Жаҳон | 15:35
1682
9 дақиқада ўқилади

Эрон атрофидаги қирувчилар, Дуровга қарши «терроризмга оид айблов» ва Ливанни огоҳлантирган Исроил – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШнинг Эрон атрофидаги қирувчилари

Anadolu ахборот агентлиги Эрон атрофида кескинлик кучайиб бораётган бир вақтда Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига йўл олган ўнлаб қирувчи самолётларни кузатди.

Очиқ манбалар маълумотларига кўра, минтақада 300 дан ортиқ АҚШ ҳарбий самолёти мавжуд. Улар асосан Қатардаги "Al-Udeid", Иорданиядаги "Muwaffaq Salti" ва Саудиядаги "Prince Sultan" авиабазаларида жойлаштирилган. Шунингдек, Абраҳам Линколн ва Гералд Форд авиация ташувчи кемаларидаги 8- ва 9-авиация қанотлари ҳам киради.

Январ бошидан буён ушбу ҳаво кучларини шакллантириш учун АҚШ Марказий қўмондонлиги тахминан 270 та логистика рейсини амалга оширган. Шунингдек, Патриот ва THAAD ракетага қарши мудофаа тизимлари ҳам олиб келинган.

Йиғилган ҳаво кучлари турли қўллаб-қувватловчи ва ҳужумчи самолётлардан иборат. Улар орасида тахминан 48 та F-16 ва 42 та F-35 самолётлари бор. Ўтган йил июн ойидаги операцияда ишлатилган B-2 бомбардимончиларининг ҳаракати кузатилмаган.

Шунингдек, Исроилнинг ўзига тегишли 250 дан ортиқ ҳужумкор қирувчи самолётлари АҚШнинг минтақадаги ҳаво салоҳиятини амалда икки баробарга оширади. Бундан ташқари, сешанба куни Исроил АҚШдан унинг арсеналидаги энг илғор самолётлар — F-22 «Raptor»ларнинг 12 тасини қабул қилиб олди.

Шу билан бирга АҚШ ва Эрон ўртасидаги билвосита ядровий музокаралар ҳам давом этмоқда. АҚШнинг бу ҳаракатлари Эронга босим ва музокаралар иш бермаса, эҳтимолий урушга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.

Дуровга қарши жиноий иш

Россияда Telegram асосчи Павел Дуров терроризмга оид айбловлар бўйича жиноят иши доирасида тергов қилинаётгани эълон қилинди.

Россиянинг расмий давлат газетаси эълон қилган мақола «Россия Федерал хавфсизлик хизмати материалларига асосланганини» айтиб, иловани «гибрид таҳдидлар воситаси» деб атаган. «Telegram раҳбари П. Дуровнинг ҳаракатлари «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш» бўйича қўзғатилган иш доирасида тергов қилинмоқда», дейилади унда.

Мақолада Telegram — НАТО ҳарбий иттифоқи ва Украина воситасига айлангани, радикаллар ва террорчилар томонидан кенг қўлланаётгани ёзилган.

«Кўплаб қоидабузарликлар ва Telegram маъмуриятининг расмийларимиз билан ҳамкорлик қилишни истамаслиги қайд этилди. Тегишли органлар зарур деб билган чораларни кўрмоқда», деди Кремл сўзчиси Песков.

Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ўзи «расмийлар россияликларнинг Telegramʼдан фойдаланиш имкониятини чеклаш учун ҳар куни янги баҳоналар ўйлаб топаётганини» айтди. «Улар шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлигини бостиришга уринмоқда. Ўз халқидан қўрқаётган давлатнинг ачинарли манзараси», деб ёзди Дуров.

Расмийлар VPN, WhatsApp ҳамда Telegram каби мессенжерларга қарши чоралар — Украина томонидан Россия ичкарисида амалга оширилаётган ҳалокатли ҳужумлар ва Ғарб разведкаларининг тахминий саботажга уринишлари фонида хавфсизлик учун зарур эканини айтмоқда.

Кремл 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга Telegramʼни блоклашга уринмоқда. Мақсад – ўн миллионлаб россияликларни МАХ номли давлат қўллаб-қувватлайдиган муқобил иловага йўналтирмоқчи.

Аслида иловадан Кремлнинг ўзи ҳам, россияпараст ҳарбий блогерлар ва Путинни қўлловчи тарғиботчилар ҳам кенг фойдаланади.

Украинага ёрдам масаласи

Венгриянинг ташаббусни блоклаётган позициясига қарамай, Украина Европа Иттифоқидан 90 миллиард евро миқдоридаги фоизсиз кредитни «шундай ёки бошқача йўл билан» олади. Бу ҳақда Еврокомиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Киевдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

«Рухсат беринг, тўлиқ аниқлик киритай. Кредит Европа кенгашида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг 27 нафари томонидан келишилган. Улар сўз берди. Бу сўз бузилиши мумкин эмас», деди Ляйен. Унинг айтишича, Европа Иттифоқида фойдаланилиши мумкин бўлган «турли вариантлар» бор.

Украина учун кредитнинг устувор вазифаси «мудофаа соҳасидаги энг долзарб эҳтиёжларни» қондиришдир. «У украин кучлари учун илғор мудофаа ускуналарини харид қилиш ва ишлаб чиқаришга ёрдам беради», деди Еврокомиссия раиси.

20 феврал куни Венгрия Украинага кредит ажратилишини блоклаганди. Будапешт «Дружба» қувури орқали Венгрияга нефт транзити тикланмагунча ўз позициясини ўзгартирмаслигини айтмоқда.

Украина эса Россия нефтини Словакия ва Венгрияга етказиш учун унинг ҳудуди орқали ўтувчи қувур Россия зарбалари натижасида шикастланганини айтмоқда. Зеленский қувур вайрон қилингани учун жавобгарлик Москва зиммасида эканини айтди.

Исроил Ливанни огоҳлантирди

Агар «Ҳизбуллоҳ» АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳар қандай урушга аралашса, Исроил Ливанга қаттиқ зарба бериш ва аэропортни ҳам ўз ичига олган фуқаролик инфратузилмасини нишонга олишини айтиб, огоҳлантирган. Бу ҳақда икки нафар юқори мартабали ливанлик расмий Reutersʼга айтган. Манбаларга кўра, Исроилнинг бу хабари билвосита етказилган. Исроил бош вазири идораси ҳамда Ливан президентлиги изоҳ сўровларига жавоб бермади.

«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари Наим Қосим ўтган ойдаги мурожаатида гуруҳ Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги қарама-қаршиликда «бетараф эмаслигини» ва «эҳтимолий тажовуз нишонида» эканини айтганди.

«Биз ўзимизни ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганмиз. Вақти келганда қандай ҳаракат қилишни — аралашамизми ёки йўқ, ўзимиз танлаймиз», деди Қосим.

Бир йил аввал лавозимга келган Ливан бош вазири Наваф Салам эса — Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантиришга интилиб келмоқда. У сешанба куни гуруҳни Ливанни «яна бир саргузашт»га тортмасликка чақирди.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Бейрутдаги АҚШ элчихонасидан зарур бўлмаган ҳукумат ходимлари ва уларнинг тегишли оила аъзоларини олиб чиқмоқда.

Исроил 2024 йилдаги уруш давомида «Ҳизбуллоҳ»га оғир зарбалар берди — унинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ҳамда минглаб жангчиларини ўлдирди ва арсеналининг катта қисмини йўқ қилди.

Шундан сўнг 2024 йилдаги АҚШ воситачилигида сулҳга қарамай, Исроил Ливанга мунтазам зарбалар бериб келмоқда ва гуруҳни қайта қуролланишда айбламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ўт очишни тўхтатишдан буён Исроил зарбалари натижасида Ливанда қарийб 400 киши ҳалок бўлган.

Москвада портлаш

Москва шаҳрида Савёловский вокзали яқинида 24 февралга ўтар кечаси портлаш юз берди. Натижада бир нафар полициячи ҳалок бўлди, яна икки киши яраланди. Портлашни содир этган шахс ҳам ҳалок бўлган.

Россия Тергов қўмитаси вакилининг айтишича, йўл-патрул хизмати уч нафар ходими Савёловский вокзали майдонида хизмат олиб бораётган пайтда «бир эркак яқинлашиб, ўзини портлатган».

Кейинроқ Россия Тергов қўмитаси худкуш — Удмуртияда туғилган 22 ёшли йигит эканини билдирди, бироқ унинг исми очиқланмаган. Тергов версиясига кўра, у 22 феврал куни Санкт-Петербургдан Москвага келган.

Портлаш жойидан эълон қилинган кадрларда полиция автомобили жиддий зарар кўргани кўринади. Машина кузови ичкаридан қийшайиб кетган, ёнғин кузатилмаган. «Тасс» манбаси портловчи қурилма қуввати тротил эквивалентида тахминан 300 грамм бўлганини айтган.

Кун давомида портлашга Россия президенти Владимир Путин ҳам изоҳ берди. «Бугунги кунда одатий бўлган интернет орқали ёллаш бўлса керак. Одамга портловчи қурилмани тутқазишган, кейин эса масофадан туриб уни ҳам, эҳтимолий ҳужум объектини ҳам портлатишган», деди у ФСБ ҳайъати йиғилишида.

Бу сўнгги икки ой ичида Москвада содир бўлган иккинчи шундай портлашдир. 24 декабрга ўтар кечаси ҳам Москвада портлаш содир бўлиб, уч киши, жумладан, икки нафар ДПС ходими ҳалок бўлганди.

22 февралга ўтар кечаси Украинанинг Лвив шаҳрида ҳам портлаш содир бўлди: унда 23 ёшли полиция ходимаси ҳалок бўлган ва 25 киши жароҳатланган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид