Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Покистон билан мудофаа соҳасидаги келишувлар диққатга сазовор” – сиёсатшунос
Покистон мусулмон дунёсида ҳарбий қудрати билан ажралиб турадиган муҳим давлатлардан бири. Ядровий салоҳият, кучли армия ва ҳарбий саноати унинг минтақавий таъсирини белгилайди. Ўзбекистон учун Покистон фақат ҳарбий қудрати билан эмас, балки денгизга чиқиш имкониятини очиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар расмий Тошкент ва Исломобод ўртасидаги сўнгги ташриф ютуқлари хусусида сўз юритди.
Покистон мусулмон дунёси учун қанчалик муҳим давлат?
Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон жанубида жойлашган ва мусулмон аҳолиси устун бўлган бир нечта муҳим давлатлар бор. Ўзбекистон бу давлатларнинг ҳар бири билан ишончли ва мувозанатли алоқаларни ривожлантириши зарур. Аввало Афғонистон, Эрон Ислом Республикаси, Покистон ва Туркия. Ҳиндистон ҳам минтақада муҳим давлат ҳисобланади, бироқ унинг аҳолиси таркибида мусулмонлар улуши 20 фоизга ҳам етмайди. Бундан ташқари, бугунги Ҳиндистон сиёсатида миллатчи ва ксенофоб қарашлар кучайгани ҳам эътибордан четда қолмайди.
Мусулмон дунёси деганда аҳолиси асосан ислом динига эътиқод қиладиган ёки сиёсий ва иқтисодий салоҳияти юқори бўлган, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 50 дан ортиқ давлатлар назарда тутилади. Ана шу давлатлар ичида аҳоли сони бўйича иккинчи йирик мустақил мамлакат бу Покистон ва Индонезия.
Покистоннинг аҳамиятини оширадиган энг муҳим омиллардан бири — унинг ядровий қуролга эга эканидир. Бугунги халқаро муносабатлар тизимида бу жуда жиддий стратегик омил ҳисобланади. Ҳозир дунёда тўққизта давлат ядро қуролига эга: уларнинг бештаси расмий тан олинган, тўрттаси эса қисман ёки норасмий мақомга эга. Покистонда ҳарбийлар сиёсий ҳаётда марказий рол ўйнайди. Айрим давлатларда ҳарбийлар сиёсатдан четда туради ва сиёсатга кириш учун хизматни тарк этиши талаб қилинади. Покистонда эса худди Мисрда бўлгани каби ҳарбий элитага мансуб генераллар автоматик тарзда сиёсий арбоб сифатида қаралади. Туркияда ҳам Эрдўғангача шундай тизим мавжуд эди, аммо сўнгги йилларда бу қоидалар ўзгарди.
Покистоннинг ҳарбий қудрати унинг мусулмон дунёсидаги таъсирини белгилаб бермоқда. Сўнгги даврда айниқса Покистон, Туркия ва Саудия Арабистони ўртасида иттифоқчилик алоқалари фаоллашмоқда. Бу жараён айрим масалаларда Исроилни тийиб туриш механизмларини шакллантиришга қаратилган бўлиши мумкин. Шунингдек, Покистон ва Озарбойжон ўртасидаги ҳарбий-сиёсий яқинлашув ҳам кучайиб бормоқда, бу эса минтақавий кучларга муайян сигнал сифатида баҳоланмоқда.
Шу сабабли Ўзбекистон раҳбариятининг Покистонга ташрифи чоғида ҳарбий доиралар билан учрашувлар ўтказилгани табиий ҳол. Ўзбекистон президентини Покистон ҳаво ҳудудида ҳарбий қирувчи самолётлар кутиб олгани эса алоҳида ҳурмат белгиси сифатида қаралади. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор.
Президент Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи давомида қандай келишувларга эришилди?
Анвар Йўлдошев: Ташриф доирасидаги учрашувларга эътибор қаратадиган бўлсак, дастур ниҳоятда бой бўлгани яққол кўринди. Йигирмадан ортиқ келишувлар имзоланди, кўплаб расмий учрашувлар ўтказилди. Президентимиз бизнес форумда ва бошқа муҳим тадбирларда иштирок этдилар.
Шу жараёнда мудофаа соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Имзоланган ҳужжатлар орасида икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида “йўл харитаси” қабул қилингани қайд этилди. Бундан ташқари, президентимиз Покистон Мудофаа вазирлигида бўлиб, у ердаги юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар билан учрашувлар ўтказди. Делегация таркибида Ўзбекистон мудофаа соҳаси вакилларининг ҳам иштирок этгани бу масаланинг стратегик аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Бу ҳолат Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Аввалроқ, хусусан, 2022 йилда президентимизнинг Покистонга ташрифи чоғида ва 2025 йилда Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга келиши вақтида ҳам бу йўналишдаги масалалар муҳокама қилинган эди. Бугунги келишувлар ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган. Покистон ҳарбий саноат ва технологиялар соҳасида муҳим ютуқларга эришмоқда. Хусусан, ҳарбий самолётлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасидаги тажрибаси алоҳида қайд этилди.
Келгусида Ўзбекистон томонидан ушбу техникаларни сотиб олиш, шунингдек, бошқа ҳарбий технологиялар ва мудофаа инфратузилмаси йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан аниқ режалар белгиланди. Бу борада йўл харитаси ишлаб чиқилган ва унинг натижалари яқин даврда кўриниши кутилмоқда.
Ташриф давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳим ўрин тутди. Агар 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 245 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг ўзида бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестицион лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланди. Умуман олганда, ушбу ташриф Ўзбекистон–Покистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини яққол намоён этди.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
10:45
Покистонга саёҳатлар кўпайди: ўзбекистонликлар оқими кескин ошган
23:10 / 06.02.2026
Хитойнинг энг катта генераллари ишдан олинди. Нега?
16:09 / 06.02.2026
Покистон пойтахти Исломободдаги масжидда кучли портлаш содир этилди
15:39 / 06.02.2026