Иқтисодиёт | 17:31
890
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 1 квадриллион 849 триллион 650 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилда саноат 6,8 фоизга, қурилиш 14 фоизга, хизмат кўрсатиш 8,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4,4 фоизга ўсди. Доллардаги ЯИМ 147 млрддан ошган.

Фото: Kun.uz

2025 йилнинг январ-декабр ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 849 триллион 650 млрд сўмни ташкил этди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга ўсди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

Ўтган йилда саноат 6,8 фоизга, қурилиш 14 фоизга, хизмат кўрсатиш 8,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4,4 фоизга ўсди.

Мамлакатдаги инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил этди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 5,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 5,1 фоизга, хизматлар эса 13,9 фоизга қимматлашди.

2025 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестициялар ҳажми 591 трлн 141 млрд сўм бўлди. Бунда 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 10,5 фоиз ўсиш қайд этилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилда Ўзбекистон ЯИМ 147 млрд доллардан ошган.

«2025 йилда АҚШ долларининг ўртача тортилган курси 12 577,35 сўмдан иборат бўлгани ҳисобга олинса, Ўзбекистон ЯИМ 147,06 млрд долларга етган», дейди Бакиров.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, ўтган йилда доллардаги ЯИМ 21,1 фоизга ўсган ва бу янги давр учун мутлақ рекорд. Таққослаш учун 2024 йилда доллардаги ЯИМ 12,9 фоизга кўпайган. Жон бошида ЯИМ эса барча кутилма ва прогнозларни ортда қолдириб 3844 долларга етган.

«2021 йил билан таққослаганда ЯИМ 81 фоизга, жон бошига ЯИМ эса 65,3 фоизга ошган. Таққослаш учун 2017-2021 йилларда ЯИМ 12,4 фоизга, жон бошига ЯИМ эса 4,3 фоизга ошганди.

Бунда, биринчи даврда миллий валютанинг девалвация қилиниши ҳамда пандемия доллардаги ЯИМнинг ўсишига салбий таъсир қилувчи факторлар бўлган. 2021-2025 йиллардаги юқори ўсишга эса мақбул глобал шарт-шароитлар (масалан, 2021-2025 йилларда олтин нархи қарийб 2,5 баробар ошди), инвестицияларнинг юқори ўсиши ҳамда проциклик фискал сиёсатнинг давом эттирилиши ижобий таъсир қилган», дея ёзади иқтисодчи.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид