Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Искандер» ракета заводига ҳужум ва Трампнинг божларини бекор қилган Олий суд – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Олий суд тўқнашуви
Бир йилдан ортиқ вақт давомида АҚШ президенти Доналд Трамп гўёки монарх каби ҳаракат қилиб келди. Маъмурият унинг кучи, таҳдидлари ва кайфиятларига мослашиб бораётгандек эди.
Жума куни АҚШ Олий суди бу йўналишни кутилмаганда ўзгартирди. Хусусан, Олий суд судялари 6 га 3 нисбатда Трамп ўтган йили жорий этган глобал божлари — тарифларни қонунга хилоф деб топди.
Суд президент ўз ваколатларини ошириб юборган деб ҳисобламоқда. Суднинг тушунтиришича, 1977 йилдаги махсус қонун президентга солиқларни ўзгартириш бўйича аниқ ваколат бермаган.
Президент Трамп эса суд қарорини «даҳшатли» деб атади ва бунга қарши чиққан, аслида ўзи тайинлаган судяларни ҳам «аҳмоқлар» ва «ватанпарвар эмас» деб ҳақорат қилди.
Суд қароридан сўнг Трамп дарҳол яна 10 фоизлик янги глобал божлар жорий этишини эълон қилди. Бу сафар у аввал фойдаланилмаган «122-бўлим» (Section 122) қонунига таянмоқда.
Суд қароридан кейин Wall Street'да акциялар нархи кўтарилди. Бизнес давлат томонидан ноқонуний йиғилган миллиардлаб доллар бож пулларини қайтариб олишга умид қилмоқда. Трамп эса пулларни қайтариш осон бўлмаслигини ва суд жараёнлари йиллаб давом этишини айтди.
«Искандер» ишлаб чиқариладиган заводга ҳужум
Украина чегарасидан қарийб бир ярим минг километр узоқликда жойлашган Удмуртия Республикасида номи ошкор қилинмаган «объект» ҳужумга учради. Унинг зарарлангани фактини маҳаллий губернатор Александр Бречалов тасдиқлади. Кейинроқ республика соғлиқни сақлаш вазири 11 киши жароҳатланганини маълум қилди.
«Астра» нашри гувоҳлар видеоларини таҳлил қилиб чиқарган хулосага кўра, ҳужумда «Воткинск заводи» зарарланган. Бу заводда эса «Искандер-М», «Топол-М» ва «Орешник» баллистик ракеталари ишлаб чиқарилади. Ушбу стратегик мудофаа корхонаси АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида. Маҳаллий аҳоли маълумотига кўра, зарба туфайли заводнинг икки цехи шикастланган.
Худди шу ҳарбий корхонада 2024 йил 7 феврал куни ҳам кучли портлаш содир бўлганди. Ўшанда портлаш «ракета двигателларини режалаштирилган синовдан ўтказиш» натижаси экани айтилган.
Қатор украиналик каналларга кўра, «Воткинск заводи»га зарба дронлар орқали эмас, балки маҳаллий «Фламинго» ракеталари билан берилган. Украина ва Россия томонлари ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.
Ғарбий соҳилда АҚШ фуқароси ўлдирилди
Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчи томонидан отиб яраланган 19 ёшли Фаластин ва АҚШ фуқароси вафот этди. Бу ҳақда Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
АҚШ элчихонаси расмийси зўравонликни қоралаб, «Давлат департаменти учун хориждаги АҚШ фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясидан устунроқ устувор вазифа йўқ» эканини айтди.
Жамал Абу Сиям чоршанба куни Рамаллоҳ яқинидаги Мухмас қишлоғида ўқ еб яраланганди. Исмини ошкор қилишни истамаган Абу Сиямнинг қариндошларидан бири кўчманчилар қўйларни ўғирлаш учун қишлоққа бостириб кирганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Абу Сиям ва қишлоқ аҳолиси ўғирликнинг олдини олишга уринганида, кўчманчилар уларга қарата ўқ узишни бошлаган. Абу Сиям ҳамда бошқалар яраланган. Ҳужум оқибатида беш киши жароҳатланган, улардан уч нафари — жумладан, Абу Сиям ҳам ўқдан яраланган.
Исроил армияси воқеа юзасидан изоҳ бермади.
