Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг голи дунё эътирофида ва юк машинаси рулидаги 7 ёшли бола — маҳаллий дайжест
Элдор Шомуродовнинг голи ЖЧ–2026 гуруҳ босқичидаги энг чиройли деб топилди. 7 ёшли болага юк машинаси бошқарувини берган шахсга чора кўрилди. Рўйхатга олишда Ўзбекистон аҳолиси расмий статистикадан кўпроқ чиққанига изоҳ берилди. Қашқадарёда 14 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланиб 4 киши қўлга олинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Элдор Шомуродовнинг голи ЖЧ–2026 гуруҳ босқичидаги энг чиройли деб топилди
Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг Конго ДР дарвозасига урган голи энг чиройли деб топилди.
Ҳужумчи ўйиннинг 10-дақиқасида жарима майдонига оширилган тўпга етиб бориб, ўткир бурчак остида турганига қарамай, тўпни парашют услубида рақиб дарвозабони устидан ошириб ташлаган ва ҳисобни очган эди. ФИФА бу вазиятга шундай баҳо берди: «Сантиметригача аниқ ҳисобланган ва мукаммал ижро этилган бу гол Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги дебютининг энг ёрқин лаҳзаси бўлди».
Шомуродовнинг голи Лионел Месси, Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор каби юлдузлар голларидан ўзиб кетди.
Рўйхатга олишда Ўзбекистон аҳолиси расмий статистикадан кўпроқ чиққанига изоҳ берилди
2026 йил 1 январ ҳолатидаги расмий статистика бўйича Ўзбекистон аҳолиси сони 38,2 млн нафар эди. Аммо январ-феврал ойларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакат нуфусининг бундан 800 мингга кўпроқлиги ва аллақачон 39 миллиондан ошганини кўрсатди.
Миллий статистика қўмитаси берган изоҳга кўра, бундай тафовут нормал ҳисобланади ва аҳоли сони сунъий равишда ошганини англатмайди. Аксинча, рўйхатга олиш – мамлакатда муайян сана ҳолатига ҳақиқий яшаб турган аҳолини тўлиқроқ қамраб олишга қаратилган йирик статистик жараён ҳисобланади.
Қайд этилишича, халқаро тажрибада ҳам аҳолини рўйхатга олиш натижалари жорий аҳоли ҳисоб-китобларидан фарқ қилиши табиий ҳолат ҳисобланади.
7 ёшли болага юк машинаси бошқарувини берган шахсга чора кўрилди
Навоийда Howo юк машинаси бошқарувини 7 ёшли болага ишониб топширган шахс аниқланди. Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ёш бола юк машинасини бошқариб бораётгани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.
Қоидабузарлик юзасидан тезкорлик билан суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Жараёнда воқеа 2025 йил сентябр ойида бўлгани аниқланди. Маълум бўлишича, болага юк машинаси бошқарувини қариндоши берган.
Карманалик ушбу шахснинг хатти-ҳаракати ва ота-онанинг фарзандини назоратсиз қолдиргани юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Юк машинаси эса жарима майдонига жойлаштирилди.
Қашқадарёда 14 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланиб 4 киши қўлга олинди
Яккабоғ туманида 4 нафар йигит 14 ёшли қизни Damas машинасига миндириб, далага олиб бориб, зўрлаганликда гумон қилинмоқда.
Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойини кўздан кечириб, иш учун аҳамиятли бўлган ашё ва далилларни олган. Судга оид тиббий, биологик ва психологик экспертизалар тайинланган.
Жиноят иши 29 июн куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” бандига қайта малакаланган. Гумондорлар Ш.Х., Д.Ҳ., О.Н. ва Д.А. процессуал тартибда ушланган.
Мавзуга оид
19:29 / 30.06.2026
39 миллионлик аҳоли ва президентнинг миллий жамоани қўллаб-қувватлаш чақириғи — маҳаллий дайжест
18:30 / 29.06.2026
Қисман «светсиз» қолган Тошкент ва тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби — маҳаллий дайжест
19:11 / 26.06.2026
Тиббиётга йўналтирилган Гулнора Каримова активлари ва шубҳали харидорлар реестри — маҳаллий дайжест
19:19 / 25.06.2026