Ўзбекистон | 19:29
1029
6 дақиқада ўқилади

39 миллионлик аҳоли ва президентнинг миллий жамоани қўллаб-қувватлаш чақириғи — маҳаллий дайжест

Рўйхатга олиш якунларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ортгани маълум бўлди. Президент миллий жамоа футболчиларини қўллаб-қувватлашга чақирди. Профилактика инспектори, йўл-патрул, патрул-пост ва қўриқлаш хизмати ягона тизимга бирлаштирилади. Олий таълим вазирлиги талабалар турар жойлари сотувга қўйилмаганини маълум қилди. Тошкентда «ақлли зебра» тизими синов тариқасида ишга туширилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент миллий жамоа футболчиларини қўллаб-қувватлашга чақирди

Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда Ўзбекистон миллий жамоасининг футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокига тўхталди.

«...Миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда. Лекин ватанимиз шарафини ҳимоя қилган терма жамоамиз аъзоларига ортиқча ҳис-туйғу билан эътироз билдириш, улардан айб қидириш халқимизга хос иш эмас. Аксинча, бугун уларни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш ҳар қачонгидан ҳам муҳим», деди президент.

Катта ғалабалар ҳали олдинда экани, бунинг учун футболни ривожлантиришга янада кенг шароитлар яратилиши, бу соҳага инвестиция кўпайтирилиши таъкидланди. Энг аввало, болалар футболига эътибор кучайтирилиб, мазкур спорт умуммиллий ҳаракатга айлантирилади. Келаси йилнинг январида Саудия Арабистони майдонларида ўтказиладиган футбол бўйича Осиё кубогига тайёргарлик ҳозирдан бошланади.

«Биз жамоамизга ишонамиз ва ушбу мусобақада ҳам бутун халқимиз билан қўллаб-қувватлаймиз!» – деди президент.

Рўйхатга олиш якунлари: Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ортгани маълум бўлди

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари Ўзбекистон аҳолиси 39 047 321 нафар эканини кўрсатди. Рўйхатга олиш натижасидаги аҳоли сони расмий статистикадан 810,6 минг нафарга кўп экани аниқланди. Аҳолининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи қишлоқ жойларда яшамоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда 1 йилдан ортиқ муддат яшаётган 56 860 нафар хориж фуқароси аниқланди. Шундан 13 312 нафари ёки 23 фоизи ҳиндистонликлар, 10 826 нафар ёки 19 фоизи россияликлардир.

Рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 34,9 миллион нафари ёки 89,4 фоизи ўзбек миллатига мансуб. Шунингдек, аҳолининг 35,7 млн нафари ёки 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили деб ҳисоблайди.

Профилактика инспектори, йўл-патрул, патрул-пост ва қўриқлаш хизмати ягона тизимга бирлаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда жиноятчиликни баҳолашда рақамлар ва кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан тўлиқ воз кечилмагани кўрсатиб ўтилди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари “аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим” тамойили асосида белгиланиши таклиф қилинди.

Бунинг учун профилактика инспекторлари, йўл-патрул, патрул-пост ва қўриқлаш хизматлари фаолиятини ўзаро уйғунлаштириш, уларнинг аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш борасидаги вазифаларини ягона тизимга бирлаштириш назарда тутилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда айрим функция ва ваколатларни патрул-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига, жамоат тартибини сақлашдаги баъзи ваколатларни эса йўл-патрул хизматига бериш кўзда тутилмоқда.

Олий таълим вазирлиги талабалар турар жойлари сотувга қўйилмаганини маълум қилди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабалар турар жойлари сотувга қўйилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Вазирликнинг таъкидлашича, оммавий савдога талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги бўш турган ертўла, ҳовли қисми, ошхона, буфет ҳамда ётоқ жой сифатида фойдаланилмайдиган бошқа ёрдамчи майдонларни ижарага бериш учун объектлар қўйилган.

Хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Фарғона давлат университети, Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети, Фарғона давлат техника университети ва Термиз давлат университетидаги айрим бўш майдонлар оммавий савдолар орқали ижарага бериш учун жойлаштирилган. Мазкур объектлар талабалар яшайдиган хоналар ҳисобланмайди ва ётоқхоналардаги ўринлар сони қисқаришига сабаб бўлмайди.

Тошкентда «ақлли зебра» тизими синов тариқасида ишга туширилди

Тошкент шаҳрида пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида янги авлод RRFB (Rectangular Rapid Flashing Beacon) технологияси синов тариқасида жорий этилди. Янги тизим ҳайдовчиларни пиёдалар ўтиш жойи ҳақида олдиндан огоҳлантириш орқали йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган.

Мазкур технология ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш жойини қайси қатор ёки қайси йўналишда ҳаракатланаётганидан қатъи назар, узоқ масофадан аниқ кўриши учун ишлаб чиқилган. Тизим асосан транспорт оқими паст ва ўртача бўлган кўчаларда қўллашга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида огоҳлантирувчи сигнал чироқлари йўлнинг икки четида, ажратувчи қисмида ҳамда қатнов қисми устидаги баланд конструкцияга ўрнатилган. Бу эса пиёдалар ўтиш жойининг ҳайдовчиларга ҳар қандай нуқтадан яхши кўринишини таъминлайди.

Шунингдек, йўлнинг икки томонида чақирув тугмалари билан жиҳозланган устунлар ўрнатилган. Пиёда тугмани босган заҳоти устунлардаги ёрқин сариқ сигнал чироқлари ишга тушиб, ҳайдовчиларни пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтиш нияти ҳақида огоҳлантиради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид