Таълим | 11:27 / 31.01.2026
2943
2 дақиқада ўқилади

Уч босқичли миллий тарбия тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги қарори билан “Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастури” тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги тегишли қарори билан узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга қаратилган дастур тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида ягона миллий тарбиянинг яхлит тизимини яратиш белгиланди. Шунингдек, ҳар душанба куни барча таълим ташкилотларида “Келажак соати” дарси ўтказилиши, дарс сценарийлари асосида тайёрланган контентлар milliytarbiya.uz электрон платформасига жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Дастурда белгиланган вазифаларга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг миллий тарбия модели ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳар йили маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагоглар ўртасида “Миллий қадриятлар тарғиботчиси” республика танлови ўтказилади.

Муддатлар:

  • 2026 йил 1 июнга қадар — миллий тарбия модели ҳамда ҳар йили 1 сентябрга қадар маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режалари тасдиқланади;
  • 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб — “Жасорат мактаблари” ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаси ўтказилади;
  • 2026 йил июн ойида — таълим ташкилотларидаги “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари учун ҳарбий-ватанпарварлик форуми ташкил этилади.

Қайд этилишича, дастур уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 3–6 ёшли болаларда миллий ўзлик туйғусини ривожлантиришга эътибор қаратилса, иккинчи босқичда 7–18 ёшли ўқувчиларда маънавий меросни ўрганиш, мустақил қарор қабул қилиш ва масъулият каби фазилатларни шакллантириш белгиланган. Учинчи босқичда эса 16–22 ёшли ўқувчи ва талабаларда миллий қадриятларга ҳурмат, ватан ҳимоясига тайёрлик ва фаол фуқаролик позициясини кучайтириш мақсад қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид