Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дарёга қулаган темирйўл ва Тошкентдаги канализация қувурида йирик авария — маҳаллий дайжест
Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди. Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди. Навоийда 34,8 млрд сўм кешбэк ўзлаштириб юборилгани фош этилди. Тошкентдаги канализация қувурида йирик авария юз берди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Самарқандда темирйўл ўтказилган дамба ўпирилди
Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтган янги темирйўл тармоғида фавқулодда ҳолат рўй берди. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган видеода дарё суви темирйўл ўтказилган дамбани ювиб кетгани, оқибатда релслар таянчсиз қолганини кўриш мумкин.
Ҳодиса Дўстлик маҳалласи ҳудудида, темирйўлнинг Зарафшон дарёси ёқалаб ўтган қисмида содир бўлган. У 2025 йил ноябрида фойдаланишга топширилган «Самарқанд – Ургут» янги темирйўл тармоғининг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Самарқанд ва Ургут ўртасида 55,4 километрлик янги темирйўл қурилган, иккита вокзал, иккита тўхташ пункти, иккита кўприк ҳамда юздан ортиқ сунъий иншоотлар барпо этилган эди. «Ўзбекистон темирйўллари» лойиҳа тақдимотида айнан Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темирйўл изларини сув оқимидан ҳимояловчи дамба қурилгани ҳақида маълум қилганди.
Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди
Махсус комиссия томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида жойлашган иссиқхоналарни демонтаж қилиш ҳамда уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди.
Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларига кўра, Тошкент вилояти тадбиркорлари Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига иссиқхоналарни кўчириши мумкин. Уларга кўчириш шартлари, имтиёзлар ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг иссиқхоналар сунъий иситиш тизимларидан узилади ва тегишли шартномалар бекор қилинади.
2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» ҳудудига кўчириладиган иссиқхоналар учун уларни демонтаж қилиш, ташиш ҳамда қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ер майдонининг ҳар бир сотихи учун 500 минг сўмгача миқдорда бир марталик тартибда қоплаб берилади.
Навоийда 34,8 млрд сўм кешбэк ўзлаштириб юборилгани фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Навоий шаҳрида 34,8 млрд сўм маблағ кешбэк сифатида ҳисобланиб, ўзлаштириб юборилганини аниқлади.
Терговга қадар текширувда 13 та корхона масъуллари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 4,5 трлн сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштириб, гўёки савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотгани ҳақида харид чекларини чиқарган. 105 524 нафар фуқарога Soliq Mobile иловаси орқали кешбэк сифатида 34,8 млрд сўм ҳисобланиб ўзлаштириб юборилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тошкентдаги канализация қувурида йирик авария юз берди
Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Дилбулоқ маҳалласида кўп қаватли уй қуриш пайтида канализация қувури ёрилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳолат қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги сабабли юз бергани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода экскаватор оқова сувлар остида қолиб кетгани, бир киши сувдан чиқишга уринаётгани кўринади. Ҳозирча авария бўйича батафсил маълумот берилмади.
Мавзуга оид
18:58 / 02.07.2026
Тошкентда болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйган боғча ва Ўзбекистон — ёшлар мамлакати — маҳаллий дайжест
19:55 / 01.07.2026
Ўзбекистоннинг голи дунё эътирофида ва юк машинаси рулидаги 7 ёшли бола — маҳаллий дайжест
19:29 / 30.06.2026
39 миллионлик аҳоли ва президентнинг миллий жамоани қўллаб-қувватлаш чақириғи — маҳаллий дайжест
18:30 / 29.06.2026