2023 йил октябрида Ғазодаги уруш бошланганидан бери Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан фаластинликларга қарши зўравонлик кескин ошган. БМТ маълумотларига кўра, 2026 йилда кўчманчилар ҳужумлари сабаб қарийб 700 киши кўчишга мажбур бўлган ва тўққиз нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 2025 йилда эса 240 киши ўлдирилган эди.
Лекин яҳудий кўчманчилар зўравонлиги бўйича Исроилда айблов эълон қилиниши ҳолати жуда кам учрайди.
Нигерияда яна қонли ҳужум
Нигериянинг шимоли-ғарбидаги Замфара штатида қуролланган шахслар қишлоққа ҳужум қилиши оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди, бир неча аёллар ва болалар ўғирлаб кетилди.
Reutersʼнинг маҳаллий депутат Ҳамису Фаруга таяниб ёзишича, ҳужумчилар жумага ўтар кечаси Тунган Дутсе қишлоғига бостириб кириб, биноларни ёқиб юборган ва қочишга уринган аҳолига ўқ узган.
«Улар бир қишлоқдан бошқасига ўтиб юришибди… камида 50 кишини ўлдириб кетишди», деди Фару.
У ўғирлаб кетилганлар сони ҳали аниқланмаганини айтди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари бедарак йўқолганларни ҳисобга олишда давом этмоқда. Замфара штати полицияси ҳолатга изоҳ бермаган.
Маҳаллий аҳоли бир кун олдин 150 дан ортиқ мотоциклда қуролланган шахсларни кўриб, хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳокимиятни огоҳлантирган эди. Аммо огоҳлантириш эътиборсиз қолдирилган.
Шимолий Нигерия бўйлаб «бандитлар» деб аталадиган гуруҳлар ҳужумлари кескин кўпайган — улар қотилликлар, товон учун одам ўғирлаш ва жамоаларни кўчишга мажбур қилиш каби ҳужумларни амалга ошириб келмоқда.
Венгрия Украинага 90 миллиард евролик кредитни тўсмоқчи
Европа Иттифоқи Украинага 90 миллиард евро миқдорида кредит пакетини тақдим этишга келишилганидан сўнг расмий Будапешт келишувга вето қўйишни режалаштираётганини билдирди.
«Украина 'Дружба' қувурини тўсиб турган экан, Венгрия 90 миллиард евролик Украина уруш кредитини тўсади. Бизни шантаж қилиб бўлмайди!» деб ёзди Венгрия бош вазири Виктор Орбан.
Украина расмийларининг айтишича, рус нефтини Украина орқали Венгрия ва Словакияга етказиб берадиган қувурлар январ ойида Россиянинг зарбалари натижасида шикастлангани сабаб узилган.
Бироқ Венгрия ва Словакия сиёсатчилари етказиб беришни тиклашга Украина раҳбарияти тўсқинлик қилаётганини айтмоқда. Ҳар икки давлат нефт импортида Россиянинг ушбу қувурига катта даражада боғлиқ. Шунингдек, улар Евроиттифоқдаги Россияга энг яқин ҳукуматлар ҳисобланади.
Венгрия расмийларига кўра, Украина – россияпараст Орбаннинг сайловларидан олдин «қувур орқали нефт оқимини тўхтатиб, «шантаж» қилмоқда. 16 йил ичида илк бор Орбан парламент сайловида мағлуб бўлиш эҳтимоли билан юзлашмоқда.
Чоршанба куни Словакия бош вазири Роберт Фицо ҳам таъминот бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди: агар қувур қайта очилмаса, Украинага нисбатан жавоб чоралари кўрилади.
Киев узоқ вақтдан бери Европадаги иттифоқчиларини Россия энергия ресурсларини сотиб олишни тўхтатишга чақириб келмоқда. Чунки бу пуллар Москванинг босқинчилик урушини молиялаштиришга ёрдам беради.
Мавзуга оид
14:47 / 20.02.2026
Ғазони тиклаш учун пул ва ҳарбийлар, Эпштейнга алоқадор Британия шаҳзодаси ва Эронга муҳлат қўйган Трамп – кун дайжести
14:54 / 19.02.2026
Эронга зарба беришга тайёр АҚШ, музокарадан кўнгли тўлмаган Зеленский ва НАТОни айблаган Патрушев – кун дайжести
15:15 / 18.02.2026
Хитойни ядровий синовларда айблаган АҚШ, Женевадаги музокаралар ва президентини ишдан олган Перу Конгресси – кун дайжести
15:38 / 17.02.2026