Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт муаммоси бизнесда ҳалол рақобатга ҳам, инвестиция муҳитига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Соядаги иқтисод кенгайгани сари, давлат бюджети камроқ даромад олади. Бюджет камайса, солиқ базаси тораяди, натижада юк кўпинча ҳалол ишлаётган бизнес зиммасига тушади.

Энг муҳими, бюджетдаги маблағлар камайгани учун таълим, тиббиёт ва инфратузилма каби жамият учун энг зарур соҳаларни молиялаштириш имконияти ҳам қисқаради. Яъни яширин иқтисодиётнинг зарари фақат давлатга эмас, охир-оқибат ҳар бир фуқарога таъсир қилади.

Охирги йилларда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни оқартириш учун босқичма-босқич чоралар кўриб келиняпти. Шу мақсадда солиқ тизими рақамлаштирилди, савдо-сотиқдаги операциялар электрон тарзда кўпроқ қайд этиладиган бўлди. Масалан, онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимлари кенг жорий қилинди. Бунинг натижасида чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида тушумлар деярли реал вақтда ҳисобга олина бошлади.

Нақдсиз тўловларни кўпайтириш, бизнесда соғлом рақобатни кучайтириш ва энг муҳими яширин иқтисодиётни камайтириш учун Солиқ қўмитаси янги қарор лойиҳасини тайёрлаган. “Яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу лойиҳа ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади – нақдсиз тўловларни кўпайтириш орқали соядаги пул айланмасини камайтиришдан иборат. Бунинг учун савдо-сотиқда ҳар бир тўлов ва операция “рақамли из” қолдирадиган қилиб қўйилади. Яъни ҳар бир савдо ва тўлов электрон тизимда қайд этилади ва кузатиб борилади. Бу эса ноқонуний айланмаларни яширишни қийинлаштиради.

Аммо шу ўринда муҳим савол туғилади: яширин иқтисодиётга қарши курашда фақат қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг ўзи етарлими? Нега шунча қонун ва қарорлар чиқарилаётган бўлса ҳам, соядаги иқтисодиёт ҳали ҳам сақланиб қолмоқда? Балки муаммо фақат қонунларда эмас, балки уларнинг амалда қандай ишлаётганида ҳамда тадбиркор ва фуқароларнинг бу жараёнга қандай муносабатда эканлигига боғлиқдир.

Хориж тажрибаси шундан далолат берадики, ҳатто энг яхши қонунлар ҳам одамлар уни қабул қилмаса, кутилган самарани бермайди. Қонун ишлаши учун тизимга ишонч бўлиши шарт. Агар тадбиркор янги қоидаларга фақат жарима ёки жазодан қўрқиб амал қилса, имконият топиши билан яна сояга қайтиши мумкин.