҳбатга қандай тайёргарлик кўриш керак
Суҳбат шакли
Суҳбат 3–5 дақиқа давом этади. Ушбу қисқа суҳбат давомида офицер сафар мақсади, ташриф муддати ва Ўзбекистондаги бандлигингиз ҳақидаги маълумотларни аниқлаштиради.
Суҳбатдаги саволлар
Одатда, саволлар оддий ҳамда сафар, сафар муддати режаси, иш ва ўқиш жойингиз ҳақида бўлади.
Суҳбатда тез-тез бериладиган саволлар:
1. Сафардан мақсадингиз?
2. Мамлакатда қанча вақт бўлмоқчисиз?
3. Қаерда ишлайсиз ёки ўқийсиз?
4. Сафарингизни ким тўлаяпти?
5. Илгари АҚШ ёки бошқа мамлакатда бўлганмисиз?
Ўзингизни қандай тутишингиз керак
Саволларга хотиржам жавоб қайтаринг.
Нима муҳим
Муҳими, чиройли гапириш эмас, сўзларингиздаги мантиқ ва ишонч.
Виза бўйича қарорни кутиш
Одатда, суҳбатдан сўнг қарор тезда чиқади — кўпинча шу куниёқ. Натижани консуллик офицери сўзларидан ёки паспорт элчихонада қолишидан билиш мумкин.
Виза маъқулланиши
Паспорт виза ёпиштириш учун олиб қолинади ва бир неча иш кунидан сўнг етказиб бериш хизмати орқали қайтарилади. Сафардан олдин визадаги барча маълумотлар тўғрилигини текшириш зарур.
Маъмурий текширув
Бу рад этиш эмас, балки ҳужжатлар ва маълумотларни қўшимча текшириш. У бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этиши мумкин.
Виза беришни рад этиш
Паспорт суҳбатдан кейиноқ рад этиш сабаби маълум қилинган ҳолда қайтарилади. Бу бир умрлик рад этиш эмас ва вазият ўзгарганида қайтадан ариза бериш мумкин.
АҚШ визасини олиш осонми?
Аризани кўриб чиқишда консул биринчи навбатда ариза берувчининг сафардан сўнг ватанга қайтиши учун етарли асослари бор-йўқлигини баҳолайди. Кўпинча рад жавоби берилишининг асосий сабаби айнан асосларнинг ишончли бўлмаслигидир.
Қуйида энг кўп учрайдиган рад этиш сабабларини кўриб чиқамиз:
Суҳбат вақтида жавобларнинг изчил ва ишончли бўлмаслиги
Сафар мақсадини турлича изоҳлаш, ишончсизлик, DS-160 анкета маълумотлари билан оғзаки жавоблар орасида тафовут бўлиши.
Мисол: DS-160 анкетасида Tourism / FIFA World Cup 2026 деб кўрсатилган.
Ариза берувчи суҳбат вақтида «шунчаки Американи кўриш учун» боряпман дейди, аммо ўйинлар ҳақида ишончсиз гапиради: қайси шаҳарларда ўтказилишини, сафар қачонга режалаштирилганлигини билмайди. Бу айтилган мақсад билан ҳақиқий режаларнинг уйғун эмаслиги деб кўрилади.
Сафардан мақсаднинг ноаниқлиги
Ариза берувчи нега, қанча муддатга кетаётгани ва АҚШда нима қилмоқчилигини аниқ тушунтириб беролмайди.
Консул сўрайди: «АҚШга нега кетяпсиз?» — аризачи жавоб қайтаради: «Шунчаки кўргани».
«Неча кунга?» — «Ҳозирча билмайман».
«Айнан нима қилмоқчисиз?» — «Ўша ерда ўйлаб кўраман».
Бундай жавоблар сафарнинг аниқ режаси йўқлигини кўрсатади ва кўпинча рад этишга олиб келади.
Иммиграцион хатарлар
Ёшнинг кичиклиги, хорижга сафарларнинг йўқлиги, АҚШда қариндошлар борлиги ёки илгари виза режимини бузганлик консулнинг шубҳаларини кучайтириши мумкин.
Ватан билан алоқаларнинг заифлиги
Доимий иш, ўқиш жойи йўқлиги, сафардан қайтишингизни тасдиқлайдиган оила ёки бошқа омилларнинг мавжуд эмаслиги.
АҚШ визасини расмийлаштириш — унчалик ҳам осон бўлмаган, лекин тушунарли жараён. Агар анкета шошилмасдан, тўлиқ ва диққат билан тўлдирилса ҳамда суҳбатда саволларга аниқ жавоб берилса, барча босқичлардан мустақил ўтиш мумкин, Консул нима учун сафар қилаётганингиз ва сафардан сўнг уйингизга қайтишни режалаштирганингизни англаши лозим.
Агар визага рад жавоби берилса — бу ёқимсиз ҳолат, лекин ҳаммаси тугади дегани эмас. Бу келгусидаги сафарларга чек қўймайди: вазият ўзгарса ва яхши тайёргарлик кўрилса, яна ариза топшириб, визани олиш мумкин бўлади.
Мавзуга оид
11:33
Трамп Макронга 200 фоизлик бож киритиш билан таҳдид қилди
21:52 / 19.01.2026
Ўзбекистон АҚШда учта янги консуллик очади — элчи
21:49 / 19.01.2026
Эрон президенти Олий раҳбарга суиқасд уруш эълон қилишга баробарлигини айтди
18:46 / 19.01.2026