Ўзбекистон | 18:58
814
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйган боғча ва Ўзбекистон — ёшлар мамлакати — маҳаллий дайжест

Тошкентда болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйган боғча фаолияти тугатилиши мумкин. Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши пасаймоқда. Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ёшлар экани тасдиқланди. Тижорат банки масъуллари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги йирик талон-торожлик ҳолати аниқланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентда болаларга зўравонликка йўл қўйган боғча фаолияти тугатилиши мумкин

Тошкентда болаларга зўравонликка йўл қўйган Rayyan Kids Land нодавлат таълим ташкилотига тегишли лицензия бекор қилиниши кутилмоқда. Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, боғча томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган 6 та ҳолат бўйича лицензия талаби ва шарти қўпол равишда бузилган. Хусусан, 24 июнь куни тарбиячи А.Г. томонидан болага нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қилинган.

Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Rayyan Kids Land нодавлат таълим ташкилотига тегишли лицензияни бекор қилиш юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза киритилди.

Ушбу хусусий боғчада тарбиячи томонидан болаларга нисбатан зўравонлик қилингани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганди. Уларнинг бирида тарбиячи болага тазйиқ ўтказгани, оғзига мато тиққани, яна бирининг қўлини эшик билан қисгани акс этган.

Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши пасаймоқда

2026 йил I чорагида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 3,8 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида сўз боради.

Шу даврда Россиядан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши ўтган йилнинг мос давридаги 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайди. Бу, асосан, йил бошидан патент тўловларининг ошиши, рубл курсининг нисбатан март ойида қадрсизланиши ҳамда меҳнат миграцияси йўналишларининг кенгайиши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, умумий пул ўтказмаларида Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни, Европа давлатларининг улуши 1 фоиз бандга ошиб 3,3 фоизни, Жанубий Кореяни улуши 0,6 фоиз бандга ошиб 4,1 фоизни ташкил этди. Бошқа давлатлар улуши эса 2,6 фоиз бандга ошиб, 16,2 фоизга етди.

Ўзбекистон аҳолисининг ёш таркиби маълум қилинди

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этган.

Мамлакатда 4 ёшгача бўлган болалар сони 4 миллион 607 минг 149 нафарни ташкил этган. Бу энг йирик ёш гуруҳи ҳисобланади. Умуман олганда Ўзбекистонни ёшлар мамлакати деб бемалол айтиш мумкин. 5–9 ёшдагилар сони 3 миллион 859 минг 606 нафар, 10–14 ёшдагилар 3 миллион 406 минг 515 нафар, 15–19 ёшдагилар эса 3 миллион 155 минг 802 нафарни ташкил қилган.

65–69 ёшлилар сони 1 миллион 174 минг 839 нафар бўлган бўлса, 70–74 ёшдагилар 669 минг 46 нафар, 75–79 ёшдагилар 342 минг 554 нафар, 80–84 ёшдагилар 130 минг 375 нафарни ташкил этган. Дастлабки натижаларга кўра, мамлакатда 85 ёш ва ундан катта аҳоли сони 168 минг 973 нафарни ташкил этган.

Тижорат банки масъуллари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги йирик талон-торожлик ҳолати аниқланди

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида тижорат банки масъуллари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва бошқа шахслар ўзаро тил бириктириб, 37 нафар фуқаро номидан 1,4 миллиард сўмни талон-торож қилгани аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Беруний тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг банк хизматлари маркази масъул шахслари, 7 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда бошқа шахслар жиноий тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилгани маълум бўлди.

Текширув давомида улар 37 нафар фуқаро номига ажратилган имтиёзли маблағларни ўзлаштириш йўли билан жами 1,4 миллиард сўмни талон-торож қилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид