Тақдим этилган таклифларга кўра, мактабгача таълим билан қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди. Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

Қуввати камида 150 ўринли нодавлат боғчалар ташкил этилган тақдирда, 7 йилгача муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Шу билан бирга, тарбиячиларга ойлик иш ҳақи тўлаш харажатлари давлат боғчаларида белгиланган меъёрлар асосида уч йил давомида қоплаб берилади. Ҳар 30 нафар болага бир нафар тарбиячи штати ҳисобланади.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар қуввати 150 ўриндан кам бўлмаган нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси бўйича енгилликлар бериш ҳам кўзда тутилган.

Давлат раҳбари таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалга ошириш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш ҳамда сифатни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.