Жаҳон | 22:53 / 27.01.2026
1166
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони улкан Mukaab куби лойиҳасини музлатиб қўйди – ОАВ

Mukaab биноси New Murabba лойиҳасининг бир қисми бўлиб, Саудия Арабистони суверен жамғармаси (PIF) томонидан амалга ошириладиган гига-лойиҳа деб аталди. Бироқ, харажатларни оптималлаштириш зарурати туфайли жамғарма энг амбицияли ташаббусларни қисқартирмоқда ёки кечиктирмоқда.

Фото: Public Investment Fund

Саудия Арабистони пойтахт Ар-Риёз шаҳрининг янги ишбилармонлик ҳудуди марказий элементига айланиши керак бўлган куб шаклидаги улкан осмонўпар бино – Mukaab лойиҳасини амалга оширишни вақтинча тўхтатди.

Reuters вазиятдан хабардор бўлган тўртта манбага таяниб хабар беришича, қироллик ҳукумати бюджет чекловларининг ўсиши ва «Vision 2030» дастури доирасида устуворликларни мувозанатлаш фонида лойиҳани молиялаштириш ва умумий мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқмоқда.

Mukaab биноси New Murabba лойиҳасининг бир қисми бўлиб, Саудия Арабистони суверен жамғармаси (PIF) томонидан амалга ошириладиган гига-лойиҳа деб аталди. Бироқ, харажатларни оптималлаштириш зарурати туфайли жамғарма энг амбицияли ташаббусларни қисқартирмоқда ёки кечиктирмоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, Ар-Риёз ўта қиммат футуристик лойиҳалардан, хусусан, NEOM ва The Line’дан босқичма-босқич воз кечиб, кўпроқ долзарб ёки тезроқ фойда келтириши мумкин бўлган йўналишларга ўтмоқда. «Expo 2030» ва 2034-йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига инфратузилмани тайёрлаш, қиймати 60 миллиард доллар бўлган Diriyah маданий кластери, шунингдек, Qiddiya сайёҳлик мегалойиҳаси диққат марказида.

Курсни тўғрилаш молиявий босим билан ҳам боғлиқ: нефт нархи барча эълон қилинган ўзгаришларни молиялаштириш учун зарур бўлган даражадан анча паст бўлиб қолмоқда.

Mukaab лойиҳаси 400×400 метр ўлчамдаги металл кубни қуришни назарда тутган бўлиб, унинг ичида сунъий интеллектга асосланган дунёдаги энг катта дисплейли гумбаз бўлиши керак эди. Меҳмонлар уни баландлиги 300 метрдан ортиқ бўлган террасадан томоша қилиши мумкин эди.

Бироқ, учта манбанинг сўзларига кўра, ҳозир тупроқ ва қозиқ ўрнатишдан ташқари барча ишлар тўхтатилган. Mukaab кейинги тақдири ноаниқ бўлиб қолмоқда.

2025 йил октябр ойида PIF стратегияни ўзгартириб, логистика, сунъий интеллект ва тоғ-кон саноатига эътибор қаратаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу 2024 йил охирида гигалойиҳаларга киритилган қарийб 8 миллиард долларлик инвестициялар ҳисобдан чиқарилганидан кейин содир бўлди. Саудия Арабистони иқтисодиёт вазири Файсал ал-Иброҳим яқинда қироллик «лойиҳалар муддатини ўзгартириш ёки кўламини қайта кўриб чиқишга» мажбур бўлганини тан олди.

Knight Frank ҳисоб-китобларига кўра, New Murabba туманининг қиймати тахминан 50 миллиард долларни ташкил қилади. Дастлаб уни 2030 йилгача якунлаш режалаштирилган эди, бироқ ҳозир муддат 2040 йилга кўчирилди. Mukaab дизайни Маккадаги исломнинг асосий зиёратгоҳи бўлган Каъбага ўхшашлиги сабабли ижтимоий тармоқларда ҳам танқидга учради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид