Жаҳон | 15:05
673
4 дақиқада ўқилади

Telegram: хорижий махсус хизматларда ёзишмаларга кириш имкони йўқ

Telegram компанияси ўзининг шифрлаш тизимига нисбатан компрометация ҳолатлари аниқланмаганини билдирди. Компания шу тариқа Россия рақамли тараққиёт вазирининг хорижий разведка хизматлари гўёки мессенжердаги хабарларга кириш имконига эга, деган баёнотига жавоб қайтарди.

Фото: Дмитрий Феоктистов/ТАСС

Telegram дастурини ишлаб чиққан компания Россия ҳокимиятининг “хорижий махсус хизматлар ушбу мессенжердаги шифрлаш кодларига кириш имконига эга бўлган” деган иддаоларини «уйдирма» деб атади. Компания матбуот хизмати Reuters агентлигининг сўровига жавобан, пайшанба, 19 феврал куни эълон қилинган баёнотда, Россияда бу каби даъволар Telegram’ни шу баҳона билан тақиқлаш ва россиялик фойдаланувчиларни давлат назоратидаги, оммавий назорат ҳамда цензура учун яратилган хабар алмашиш платформаси Max’га мажбуран ўтказиш мақсадида айтилаётганини билдирди.

Бундан бир кун олдин Россия Рақамли тараққиёт, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги раҳбари Максут Шадаев Россия ҳокимияти гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан олинган “тўғридан тўғри тасдиқлар”га эга эканини айтган: уларга кўра, хорижий махсус хизматлар Telegram’даги ёзишмаларга кириш имконига эга. Шадаевнинг сўзларига кўра, махсус хизматлар бу йўл билан қўлга киритилган маълумотни “Россия Қуролли кучларига қарши ҳарбий ҳаракатлар доирасида” ишлатади ва бу “тизимли кўриниш”га эга. Шу билан бирга, вазирлик раҳбари ҳокимият ҳозирча ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида Telegram ишини чеклашни режалаштирмаётганини таъкидлаган.

Telegram ишидаги чекловлар уруши қўллаб-қувватловчи блогерлар ва жамоат арбоблари томонидан кескин танқидга учради. Уларнинг айтишича, мессенжер Украинадаги урушда россиялик ҳарбийлар томонидан тезкор алоқа учун кенг қўлланади. Аввалроқ Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Telegram’нинг ҳарбий ҳаракатларга эҳтимолий таъсири ҳақидаги саволга жавобан, фронтдаги алоқа мессенжерлар орқали таъминланади деган тахминни реал деб ҳисобламаслигини билдирган. 19 феврал куни Песков журналистларга Кремлнинг Telegram’да ҳали ҳам расмий канали борлигини ва уни юритишда муаммолар йўқлигини айтди.

Шу орада 10 феврал куни Роскомнадзор Telegram ишига нисбатан кейинги “изчил чекловлар”ни режалаштираётганини маълум қилди ва сервис Россия қонунчилиги талабларини бузишда давом этаётганини билдирди. Кейинчалик Baza Telegram-канали манбаларга таяниб, 1 апрелдан регулятор гўёки Telegram’ни Instagram ва Facebook каби “тўлиқ блоклаш”ни бошламоқчи эканини хабар қилди. Жавобан Роскомнадзор аввал эълон қилинган маълумотдан ташқари қўшимча ахборотга эга эмаслигини билдирди.

Экспертлар айтишича, Telegram аллақачон секин ишлаяпти ва бу Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. “Россияда Telegram батамом ёпиб қўйилмаган, аммо чекловларнинг турли даражалари бор. Фронтдан зиддиятли сигналлар келяпти: кимда у аввалгидек ишлаяпти, кимда эса умуман ишламаяпти”, — деди DW’га ҳарбий эксперт Ян Матвеев. Расман Россияда тегишли тизим ва ускуналарга эга, ҳимояланган алоқа каналлари мавжуд бўлган алоқа қўшинлари бор. Аммо Матвеев таъкидлашича, Россия ҳокимияти бу соҳани ислоҳ қилишга муваффақ бўлмаган: “Россия алоқа қўшинлари кўп жиҳатдан эскирган ҳолда қолган. Ислоҳотлар ва янги коммуникация тизимларига ўтиш доимий равишда коррупция сабабли издан чиққан”.

Амалда Telegram алоқанинг асосий манбаига айланган: унда жанг вазифалари учун ёпиқ чатлар тузилади, бундан ташқари мессенжер фронтда бошқарув ва зарбаларни йўналтиришнинг ҳам муҳим воситаси бўлиб қолмоқда. Буни Z-блогерлар ва ҳарбий мухбирлар маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид