Жаҳон | 12:41
1427
4 дақиқада ўқилади

АҚШ элчихонаси ходимларига Исроилни тарк этишга рухсат берилди

АҚШ Исроилдан дипломатик миссиянинг муҳим функциялари билан боғлиқ бўлмаган ишларини бажарадиган давлат хизматчиларининг чиқиб кетишига рухсат берди. Элчихона хабар беришича, ушбу шахсларга “тижорий рейслар ҳали мавжуд экан, Исроилни тарк этиш тавсия этилди”.

Фото: AP

Қуддусдаги АҚШ элчихонаси ва унинг Тел-Авивдаги бўлинмаси ходимлари — иши дипломатик миссиянинг муҳим вазифалари билан боғлиқ бўлмаганлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари хавфсизликка таҳдид туфайли Исроилдан чиқиб кетиши мумкин. Бу ҳақда 27 феврал, жума куни элчихона АҚШ Давлат департаментининг тегишли рухсатига таяниб хабар қилди.

“Тижорий рейслар ҳали мавжуд экан, Исроилдан чиқиб кетиш вариантини кўриб чиқиш мумкин”, — дейилади тавсияда.

Хабарда таъкидланишича, “хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар”га жавобан ва “олдиндан огоҳлантирмасдан” АҚШ элчихонаси қўшимча равишда ушбу шахсларнинг Исроилнинг бир қатор ҳудудларига, Қуддусдаги Эски шаҳарга ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига сафарларини янада чеклаши ёки бутунлай тақиқлаши ҳам мумкин.

“Терроризм ва фуқаролик тартибсизликлари” сабаб Исроилга ва Ғарбий соҳилга сафарлардан воз кечиш тавсия этилган. Ғазо секторига, шунингдек мазкур ҳудуддан 11,3 км радиусдаги ҳудудларга ҳам — “терроризм ва қуролли можаро” сабаб бормаслик тавсия қилинади. Қарор Ливан ва Сурия билан чегаралардан 4 км радиусдаги Шимолий Исроилга ҳам (“давом этаётган ҳарбий иштирок” сабаб), шунингдек Миср билан чегарадан 2,4 км радиусдаги ҳудудларга ҳам татбиқ этилади — Таба очиқ чегара пункти бундан мустасно.

“Террористик гуруҳлар, ёлғиз террористлар ва бошқа экстремистлар Исроилда, Ғарбий соҳилда ва Ғазода эҳтимолий ҳужумларни режалаштиришда давом этмоқда”, — деб таъкидлади дипломатик миссия. У ерда туристик объектлар, транспорт тугунлари, бозорлар, савдо марказлари ва маҳаллий давлат муассасаларига ҳужумлар бўлиши мумкинлиги истисно қилинмади. “Минтақавий кескинликнинг кучайиши Исроилга ва Исроилдан авиарейсларнинг бекор қилинишига ва/ёки улар сони қисқаришига олиб келиши мумкин”, — деб огоҳлантирди элчихона. Баёнот АҚШ ва Эрон ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди якунланганидан кейин эълон қилинди.

АҚШ ва Эрон Эрон ядровий дастури бўйича музокараларни феврал ойи бошида Уммон воситачилигида қайта тиклаган — бу 2025 йил июн ойида Исроил ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган ўн икки кунлик урушдан кейин илк бор юз берди. Навбатдаги раунд 26 феврал куни Женевада якунланди.

АҚШ делегацияси таркибида Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва АҚШ президенти куёви Жаред Кушнер бўлган. Эрон томонидан учрашувда мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи иштирок этган.

Axios хабар беришича, томонлар 26 феврал куни эрталаб ва кечқурун икки сессияда музокара олиб борган. Нашр маълумотига кўра, эрталабки учрашувдан кейин АҚШ делегацияси “ҳафсаласи пир бўлган”, бироқ кечқурунги йиғилишни Уиткофф ва Кушнер “ижобий” деб баҳолаган.

Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали маълумотига кўра, эрталабки сессияда Эрон АҚШ билан ядровий келишув бўйича ўз лойиҳасини тақдим этган. Манбалар айтишича, Теҳрон уран бойитишни фақат вақтинча тўхтатишга тайёр ва ядровий объектларни демонтаж қилишдан бош тортяпти. Эрон ҳокимияти уран захираларини паст даражагача қисқартиришга ҳамда ядровий объектларга АЭХА (IAEA) вакилларини киритишга тайёр.

CNN мухбири Эрон делегациясига яқин манбаларга таяниб, Эрон АҚШ билан фақат барча Америка санкциялари ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари бекор қилинса, келишувга бориши мумкинлигини айтди.

Музокаралар фонида АҚШ минтақадаги ҳарбий иштирокини кескин кучайтирди. Президент Доналд Трамп у ерга иккинчи авиаташувчи, шунингдек қўшимча кемалар ва авиация юборишни буюрди. Теҳронга нисбатан кескин огоҳлантириш билан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид