Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёнғин вақтида асосий эшикка эмас, эвакуацион чиқиш зинасига йўналиш керак – фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш лозим?
Пойтахт ФВББ матбуот котиби Зуҳриддин Қурбоновнинг айтишича, ёнғин юзага келиб, атрофга тутун тўпланганида одамлар ерга чўккан ҳолда пайпаслаб бинодан чиқиб кетиши керак. Бунда асосий эшикка эмас, эвакуацион қўшимча зинапояларга йўналиш ва объектдан буткул чиқиб кетиш лозим. Хўш, одамлар у эшикларни қандай топади? Ва умуман бундай вазиятда нима қилиш керак? Қурбонов шу ва инсонлар кўп йиғиладиган масканларга қандай хавфсизлик талаблари қўйилгани ҳақида Kun.uzʼга гапириб берди.
Тошкент шаҳрида одамлар кўп тўпланиши мумкин бўлган масканларнинг ёнғин ва фавқулодда вазиятлар бўйича хавфсизлик талабларига мувофиқлиги текширилмоқда. Аниқланган камчиликлар бартараф этилмагунча айрим объектлар фаолияти вақтинча тўхтатиляпти. Бу ҳаракат Яшнобод туманидаги Авиатор савдо марказида юзага келган ёнғин воқеаси фонида амалга оширилмоқда.
Ҳукуматнинг 2020 йилда қабул қилган 646-сонли қарорида ёнғин хавфсизлиги қоидалари тасдиқланган. Хўш, унда нималар дейилган? Ва умуман бу каби гавжум объектларда ёнғин юзага келадиган бўлса, одамлар қандай ҳаракатланиши лозим? Kun.uz бу ҳақда батафсил маълумотни шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси матбуот котиби Зуҳриддин Қурбоновдан олди. Қуйида интервюнинг матни келтирилади.
– Яшнобод туманидаги Авиатор савдо марказида йирик ёнғин юзага келди. Афсуски, жараёнда уч ёшли болакайнинг мурдаси ҳам топилган ва умумий фонда ҳозир кўпчиликда савол туғиляпти. Ўзи умуман бу каби кўнгилочар маскан йирик объектларга ёнғин хавфсизлиги бўйича қандай талаблар қўйилган? Шуни батафсил тушунтириб берсангиз.
– Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва тегишли қонун-қоидалар қабул қилинган. Бу қонун-қоидаларга кўра, ҳар битта объект, бинода эвакуацион чизма бўлади. Эвакуация чизма нимага керак? Бинога келган фуқаро биринчи навбатда, бинонинг кириш-чиқиш жойлари билан танишиб олиши керак. Чунки кўнгилочар савдо масканларида барчамизга маълумки, биринчи навбатда ташриф буюрган фуқаро кириш-чиқиш эшикларини адаштириб қўйиши мумкин. Яъни ёнғин, бирор фавқулодда вазият юзага келса, ўзи қўшимча эвакуацион эшикларини топа олмаслиги мумкин. Кўп фуқаролар шундай тушунчага эгаки, асосий эшик шу олди ва орқа[да жойлашганлари] деб ўйлашади. Лекин ундай эмас. Бу асосий эшик ҳисобланмайди, эвакуацион чиқиш эшиклари [бор].
Эвакуацион чиқиш эшиклари шундай жойлашганки, улар айнан ёнғин содир бўлганда автоматик тарзда ишлайди ёки хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ишга туширилади. Қўшимча зинапоялардаги эшиклар очилади. Оддий пайтда у ёпиқ туради, лекин хавф туғилганда автоматик тарзда, ўзидан-ўзи очилади. Агарда фуқаролар эътибор билан қараса, яшил махсус белги қўйилган. У махсус белги айнан ўша эшикка қараб йўналтиради. Асосий тушиш эскалаторларига йўналтирилмайди. Қаерда турсангиз, шу ердаги энг яқин бўлган эвакуацион чиқиш жойига қаратилади. Соддароқ қилиб айтганда, эвакуацион чиқиш белгилари, эвакуацион чиқиш чизмалари бўлиши керак бўлган талаблар, шу билан бир қаторда автоматик тарзда тутундан, иссиқликдан хабар бериш мосламалари ўрнатилиши бўйича тегишли талаблар қўйилади.
Бу ҳам бўлса, бинонинг ўзига яраша қандай экани: унда ошхона ёки ўйингоҳлар жойлашганми ёки бир сотув офислари, уларнинг турига қараб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан текширувлар давомида бинони қабул қилишда тегишли талаблар қўйилади. Хавфсизлик хизмати ходимларининг бу вазиятда биринчи вазифаси — фавқулодда вазиятлар қутқарувчилари етиб келгунига қадар фуқароларни эвакуация қилиш ишларини ташкил этиши. Агарда тўғри эвакуация ишлари ташкил қилинса, инсонларга талафот етиши ёки йирик бир кўнгилсиз ҳодисанинг ўз вақтида олди олинган бўлади.
– Асосий ҳолатларда кўнгилочар марказларда ёнғин сабаблари нимадан бўлади? Шу вақтгача фаолиятингиз давомида кузатганларингиз ва умумий ўзи бўлиши мумкин бўлган версияларни айтиб бера оласизми?
– Кўнгилочар савдо масканларида, айнан инсонлар кўп йиғиладиган марказларда яқин йилларда ҳали йирик ёнғинлар содир бўлмаганди. Чунки ижтимоий тармоқларда ҳали бундай маълумотлар кетмаган, бундай ҳолатлар кузатилмаган. Агарда кузатилса, кўпинча оловли ишлар бажариладиган қаватларда, яъни ошхоналарда содир бўлиши мумкин. Унда ҳам овқат пишириш жараёнида кўпинча шундай ҳолатлар кузатилиши мумкинки, мўриларда ёғлар йиғилиши натижасида, ёғлар ўз вақтида тозаланмаса ёки электр симлар, яъни битта электр “розетка”га бир нечта электр қурилмаларни бир вақтда улаб, унга ортиқча кучланиш тушса, ёнғин содир бўлиши мумкин. Ёки яна шундай ҳодисалар юзага келадики, оддий электр чироқларнинг қисқа туташуви натижасида, яъни носозлик юзага келса, ундан содир бўлиши мумкин ва у вазиятда ҳам хабар бериш мосламалари ишлайди. Ўз вақтида у нарса бартараф қилинади. Шунинг учун ҳам бинога ҳар доим автоматик тутундан хабар бериш мосламалари ва шу билан бир қаторда электр таъминоти мутахассисларини чақирган ҳолатда электр симлари кучланишини текшириш талаби қўйилади.
– Сигнализация қанча вақт оралиғида ишлаб кетади ва одамлар қандай йўллар билан огоҳлантирилади?
– Сигнализациянинг вақти эмас, бу тутун қаердан ва қандай чиқаётгани билан боғлиқ. Яъни биринчи навбатда ёнғин содир бўлишидан олдин қисқа туташув бўлади. Агарда электр симларда қисқа туташув бўлса, электр дастаклар бўлади, шуларда айрим вақтларда автоматик равишда юқори кучланишда носозлик юзага келса, электр токи ўчади. Агар шунда ҳам кучланиш бирданига юқори бўлиб кетиб, ундан тутун чиқиб, тутун ҳосил бўлиб, ёнғин юзага келаётган бўлса, ундагина тутун автоматик хабарлагичга келади ва унда сигнал автоматик равишда, ҳар битта кўнгилочар савдо масканларида шундай тизим ўрнатилганки, ёнғиндан хабар берилиши билан хавфсизлик тизими ходимларида видеокузатув мосламасида ўтирган хавфсизлик ходимларига [хабар боради].
Унда аниқлаштириш учун ўз ходимини воқеа жойига жўнатади. Шу билан бир қаторда, агарда жиддий хавф бўлаётган бўлса, бинода эвакуацияга ё товушли, ё овозли тарзда топшириқ берилади. Ўша вазиятга қараб, ҳар битта автоматик тутундан хабар бериш мосламаларида икки сонияда ёки беш сонияда сигнал ишлайди. Лекин бунақа узоқ вақтни талаб қилмайди. Агарда тутун хабарлагичга тутун келса, бундай вазиятда беш сонияда ёки бир тўрт сонияда ёки 10 сонияда бирданига сигнал кетади. Ундан узоқ бўлиб кетмайди, чунки сигнал жуда сезувчан лазер бўлади. Лазерни тутун тўсса, у тутун бор деб буйруқ беради.
– Ёнғин хавфи юзага келган вақтда, дейлик, бутун бинони олов қоплаб бўлиб, кейин сигнализация ишлаб кетиши ҳам мумкинми? Яъни автоматик қабул қилувчи мосламалар уни сезмай қолиши ва ходимлар уни кўздан қочириши ҳам мумкинми? Тажрибангизда шундай ҳолатлар кузатилганми ҳеч?
– Агарда хавфсизлик тизими юқори равишда қўйилган бўлса ёки доимий назорат ўрнатилса, ундай бўлмайди. Агарда хавфсизлик тизимида ташқи ҳолат таъсири бўлса, мисол учун, айрим биноларда ёки кўнгилочар савдо масканлари эмас, бошқа бир оддий ошхоналар, ресторанларни олсак, ресторанларда агарда дудбуронда қизиш кузатилиб, тутаб, унинг ичидаги ёғлар ёнишни бошласа, у ошхонадаги ишчилар ёки у ердаги ходимлар эътиборсизлик билан бошланғич вақт 15-20 дақиқа йўқотиб қўйилса, яъни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ўз вақтида чақирилмаса, бирданига ёнғин юзага келиши мумкин. Чунки ёнғин содир бўлганда тутун ҳар доим юқорига қараб талпинади. Ҳеч қачон у тутун пастга қараб кетмайди. Қачонки тутун юқорида тўпланиб кетса, пастга қараб талпинишни бошлайди, яъни хонада кислород камайишни бошлайди.
Маҳсулотлар ҳар хил ёнади. Ёғ ёнса, ўзидан бир бошқача тутун чиқазади. Алукабонд маҳсулоти ёнса, бошқача тутун чиқади. Ҳар битта маҳсулотнинг ёниш хавфи, ёнишининг вақти ва ўзидан заҳарли тутун чиқариши бор. Хонада энг хавфлиси тутун бинода тўпланса, нима бўлади? Хонадаги кислород борган сари камайиб боради ва инсон нафас олиши қийин бўлади. Бош айланиши, кўнгил айниши кузатилади. Мана, қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш деган тушунча бор. У ҳам бўлса, ҳозирги саволингизга жавоб. Ис газидан нимага заҳарланади? Хонада кислород борган сари камайиб боради, тунги вақтда инсон ухлаётганда уни сезмайди. Шунинг учун таъмсиз, ҳидсиз деб айтилади. Инсон уйқу вақтида сезмайди, кома ҳолатига тушиб қолади ва ўлим билан тугайди.
– Юқорида ходимларнинг бирмунча, биринчи вазиятдаги ҳаракатларини айтиб ўтдингиз. Шуни охиригача санаб бера оласизми, нима бўлиши керак одамлар хавфсиз нуқтага етиб боргунича?
– Ёнғиндан хабар берилса, хавфсизлик ходимлари биринчи навбатда сигнални ишга туширади. Сигнал кетгандан кейин ҳам ҳар битта қаватга жавоб берувчи хавфсизлик ходими эвакуация ташкил қилинганини ўзи мустақил, кўзи билан кузатиб чиқади. Яъни ҳар битта фуқарони олиб чиқади. Чунки нимага десангиз, у ерда имконияти чекланган фуқаро бўлиши мумкин ёки бирор бир фуқаро ҳушдан кетиб қолган бўлиши мумкин. Шунинг учун кўзи билан кузатиб, барчага хабар беради ва ёш болалар йўлдан чиқиб қолса, бошқа бир барча фуқароларни эвакуацион эшикка қаратиб чорлайди. Чунки айрим вазиятларда фуқаролар асосий эшикка қараб ҳаракатланиши мумкин. Эвакуация чиқиш жойида кўпинча фуқаролар асосий эшикка қараб ҳаракатланади. Унда хавфсизлик хизмати ходимлари керакли, ўзига яқин турган эшикка қараб йўналтиради ва шу ердан фуқароларнинг тезлик билан бинодан чиқиб кетишини таъминлайди. Ўша вазиятда бараварига видеокузатувда ўтирган хавфсизлик хизмати ходими бизга хабар беради. Бизга хабар берилганда қутқарувчилар етиб келгунча, агарда одамлар бинодан тўлиқ эвакуация қилинган бўлса, ёнғин ўчиришга киришилади. Агарда бинодан тўлиқ эвакуация ишлари ташкил қилинмаган бўлса, биринчи навбатда инсонларни қутқариш ва эвакуация ишлари амалга оширилади. Ундан сўнггина ёнғин ўчирилади.
Мана мисол қилиб айтганда, шу вазиятда [Авиатор савдо марказидаги ҳолат] ҳам ижтимоий тармоқ вакиллари менга савол беришди: қандай вазият, нима бўлган деб. Шу вазиятда ҳам биринчи қутқарув бўлинмалари етиб келган, у ерда тартибсизлик юзага келган ва барча фуқаролар, айримлари кўчага талпинган, айримлари ичкарига кирмоқчи бўлган. Чунки орқа эшикдан ҳам хизматчилар, яъни ишчилар айрим болакайларни, фуқароларни эвакуация қилиш ишларини бошлаган бўлган. Шу вазиятда уларнинг яқинлари орқа эшикдан чиқиб кетган. Шу вазиятда улар ўзининг фарзанди ичкарида деб ўйлаб, ичкарига талпинган ва қутқарувчилар барча фуқароларни эвакуация қилиш ва ўша вазиятда қутқариш ишларига киришган.
– Айнан Авиатордаги ҳолатда ҳам, масалан, болалар майдончасида қолиб кетган уч ёшли қизалоқнинг мурдаси кўп танқидларга, балки эътирозларга ҳам сабаб бўляпти. Шу жиҳатдан болани, умуман одам қолган ёки қолмаганини қутқарувчилар қандай билади? Фақат ўша ерда бўлган фуқаролардан келиб чиқиб, ичкарига кириб қидиришадими ёки қандайдир тизим ҳам борми уни фиксация қиладиган?
– Бизларда қутқарувчилар билан доимий амалий-тактик машғулотлар ўтказилади. Кўпгина йирик объектларда қутқарувчилар автомобиллар билан келиб, катта бир амалий машғулот ва машқлар ўтказилади. Қутқарувчи ҳар доим ичкарига кирганда биринчи навбатда разведка ишларини амалга оширади. Тутун юқорида бўлгани учун айнан ерда пайпаслаб юришади, чунки тутун бор жойда кўриш имконияти бўлмайди. Шуни айтиб ўтаманки, бирор бир чироқ ҳам ёрдам бермайди, агар тутун қуюқ тўпланган бўлса. Фақатгина қутқарувчилар ўз амалиётидан келиб чиқиб, пайпаслаб, инсонларни қидириш ва топиш ишлари амалга оширилади. У вазиятда ёнғинни ўчиришга эмас, бизда тамойил бор, яъни ёнғин жойига келганда, бир нечта ёнғиннинг факторларига қараб, қандай қутқариш ишлари амалга оширилишига қараб, инсонлар бор жойда биринчи навбатда моддий-товар бойлик қанчалик бўлмасин, қанчалик ёнғин катта бўлиб кетиш хавфи бўлмасин, инсонларни эвакуация қилиш ва қутқариш ишларига киришилади ва қутқарувчиларга ҳар хил турдаги машғулотлар, руҳий тайёргарликлар машғулоти ўтказилади.
Шунингдек, Қурбонов йирик савдо марказларида болалар майдончаси юқори қаватларининг бурчак қисмларида жойлашган фавқулодда вазиятларда ўйингоҳдагиларнинг хавфсиз эвакуация қилинишига таъсири, объектларда шохобчаларнинг қандай жойлашиши ва ёнғин хавфсизлик талаби борасида маълумотларни бериб ўтди.
Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
09:34
Тошкентда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаган объектлар фаолияти тўхтатилмоқда
09:18 / 04.02.2026
“Юзимни бузиб қўйишди” – Тошкентда сохта косметологлар жиноий жазога тортилди
22:01 / 02.02.2026
Aviator’даги ёнғиндан сўнг Ўзбекистон бўйлаб шу каби объектларни текшириш бошланди
21:31 / 02.02.2026