Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кобулга зарба берган Покистон, АҚШ–Эрон ядровий музокаралари ва Евроиттифоқнинг Қирғизистонга талаби – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Афғонистон ва Покистон ўртасида қуролли тўқнашув
«Толибон» пайшанба куни кечқурун Покистон чегараси бўйлаб ҳарбий позицияларга қарши операция бошлади. Натижада Покистоннинг икки нафар аскари ҳалок бўлган, қарши ҳужумда эса яна уч аскари яраланган.
«Толибон» ушбу «кенг кўламли» операция ҳафтанинг бошида амалга оширилган зарбаларга жавобан бошланганини даъво қилмоқда.
«Покистон ҳарбий доиралари томонидан чегарани такроран бузиш ва қўзғолонларга жавобан чегара бўйлаб Покистон армияси марказлари ва ҳарбий объектларига қарши кенг кўламли олдиндан зарба бериш операциялари бошланди», деб ёзди «Толибон» расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳид. Шунингдек, Мужоҳид ҳужум давомида кўплаб покистонлик аскарлар ўлдирилгани ва айримлари асир олинганини билдирди.
Бу даъволар Покистон бош вазири вакили томонидан рад этилди. «Дастлабки маълумотлар афғон томони катта талафот кўрганини, бир нечта постлар ва техника йўқ қилинганини тасдиқламоқда», - дейилади тунги баёнотда.
«Толибон» ҳужумидан сўнг Покистон ҳарбийлари жума куни тонг саҳарлаб Афғонистоннинг Кобул ва Қандаҳор шаҳарларига ҳаводан зарбалар берди. AFP хабарига кўра, Кобул аҳолиси шаҳар бўйлаб кучли портлашлар овозини эшитган.
Ҳар икки томон сўнгги тўқнашувларда бир-бирига катта талафот етказилгани, ўнлаб аскарларни ўлдирганини даъво қилмоқда.
Бу ҳаво ҳужумларидан кейин Покистон мудофаа вазири Муҳаммад Асиф кескин оҳангдаги баёнот бериб, «Толибон» ҳукумати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди.
«Покистон вазиятни тўғри йўллар билан ва дўст мамлакатлар орқали меъёрда сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. У тўлиқ ҳажмдаги дипломатияни ишга солди. Сабр косамиз тўлди. Энди бу — сиз билан бизнинг ўртамиздаги очиқ урушдир», деб ёзди Асиф.
Икки давлат ўтган йили чегарадош ҳудудларда юз берган ҳалокатли тўқнашувлардан сўнг мўрт сулҳга келишиб олганди, аммо сўнгги кунларда жанглар яна авж олмоқда. Покистон ва Афғонистон ўртасида 2 500 км узунликдаги тоғли чегара мавжуд.
АҚШ ва Эрон ядровий музокаралари
АҚШ ва Эрон Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокараларда силжишга эришди, деб хабар берди воситачи Уммон давлати. Бироқ пайшанба кунги кўп соатлик муҳокамалар аниқ бир бурилишсиз якунланди.
Икки томон ўз етакчилари билан маслаҳатлашувлар ўтказгандан сўнг музокараларни тез орада давом эттиради. Келаси ҳафта Венада техник даражадаги муҳокамалар ўтказилиши белгиланган.
Муҳокамада доимгидек Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ҳамда АҚШ вакиллари Стив Уиткофф, Жаред Кушнер қатнашган.
Арақчи Эрон давлат телевидениесига берган интервюсида: «баъзи масалаларда келишувга эришдик, бошқаларида эса фарқлар сақланиб қолмоқда», - деди. Унинг қўшимча қилишича, Эрон АҚШ санкцияларини бекор қилишни талаб қилмоқда, Вашингтон эса бунга фақат Теҳроннинг катта ён беришларидан кейингина рози бўлишини таъкидлаб келмоқда.
Трамп агар келишув бўлмаса, чора кўриш билан бир неча бор таҳдид қилган. 19 февралда эса Трамп Эронга келишув учун 10-15 кун муҳлат берган, акс ҳолда «жуда ёмон ишлар» содир бўлишидан огоҳлантирган эди.
Хитой армиясида яна тозалаш
26 феврал куни Хитой камида тўққиз нафар юқори мартабали ҳарбий амалдорни миллий қонун чиқарувчи орган таркибидан четлатди. South China Morning Post газетасининг хабар беришича, Халқ вакиллари Бутунхитой кенгаши – армия ва қуролли полициядан бўлган депутатлар рўйхатига ўзгартириш киритиб, уларнинг умумий сонини 243 нафарга туширган.
Четлатилганлар орасида беш нафар армия генерали, бир нафар генерал-лейтенант ва уч нафар генерал майор бор. Лавозимидан олинган беш нафар олий мартабали генерал қаторида ахборот, қуруқликдаги қўшинлар, денгиз ва ҳаво кучларининг собиқ қўмондонлари бор.
Шунингдек, Марказий ҳарбий кенгашнинг Мудофаа сафарбарлиги департаменти генераллари ҳам рўйхатдан чиқарилган. Расмий Пекин ушбу четлатишлар сабабини очиқламади.
China Power таҳлилий маркази ҳисоботига кўра, 2022 йил ва ундан кейин тайинланган 47 нафар генералнинг 87 фоизи тергов қилинган ёки лавозимидан четлатилган. Умуман олганда, сўнгги йилларда Хитой халқ озодлик армиясидаги олий раҳбарлик лавозимларининг қарийб 52 фоизи тергов ёки «тозалаш» қурбони бўлди. Бу ҳолат раис Си Жинпинг давридаги мисли кўрилмаган кадрлар алмашинувини акс эттиради.
Исроил Ғарбий соҳилда 312 та иншоотни вайрон қилди
Ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳининг маълум қилишича, Исроил 2026 йилнинг дастлабки олти ҳафтаси давомида Фаластиннинг 312 та турар жой ва қишлоқ хўжалиги иншоотини бузиб ташлаган.
Қуддус ҳуқуқий ёрдам ва инсон ҳуқуқлари маркази баёнотида босиб олинган Ғарбий соҳилда Исроил амалга ошираётган вайронагарчиликлар ва ноқонуний кўчманчиларнинг ҳужумлари кескинлашгани таъкидланади.
Марказ БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига таяниб, Исроил расмийлари йил бошидан 18 февралга қадар 312 та иншоотни ер билан яксон қилганини билдирди. Бу ҳолат қарийб 21 минг фаластинликка таъсир кўрсатган. Вайронагарчиликларнинг аксарияти Ғарбий соҳилнинг қарийб 60 фоизини ташкил этувчи ва Исроилнинг тўлиқ назоратидаги «C ҳудуди»да содир бўлган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу ҳаракатлар халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг, хусусан, Тўртинчи Женева конвенциясининг қўпол бузилишидир. Мазкур конвенция босиб олинган ҳудудларда шахсий мулкни вайрон қилишни тақиқлайди.
Аслида Ғазодаги уруш бошланганидан буён Ғарбий соҳилда зўравонликлар кескин ошган. 2023 йил октябридан ҳозирга қадар бу ҳудудда 1 117 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, қарийб 11,5 минг киши яраланди. Яна 22 мингга яқин фаластинлик ҳибсга олинган.
Европанинг Қирғизистонга талаби
Европа Иттифоқи Қирғизистон расмийларини Европа товарларининг Россияга реэкспорт қилиниши устидан назоратни кучайтиришга чақирди.
Брюсселнинг фикрича, Қирғизистон ҳудуди орқали Россияга Европа санкциялари остидаги товарлар кириб бориши мумкин. Гап икки мақсадли — фуқаролик ва эҳтимолий ҳарбий бўлган маҳсулотлар, компонентлар ҳақида бормоқда.
Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери Қирғизистонга Европа товарлари импорти сезиларли даражада ошган. Шу билан бирга, уларни Россияга қайта экспорт қилиш ҳажми ҳам сезиларли даражада кўпайган. Бундай динамика Европа расмийларини хавотирга солмоқда, чунки бу учинчи давлатлар орқали санкция чекловларини четлаб ўтишга уринишлардан далолат.
Европа Иттифоқи Қирғизистон расмийларидан божхона назоратини кучайтириш, маҳсулотнинг охирги харидорларини пухта текшириш ва воситачи компаниялар мониторингини кутмоқда.
Аввалроқ Брюсселда, реэкспорт муаммоси ҳал этилмаса, Қирғизистонга нисбатан қўшимча чекловлар жорий этиш муҳокама қилинганди.
Мавзуга оид
14:41
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026
АҚШ-Эрон дастлабки келишуви ва Британия қўлга олган Россия танкери – кун дайжести
14:40 / 12.06.2026