Йиғилишда Фарғона вилоятида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари таҳлил қилинди. Қайд қилинишича, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилда 7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 26,6 миллион сўмга етди ёки 3,8 баробар ўсди. Ўтган йилда 519 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, уларни даромадлари оширилди ва 53 минг оила камбағаллик реестридан чиқарилди. 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3 фоизга, камбағалликни эса 2,7 фоизга камайтириш кўзда тутилмоқда.

Вилоятда 26 та йирик, 357 та ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, салкам 3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Қишлоқ хўжалигида ўтган йили 94,3 минг гектар майдонда 816,7 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 86,6 центнерни ташкил этди. Пахтачиликда 72 минг гектарда 324 минг тонна ҳосил олинди. Мева-сабзавот экспорти 403 миллион долларга етди.

Йиғилишда Фарғона вилоятини ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, вилоятда инвестиция ва экспорт ҳажмларини изчил ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига тизимли ҳамда манзилли ёндашиш талаб этилади. Шу мақсадда Фарғона вилояти учун умумий қиймати 8,2 миллиард доллар бўлган янги йирик лойиҳалар пакети шакллантирилган. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг 2,7 миллиард доллари саноат, 210 миллион доллари қишлоқ хўжалиги, 1,2 миллиард доллари сервис ва туризм соҳаларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ўтган йилларда саноат мақсадлари учун ажратилган 2 минг 115 гектар ер майдонининг 40 фоизи ҳалигача аукционга чиқарилмагани қайд этилди. Қўшимча ер ажратишдан олдин мавжуд бўш ерлар инфратузилмасини яхшилаш ва уларни тадбиркорларга таклиф этиш орқали инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жорий йилда жами 595 минг нафар, шундан 98 минг доимий иш ўрни яратиш, 423 минг аҳолини даромадли қилиш ҳамда 74 минг иш ўрнини “соя”дан чиқариш режалаштирилган.

Бувайда, Учкўприк, Қува, Ўзбекистон, Ёзёвон туманлари ҳамда Марғилон, Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳарларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 7 та туман ва 132 та “оғир” маҳаллада инфратузилмани яхшилаш орқали ишсизлик ва камбағалликни икки карра қисқартириш учун 800 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Шунингдек, банклар томонидан “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида 1,4 триллион сўмлик кредит ресурслари йўналтирилади.