Ўзбекистон | 21:45 / 13.02.2026
937
5 дақиқада ўқилади

Судьялар мол-мулки декларацияси таклифи ва Андижонда қотил ёллашга уриниш – маҳаллий дайжест

Президент ҳузурида ўтган йиғилишда судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Андижонда қотил ёллаб тадбиркорни ўлдирмоқчи бўлган шахслар ушланди. 2026 йилдан “Ёш тадбиркорлар” чемпионати йўлга қўйилади. Самарқанддаги Бибихоним масжиди реставрация қилинади. Хизмат уйида нарколаборатория ташкил қилган профилактика инспектори 12 йилга қамалди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Судья ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди. Қайд қилинишича, ҳисобот даврида 59 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган, жумладан, судьялик қасамёдини бузгани ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани учун 19 нафар судья лавозимидан озод этилган, 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган, 58 нафарининг лавозими пасайтирилган. Судьялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судья навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилган ҳамда 266 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Андижонда қотил ёллаб тадбиркорни ўлдирмоқчи бўлган шахслар ушланди

Андижонда тадбиркорни ёлланма қотил орқали ўлдирмоқчи бўлган бир гуруҳ шахслар ушланди. Маълум қилинишича, 2026 йилнинг 4 феврал куни якка тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахс Андижон туман ИИБга ўзига нисбатан уюштирилаётган суиқасд бўйича ариза билан мурожаат қилган. У 5 нафар жиноятчидан иборат уюшган гуруҳ 1500 доллар эвазига қотил ёллаб, уни қасддан ўлдиришни келишганини билдирган ҳамда ёрдам сўраган.

Шундан сўнг, Пахтаобод тумани ҳудудида Андижон вилояти ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида махсус тезкор тадбир ўтказилиб, жиноий гуруҳ етакчиси, муқаддам Жиноят кодексининг 8 та моддаси билан судланган 42 ёшли “Роналдо” лақабли шахс экани аниқланган. У муқаддам 7 марта судланган ёлланма қотилга тадбиркорни қасддан ўлдириб бериш эвазига 1500 доллар таклиф этиб, шундан 300 минг сўм берганда ушланган.

Ёш тадбиркорлар” чемпионати йўлга қўйилади

2026 йилдан ёшларнинг энг яхши бизнес ва стартап лойиҳаларини аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Чемпионат натижалари бўйича ғолиб лойиҳаларга инвестиция ажратиш, брендга айлантириш учун эксперт харажатларини қоплаш ва давлат мукофотларига тавсия этиш каби механизмлар белгиланган.

Чемпионат доирасида 100 тагача бизнес ва стартап лойиҳаларнинг ҳар бирига Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда Yoshlar ventures венчур жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмгача инвестиция киритилиши назарда тутилган.

Самарқанддаги Бибихоним масжиди реставрация қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев креатив иқтисодиётни ривожлантириш, маданият муассасалари инфратузилмасини яхшилаш ҳамда янги креатив майдонларни ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда Миллий реставрация институтини ташкил қилиш, Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидини реставрация қилиш, “Туркистон” ёзги амфитеатрини таъмирлаш лойиҳалари кўриб чиқилди. Лойиҳалаштириш ва реставрация ишларини ЮНЕСКО билан тўлиқ келишилган ҳолда бажариш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари креатив иқтисодиётни ривожлантириш нафақат маданий, балки иқтисодий жиҳатдан стратегик муҳим эканини таъкидлаб, белгиланган лойиҳаларнинг ижросини сифатли таъминлашга кўрсатма берди.

Хизмат уйида нарколаборатория ташкил қилган профилактика инспектори 12 йилга қамалди

Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги “Шон-шуҳрат” маҳалласи профилактика инспекторининг хизмат уйидан 10,5 кг “Алфа-ПВП” ва 4 гр “Спайс” синтетик наркотиклари топилган. Ички ишлар ходими гиёҳвандлик воситасини суюқ кўринишда олиб, нарколабораториясида қуритган ҳамда “закладка” усулида харидорларга тарқатиб келган. Хизмат ҳақини криптовалюта кўринишида олган.

Суд ҳукми билан Б.Т. Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ҳамда 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилди. Унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид