Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия бундестаги Украина қўллаб-қувватланиши ҳақида резолюция қабул қилди
РФнинг Украинага қарши тўлиқ кўламли уруши бошланганига тўрт йил тўлиши муносабати билан қабул қилинган резолюция матнида айтилишича, Украина ўз миллий чегараларидан ташқарида ҳам эркинликни, демократияни ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилмоқда.
Фото: Maja Hitij/ Getty Images
Германия Федератив Республикаси бундестаги Германиянинг Украинага Россия ҳарбий тажовузига қарши курашида кўрсатаётган қўллаб-қувватловини яна бир бор тасдиқлади. Чоршанба, 25 феврал куни депутатлар коалиция кўпчилиги билан РФнинг Украинага тўлиқ кўламли бостириб кирганига тўрт йил тўлиши муносабати билан тайёрланган резолюцияни қабул қилди.
Ҳукмрон партиялар — консерватив блок Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ), шунингдек Германия социал-демократик партияси (ГСДП) томонидан киритилган резолюция матнида таъкидланишича, Украина ўз миллий чегараларидан ташқарида ҳам эркинликни, демократияни ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилмоқда.
Бундестаг Украинага етарли миқдорда қурол-яроғ, ўқ-дори ва техника етказиб беришни қатъий қўллаб-қувватлайди, чунки немис парламентига кўра, Киев барқарор ва адолатли тинчликка фақат куч позициясидан туриб эриша олади. Бундан ташқари, Россия даромадларини, айниқса нефт экспортидан тушадиган даромадларни қисқартириш учун Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан санкцияларини янада кучайтириш зарурлиги айтилади.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул йиғилишда сўзга чиқиб, Украинада узоқ муддатли ва адолатли тинчликка эришишга чақирган. Унинг фикрича, агар Европа ҳудудларни босиб олиш ва зўравонликка кўниб қолса, бу экспансияга интилиб, ревизионист сиёсат юритаётган бошқа давлатлар учун ҳам намунага айланади.
Мухолифат ХДИ/ХСИ ва ГСДП таклифини қўллаб-қувватламади. Ўта ўнг радикал “Германия учун муқобил” партияси ва Сўл партия ҳукмрон коалицияни ҳарбий кучга ортиқча урғу бермоқда, деб айблади, “яшиллар” эса резолюцияни етарлича қамровли эмас, дея танқид қилди. Январ ойи охирида ГФР бундесрати ҳам Украина қўллаб-қувватланиши ҳақида резолюция қабул қилган эди.
Мавзуга оид
14:37
Украина дронлари учун “иккинчи контур”: ишлаб чиқариш Британияга кенгайди
14:07
ГФР ТИВ раҳбари: РФ активларини мусодара қилиш мавзуси кун тартибидан олинди
13:44
УХХ икки юқори лавозимли ҳарбийни “жиноят устида” ушлади
11:42