Жаҳон | 21:06
3693
6 дақиқада ўқилади

Японлар пандалар билан хайрлашмоқда – ўзаро муносабатлар ёмонлашгани туфайли Хитой уларни қайтариб олмоқда

Якшанба куни минглаб кишилар сешанба куни Хитойга жўнатиб юбориладиган иккита катта панда билан хайрлашиш учун Токиодаги Уэно ҳайвонот боғига келишди.

Фото: EPA

Эгизаклар Сяо Сяо ва Лэй Лэйни охирги бор кўриб қолиш учун одамлар уч ярим соатгача навбатда туришган. Бу пандалар 2021 йил Японияда, Токио ҳайвонот боғида туғилган, аммо Хитой мулки ҳисобланади – ХХР нафақат совға қилиб берилган пандалар, балки уларнинг авлодларига ҳам эгалик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

1949 йилда Хитой Халқ Республикаси тузилганидан буён Хитой пандаларини эзгу ният белгиси сифатида бошқа мамлакатларга бериб келади (аммо ўз мулкини қайтариб беришни ҳам талаб қилиши мумкин). Бунинг эвазига қабул қилувчи давлатлар бир жуфт панда учун йилига 1 млн доллар атрофида тўлов қилиши керак бўлади.

Япония пойтахти расмийлари Хитой ҳукуматидан бу пандалар ўрнига бошқаларини юборишни сўраганига қарамай, Пекиндагилар бундай режа йўқлигини билдиришган.

Пандалар самолётда Хитойга олиб борилади, у ерда дастлаб карантинда сақланади, кейин эса Сичуан провинциясидаги ушбу ҳайвонлар популяциясини ўрганиш ва сақлаш марказида оиланинг яна бир вакили Сян Сян билан учрашишади.

Энди Япония пандаларсиз қоладими?

Японияга илк пандалар 1972 йилда, икки мамлакат муносабатлари нормаллашганида совға қилинган. Энди Япония сўнгги ярим асрдан ортиқ вақт давомида илк бор пандаларсиз қолмоқда. Ҳозир эса мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мураккаблашди, айниқса Япония бош вазири Санаэ Такаичи агар Хитой Тайванга ҳужум қиладиган бўлса, Япония қуролли кучлари вазиятга аралашишига тўғри келишини айтганидан кейин.

Пекин мустақил бошқарувга эга ушбу оролни ўз ҳудудининг бир қисми сифатида кўради ва вақти келиб оролни куч ишлатган ҳолда ўз таркибига «қўшиб олиши»ни истисно этмайди.

Шу ой бошида Хитой Японияга нодир металлар билан боғлиқ маҳсулотлар экспортига чекловларни кучайтирди, денгиз маҳсулотлари импортини эса тўхтатди.

Пекин ўз фуқароларини Японияга сафар қилиш тўғри қарор бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Япония туризм вазири Ясуси Канеконинг сўзларига кўра, ўтган ойда Японияга келган хитойлик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки бараварга – тахминан 330 минг кишигача камайган.

«Уларни эслаб қолиш учун келдик»

 

Ай Сиракава (чапда): «Мен бу ерга ўғлимни туғилганидан бери олиб келаман». Энди у ўғлини пандалар билан хайрлашгани олиб келди.

«Пандалар билан видолашув» учун 4 400 та чипта чиқарилган, Токио расмийларига кўра, 108 000 атрофидаги киши чипта сўраб мурожаат қилган.

«Мен бу ерга ўғлимни туғилганидан буён олиб келардим. Шунинг учун унда яхши хотиралар қолишига умид қиламан. Уларни ёдимизда сақлаб қолиш учун бу ерга кира олганимиздан хурсандман», – дейди BBC билан суҳбатда Ай Сиракава.

Бошқа бир аёл эса пандаларни ҳали жуда кичиклигида кўргани ва улар қандай ўсишини кузатиб борганини айтади.

«Бу ажиб бир хурсандчилик эди», – дея фикрлари билан ўртоқлашган у.

Ҳайвонот боғига ташриф буюрганларнинг айримлари йиғлаб юборган.

Сяо Сяо ва Лей Лейнинг ота-онаси, урғочи Шин Шин ва эркак Ри Ри Японияга наслчилик ва тегишли тадқиқотлар учун топширилган. CNN’нинг ёзишича, иккаласи ҳам 2024 йилда Хитойга қайтарилган, ундан олдинроқ, 2023 йилда эса эгизакларнинг синглиси Сян Сян қайтарилганди.

Ҳайвонот боғига келиш учун 108 000 киши мурожаат қилган, аммо атиги 4400 чипта чиқарилганди.

Сўнгги йилларда Хитой пандаларини кўпинча ўзи билан йирик савдо шартномалари тузган мамлакатларга тортиқ қилмоқда. 2011 йилда икки панда Эдинбург ҳайвонот боғига йўл олганди, бу Хитойга Буюк Британиядан лосос, Land Rover автомобиллари ва энергия технологияларини етказиб бериш бўйича музокаралар тузилган вақтга тўғри келганди. Одатда пандаларни сақлаш бўйича шартнома 10 йилга тузилади, кейин эса муддати узайтирилади. Бироқ Хитой шартномани узайтирмасликка қарор қилиши мумкин.

Пандалар қачондир Японияга қайтиши мумкинми? Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тобора ёмонлашиб бораётган бир шароитда бу саволга жавоб бериш қийин. Ҳозирча Уэно ҳайвонот боғи ходимлари пандалар павилёнини ҳозирги кўринишда сақлаб қолишни режалаштирмоқда ва барчаси яхши бўлишига умид қилмоқда, деб ёзади CNN.

«Ушбу иншоотлар катта пандалар учун махсус лойиҳалаштирилган, шунинг учун уларни бошқа ҳайвонларга мослаштириш осон бўлмасди», – деб тушунтирди Сяо Сяо ва Лей Лейни биринчи кунданоқ ўстиришга ёрдам берган ҳайвонот боғининг ҳайвонларни парвариш қилиш ва экспозициялар бўйича директори Ҳитоши Сузуки. У Хитой билан жониворларни чатиштириш ва турларни сақлаб қолиш бўйича тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга умид қилмоқда. Аммо ундан ҳам кўпроқ пандалар бир кун келиб ҳайвонот боғига қайтишига умид қилади.

«Улар нафақат мафтункор, балки ҳайратланарли даражада қизиқарли жониворлардир ва мен иложи борича кўпроқ одамлар уларни кўриш имкониятига эга бўлишини истардим», – дея унинг сўзларини келтиради CNN.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид