Жаҳон | 14:39
2801
5 дақиқада ўқилади

Қирғизистонга қарши санкциялар, қулаган олтин нархи ва Трампнинг минераллар захираси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Жаҳон бозорида олтин ва кумуш нархи қулади

2 феврал куни олтин бир троя унцияси учун тарихий максимал 5600 долларга яқин нархдан 4400-4800 доллар диапазонига тушди, бу тахминан 15-20 фоизга қулаганини англатади.

Кумуш нархи янада кескин пасайишни кўрсатди: нарх бир унция учун 120 доллардан 75-80 долларгача пасайиб, қисқа вақт ичида тахминан 30 фоизни йўқотди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бир нечта савдо сессияларида бундай кенг кўламли ўзгариш ҳатто қимматбаҳо металларнинг ўзгарувчан бозори учун ҳам хос эмас.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий пасайиш нархларнинг экстремал ўсишидан кейинги «тузатиш» хусусиятига эга бўлиши мумкин. Бозорларнинг кейинги динамикаси Федерал захиранинг реал қадамлари, ФЗТ янги раҳбарияти сиёсати ва АҚШ долларининг «хатти-ҳаракатларига» боғлиқ бўлади.

Трамп муҳим минераллар захираси яратилишини эълон қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар захирасини яратиш ҳақида эълон қилди.

“Бугун биз Project Vault деб номланадиган лойиҳани ишга туширамиз. У Америка корхоналари ва ишчилари ресурслар етишмовчилигидан зарар кўрмаслигини кафолатлайди”, - деди у 2 феврал куни Оқ уйда ўтказилган тадбирда.

Трампнинг айтишича, лойиҳа 1,67 млрд доллар хусусий капитални АҚШ Экспорт-импорт банки томонидан ажратиладиган 10 млрд долларлик кредит билан бирлаштиради. Бу маблағлар минералларни харид қилиш ва сақлашга йўналтирилади.

Захиралар биринчи навбатда автомобилсозлик ва технология компаниялари эҳтиёжлари учун мўлжалланган. Президент бу захира миллий мудофаа эҳтиёжлари учун аввал яратилган стратегик захира тамойили асосида ташкил этилишини таъкидлаб, ташаббусни “ажойиб ғоя” деб атади.

АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергам эса шу ҳафта “яна 11 та давлат” муҳим минераллар савдо клубига қўшилиши эълон қилинишини билдирди.

Украинада минус 30 даража совуқ бўлиши кутиляпти

Украинада — деярли тўрт йилдан бери Россиянинг тўлақонли босқинига қарши ҳимояланиб келаётган мамлакатда қаттиқ совуқлар кутиляпти. Мамлакат шимолидаги Суми ва Чернихив вилоятларида ҳаво ҳарорати -30 даражагача пасайиши мумкин. Бу ҳақда душанба, 2 феврал куни “РБК-Украина” Укргидрометмарказ метеопрогнозлар бўлими раҳбари Наталя Голеняга таяниб хабар қилди.

Аввалги кечада Украина шимолида ҳаво ҳарорати -29°C гача тушган. Демак ҳозирги совуқлар икки ҳафта олдин кузатилган совуқлардан ҳам кучлироқ. Улар яна икки сутка давом этади, шундан кейин қисқа муддатли илиш кутиляпти — мамлакатнинг катта қисмида кундуз куни ҳаво ҳарорати 0°C гача ёки мусбат қийматларга кўтарилади. 8 февралдан эса яна совуқлар кучайиши кутилмоқда.

Нашр қайд этишича, Украинада қаттиқ совуқлар кам учрайди, бу қишнинг ўзига хос жиҳати эса унинг узоқ давом этиши бўлиши мумкин.

Шу куни Россия Украинанинг энергетик инфратузилмасига қайтадан зарба беришни бошлади ва шу билан тўрт кун олдин эълон қилинган “энергетик сулҳ”ни бузди. 2 февралга ўтар кечаси Россия қўшинлари Харкив, Суми, Днипропетровск ва Черкасск вилоятларидаги энергетика объектларига ҳужум қилганини Украина энергетика вазири биринчи ўринбосари Артём Некрасов билдирди.

ЕИ Қирғизистонга қарши санкциялар режасини муҳокама қилмоқда

Европа Иттифоқи (ЕИ) 2026 йилда Россияга қарши 20-пакет санкциялар доирасида Қирғизистонга нисбатан биринчи марта махсус чоралар жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу санкциялар муҳокамаси Россиянинг Украинадаги урушдаги ҳаракатларига қарши кураш доирасида олиб борилаётган кенгайтирилган чоралар билан боғлиқ.

Bloomberg манбаларига кўра, Қирғизистон яқин йилларда Россия билан савдо йўлларида муҳим ўринга айланган ва айрим Европа товарларининг Россияга киришида ҳал қилувчи транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Бу ҳолат ЕИ томонидан “санкциялар чегарасидан қочиш” механизмидан фойдаланиш деб баҳоланмоқда ва шундай деб ҳисобланмоқда.

Муҳокама қилинаётган чоралар орасида Қирғизистонга муайян техника ва радиоэлектрон жиҳозлар экспорт қилишни тақиқлаш ҳам бор. Бу механизм ЕИ томонидан биринчи марта учинчи мамлакатга нисбатан қўлланиши мумкин.

ЕИ раҳбарлари янги 20-санкциялар пакетини 2026 йилнинг 24 февралигача тасдиқлашни режалаштирмоқда. Ушбу пакет асосан Россиянинг нефт, банк сектори ва евробозордаги соҳага нисбатан қаратилган янги чекловларни ўз ичига олади, аммо бўлажак чоралар аниқ тасдиқланган эмас.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид