Жаҳон | 08:10
671
3 дақиқада ўқилади

Мерц ва Макрон Евроиттифоқ иқтисодиётини қайта тиклаш тарафдори

Евроиттифоқ раҳбарлари норасмий саммитда АҚШ ва Хитой босими шароитида ЕИ иқтисодиётини қандай қилиб рақобатбардош қилиш мумкинлигини муҳокама қилди. Германия канцлери ва Франция президенти мақсадларда якдил эканини билдирди, аммо усулларда келиша олмади.

Фото: dts-Agentur/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэл Макрон Европа иқтисодиётини қайта тиклаш йўллари борасида қарашлари якдил эканини таъкидлади. “Биз Европанинг иттифоқи тезроқ бўлишини истаймиз. У яхшироқ бўлишини истаймиз. Энг аввало, Европада рақобатбардош саноат бўлишига эришмоқчимиз”, — деди Мерц пайшанба, 12 феврал куни, Белгиядаги ЕИ етакчиларининг норасмий саммити доирасида Макрон билан бирга қилган қўшма чиқиши вақтида.

“Мен хурсандманки, Эммануэл Макрон билан мен, деярли ҳар доимгидек, бу масалаларда бир фикрдамиз”, — деб қўшимча қилди Германия ҳукумати раҳбари. Франция президенти эса у ва Мерц “Европа қатъият билан ҳаракат қилиши зарурлиги ҳақида туйғуни” бирдек ҳис қилишини айтди.

Белгиядаги Алден-Бизен қасрида бўлиб ўтган норасмий саммит ЕИ иқтисодиёти рақобатбардошлиги масаласига бағишланди. Dpa агентлиги қайд этишича, ЕИ иқтисодиёти бюрократия, ягона Европа бозори ичидаги тўсиқлар, энергия ташувчилар нархининг баландлиги ҳамда Хитой ва АҚШ томонидан кучайиб бораётган рақобат сабаб қийинчиликларга дуч келмоқда.

Шу билан бирга, мақсадлардаги келишувини билдирганига қарамай, Германия канцлери ва Франция президенти Евроиттифоқни молиялаштириш масаласида турлича қарашларга эга. Макрон аввалроқ ЕИнинг инновацион лойиҳалари, масалан, мудофаа соҳасидаги ташаббуслар учун умумевропа қарз мажбуриятларини (қўшма евроқарз) чиқаришга чақирган эди. “Мен буни истамайман”, — деди Мерц Белгиядаги саммит якунида. “Федерал конституциявий суд Германия ҳукумати учун бу борада жуда аниқ чекловлар белгилаган”, — дея изоҳ берди Германия ҳукумати раҳбари.

У Макроннинг давлат тендерларида Европа маҳсулотларига устунлик берувчи “Европаникини сотиб ол” тамойилини жорий этиш чақирувини ҳам қўллаб-қувватламади. Германия канцлери бундай чора протекционизмнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. “Бироқ биз ўзимизни инсофсиз савдо амалиётларидан ҳимоя қилишимиз керак”, — деб қўшимча қилди Фридрих Мерц.

Шу билан бирга, саммит якунлари бўйича 27 давлат ва ҳукумат раҳбарлари АҚШ ва Хитойга қарамликни камайтириш учун савдо алоқаларини диверсификация қилиш зарурлигини маълум қилди. Шунингдек, улар Европа компаниялари учун бюрократик юкни енгиллаштириш кераклигига ҳам келишиб олди. Бу юк, хусусан, экологик меъёрлар билан боғлиқ.

Евроиттифоқнинг март ойидаги навбатдаги саммитига қадар Еврокомиссия “Бир Европа, бир бозор” (One Europe, one market) ҳаракатлар режасини таклиф қилади, деб маълум қилди комиссия раиси Урсула фон дер Ляйен. Унинг айтишича, режа беш йўналишга қаратилган бўлади: бюрократияни қисқартириш, ягона бозор, энергетика бозори, рақамлаштириш ва савдо.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид