Ўзбекистон | 20:22 / 29.01.2026
2327
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркия президенти билан музокара ўтказди

Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия президентининг Анқара шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған кутиб олди. Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Сўнгра Анқара шаҳридаги президент саройида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Барча даражалардаги юқори суръат ва фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилди. Томонлар яқинда бўлиб ўтган стратегик режалаштириш гуруҳининг “4+4” форматидаги учрашувининг самарали натижаларини олқишлади.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя ва бошқа устувор йўналишларда лойиҳа ва дастурларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.

Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида, кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлаштирувни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид