Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон АҚШ билан эҳтимолий уруш оқибатларига тайёрланмоқда
Мамлакатни амалда Хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний бошқармоқда. Эрон раҳбарлари ҳарбий зарбалар нишонига айланиши эҳтимоли ҳисобга олиниб, уларнинг ҳар бирига тўрт нафардан ворис танланган.
Iranian Security Council Press / Anadolu / Getty Images
The New York Times газетаси Эрон раҳбариятиги олти манба билан ўтказилган интервюлар асосида ислом республикаси эҳтимолий урушга қандай тайёрланаётгани ҳақида ҳикоя қилди. Барча кучишлатар тузилмалар шай ҳолатга келтирилган. Режимнинг асосий хавотири – сиёсий хаос келиб чиқишидан. Унинг олдини олиш учун мисли кўрилмаган чоралар кўрилган. Мамлакатга раҳбарлик амалда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби – консерватор, хавфсизлик кучлари ходими ва Эрон сиёсати фахрийси Али Ларижонийга ўтган.
2026 йил январ ойидан бошлаб Эронда оятуллоҳ режимига қарши кенг кўламли норозилик намойишлари ва Америка ҳаво ҳужумларини кутиш фонида Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний мамлакатнинг амалдаги раҳбарига айланган. Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий норозилик намойишларини бостириш ва урушга тайёргарлик кўриш вазифасини айнан унга топширган. Шунингдек, у режимнинг асосий ҳамкорлари – Россия, Қатар ва Ўмон билан алоқаларни давом эттирмоқда. АҚШ билан музокараларни расман ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи олиб бораётган бўлса-да, у саҳна ортида туриб жараённи назорат қилмоқда.
67 ёшли Ларижоний нуфузли кланга мансуб: унинг отаси таниқли шиа воизи, акаларидан бири – Хоминаийнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси, бошқаси Эрон суд тизими раҳбари бўлган, ҳозирда эса мамлакат олий раҳнамоси ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланган Шариат кенгашини бошқаради. Унинг бошқа қариндошлари ҳам ислом республикаси диний ва сиёсий тузилмаларида муҳим лавозимларни эгаллаган.
Али Ларижонийнинг ўзи Ислом инқилоби муҳофизлари корпусида бригада генерали даражасигача кўтарилган, ўн йил мобайнида давлат телерадиокомпаниясини бошқарган. 2005 йилда президентлик сайловларида номзодини қўйган, аммо атиги олтинчи ўрин билан чекланган. Ўша йилги сайловларда ғолиб чиққан Маҳмуд Аҳмадинажот уни Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби этиб тайинлайди. Ларижоний 2008 йилда бу лавозимдан бўшайди ва Эрон парламенти спикерига айланиб, бу лавозимда 2020 йилга қадар ишлайди.
Ларижоний Хоминаийнинг ишончига кирган яқин кишисига айланган. У ўтакетган консерватор (ислом инқилоби принципларига қаттиқ амал қилади), ислом республикасининг бошқарув тузилмаларида катта ва хилма-хил иш тажрибасига эга. 2000-йилларда у Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ билан ўтказилган музокараларни назорат қилган, 2020-йилларда эса Эроннинг Хитой билан яқинлашув сиёсатининг бош меъмори бўлган.
2025 йил бошида Ларижонийнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаоллиги ортади, Эрон президенти Маҳмуд Пизишкиённинг таъсири эса заифлашади. Москвада Владимир Путин ва Яқин Шарқ етакчилари билан учрашувда айнан у қатнашганди. ОАВда ва ижтимоий тармоқларда ҳам айнан у ислом республикаси позициясини ифода эта бошлади.
Жорий йил январ ойидаги намойишларни бостириш учун интернет фаолияти чекланганида бу мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказгач, Пизишкиён Ларижонийдан чекловларни юмшатиш учун рухсат сўрашига тўғри келганди. АҚШ президенти Стив Уиткофф қўлга олинган намойишчилар тақдири бўйича аниқлик киритиш учун Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан боғланганида, вазир қандай жавоб қайтаришни сўраш учун ўзининг тўғридан тўғри раҳбари бўлган президентга юзланган, аммо у америкаликлар билан барча алоқаларни Ларижоний билан келишиш кераклигини билдирганди.
Ўшанда Уиткофф қўлга олинган намойишчилар қатл этилмаслигига ишонтирилади. Лекин бунинг ортидан намойишчилар бемисл даражада ёппасига судсиз қатл қилингани маълум бўлади – эронлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, қурбонлар сони 30 минг атрофида бўлган.
Хоминаий суиқасдлардан қўрқиб, деярли доим бункерда яширинмоқда. 2025 йил июнида, 12 кунлик урушнинг илк кунларида Исроил нуқтали зарбалар билан Эрон қуролли кучларининг муҳим қўмондонларини ўлдириб юборганди, натижада хаос юзага келиб, бу эса самарали қаршилик кўрсатишга имкон бермаганди. Шундай сценарий такрорланмаслиги учун, Хоминаий ўзи томонидан тайинланадиган ҳарбий ва давлат мулозимларининг ҳар бирига тўрт нафардан эҳимолий ворисни белгилаб қўйган. Қолган кичик амалдорлар ҳам ўзига тўрт нафардан ўринбосар тайинлаши керак бўлади. Хоминаий ўзи вафот этган тақдирда ўрнини эгаллаши мумкин бўлган уч кишини аниқлаб олган – уларнинг номлари очиқланмаяпти.
Бундан ташқари, Хоминаий олий раҳбар вафот этган ёки у билан алоқа узилган тақдирда қарор қабул қилиш ваколатига эга бўладиган тор гуруҳни белгилаб олган. Булар Ларижоний, Хоминаийнинг бош ҳарбий маслаҳатчиси Яҳё Раҳим Сафавий, парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва Хоминаий идораси раҳбари Али Асқар Ҳижозий. Шунингдек, янги мувофиқлаштирувчи ҳарбий орган – адмирал Али Шамхоний бошчилигидаги Миллий мудофаа кенгаши ташкил этилган.
Эрон раҳбарлари муҳокама қилаётган масалалардан бири – ким «Эрон Делсиси» бўлиши масаласидир. Бунда АҚШ Николас Мадурони қўлга олганидан кейин Венесуэла раҳбарлигини ўз қўлига олган, бир томондан режим ва у билан боғлиқ элитанинг омон қолишини таъминлаган, бошқа томондан эса АҚШ ва халқаро ҳамжамият билан алоқаларни қайта йўлга қўйган Делси Родригес назарда тутилмоқда.
Ислом республикасида бу рол учун биринчи номзод – Ларижоний, кейингиси – парламент спикери Ғолибофдир. Шунингдек, собиқ президент Ҳасан Руҳонийнинг ҳам номзоди кўриб чиқилмоқда – у оятуллоҳ Хоминаийнинг яқинлари дорирасига кирмайди, аммо ислоҳотчи сиёсатчи ҳисобланади ва АҚШ томони унинг номзодига хайрихоҳ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
15:24
Bloomberg: РФ ва Эрон Хитойга нефт сотиш учун нарх уруши олиб бормоқда
00:01
Эрон АҚШ зарба берган тақдирда тўлақонли қарши ҳужумга ўтмоқчи – ОАВ
22:09 / 25.02.2026
Эрон биқинидаги армада ва эҳтимолий нишонлар. Хариталар узра шарҳ
17:39 / 25.02.2026