Жаҳон | 14:42 / 23.01.2026
2961
2 дақиқада ўқилади

Покистонда қолган афғонлар компенсациядан кўра кўчишни афзал кўряпти

Покистонда қолиб кетган афғонларнинг катта қисми Берлиннинг баҳсли таклифини рад этмоқда ва Германияга кўчиб ўтиш бўйича мамлакатнинг аввалги ҳукумати бошлаган дастурлар доирасида кўчиш ҳуқуқидан воз кечишни истамаяпти. Бу Германия ИИВнинг Бундестагдаги “яшиллар” депутати Шахина Гамбир сўровига берган жавобидан келиб чиқади, деб ёзади Süddeutsche Zeitung пайшанба куни, 22 январда.

Фото: Julian Stratenschulte/dpa/picture alliance

Мазкур таклиф тахминан 700 нафар афғонга юборилган. 2025 йил охирига келиб фақат 167 нафари уни қабул қилишга рози бўлган, 357 нафари эса рад этган. Қолганлар ҳали қарор қабул қилмаган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Германияга кўчириш дастурларида иштирокини тўхтатишга рози бўлган афғонларга, ҳолатга қараб, бунинг эвазига бир неча минг еврогача пул таклиф қилинган.

AFP агентлиги эслатишича, Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар ҳукуматида ишловчи амалдорлар 18 январ куни Кобулдаги Safe House муассасасида тинтув ўтказган. У ерда Германиядан кўчиб ўтишга рухсат олган 79 нафар афғон жойлаштирилган эди. Энди Германиядаги мухолиф партиялар мамлакат канцлери Фридрих Мерц ва ИИВ раҳбари Александер Добриндтдан афғонларни қабул қилиш дастурларини бекор қилиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Шахина Гамбирнинг фикрича, ушбу тинтувлар жабрланувчиларга ҳақиқий хавф таҳдиди борлигини кўрсатди ва уларни зудлик билан самолётлар орқали Кобулдан Германияга олиб чиқиш керак.

2021 йилда толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин, Германиянинг ўша пайтдаги ҳукумати Бундесвер ёки бошқа немис муассасаларида ишлаган афғонларга Германияга кўчиб ўтиш учун рухсатнома берган. Шунингдек, бошқа тоифадаги фуқароларга ҳам бундай рухсатлар берилган — хусусан, аёллар ҳуқуқи ҳимоячилари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолларга. Ҳозиргача ушбу дастурлар орқали Германияга бир неча юз нафар афғон олиб кетилган.

Бироқ Германияда ҳукумат алмашганидан кейин афғонларни қабул қилиш дастурлари кескин чекланган. Натижада, ватанини тарк этиб Покистонга ўтиб кетишга улгурган тахминан 450 нафар афғон ўша ерда қолиб кетган. 2026 йил бошида Покистон уларни ватанга қайтариб юбормаслик мажбуриятини олган келишув муддати тугаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид