Жамият | 19:35
2054
5 дақиқада ўқилади

Ёқиб юборилган китоб – режиссёрлар бу асарни саҳналаштиришдан қўрққан / 5 дақиқа

Биринчи марта Воланднинг ёнидаги Бегимот лақабли гапирадиган мушук ҳақида ўқиганимда ростдан ҳам қўрққанман. Чунки ўша сўхтаси совуқ қаерда пайдо бўлса, тартиб бузилар, одамлар фош бўлар ва қандайдир фалокат бошланарди. Умуман, асар руҳи жуда оғир бўлиб, кўпчилик бу романни “лаънатланган” деб талқин қилишади. Айтишларича, баъзи актёрлар бу асар асосида саҳнага чиқишдан қўрққан.

“5 дақиқа”нинг бугунги сонида Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романи ҳақида гаплашамиз.

Тасаввур қилинг, 1930 йиллар Москваси. Худосизлик авж олган, ҳамма ғалати-ғалати ўзгаришларни қабул қилаётган, тартибли шаҳар эди гўё. Бироқ шу тартибли шаҳарга бир куни нотаниш меҳмон келади. Ва у келган заҳоти ҳақиқат билан ёлғон ўртасидаги деворлар ёрила бошлайди. Меҳмон ўзини профессор Воланд деб таништиради, аслида у шайтон эди. Ёки уни инсонларнинг виждонини синаш учун юборилган куч, дейиш ҳам мумкин.

Воланд ва унинг жамоаси Москвада бир нечта синов ўтказади. Энг машҳур саҳналардан бири – театрдаги қора сеанс. Бу ерда одамларга пул, кийим, зеб-у зийнат тарқатилади. Лекин кейинчалик бу нарсалар йўқолади ва одамлар ўзларини шармандали ҳолатда кўради. Бу эпизод орқали инсоннинг ички қашшоқлигини ташқи бойлик билан яшириб бўлмаслигига ишора қилинади. Воланд ҳеч кимни мажбурламайди, у фақат имконият беради. Қолганини одамларнинг ўзлари бажаради.

Шу ўринда асарнинг иккинчи, чуқур қатлами ҳам очилади – Устанинг ҳикояси. Уста ҳақиқатни ёзишга журъат этган ёзувчи эди. У Понтий Пилат ва Йешуа Ҳа-Ноцри воқеалари акс этган асар ёзади. Унда Пилат Йешуани суриштириш жараёнида унинг айбсиз эканини англайди, аммо ҳокимиятни йўқотиш ва сиёсий босимдан қўрқиб, нотўғри қарор қабул қилади.

Пилатнинг бу хатоси уни абадий виждон азобига маҳкум қилади. У асрлар давомида ором топмайди. Демак, Булгаков фикрига кўра, ҳақиқатни билиб туриб уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳ ҳисобланади.

Китобдаги Устанинг ўзи ҳам мураккаб тақдирни бошидан кечиради. Унинг асари рад этилади, ўзи таъқибга учрайди. Охирида у қўлёзмасини ёқиб юборади. Ёзувчи гўёки ўз ҳақиқатини йўқ қилади. Лекин айнан шу ерда Булгаковнинг машҳур ғояси пайдо бўлади: қўлёзмалар ёнмайди. Яъни ҳақиқатни йўқ қилиш мумкин эмас. Уни вақтинча кўмиш мумкин, лекин у барибир қайта тирилади.

Маргарита Устани севгани учун жамият қоидаларини бузишга тайёр бўлган исёнкор аёл. У Воланд билан келишувга рози бўлади ва жодугарга айланади. Маргаританинг шайтон базмида қатнашиши асарнинг энг кулминацион нуқталаридан бири. У ерда Маргарита гуноҳкорлар орасида “малика” бўлади. Лекин бу қудратни ўз манфаати учун эмас, Устани қутқариш учун ишлатади. Бу ерда Булгаков муҳаббат – инсонни қутқарадиган қудратли куч демоқчи бўлади.

Булгаков бу асарни ўн йилдан ортиқ ёзган. Бир неча бор уни йўқ қилган, қайта ёзган. Совет цензураси унинг асарларини тақиқлаган. Ёзувчи вафотидан кейин эса хотини Елена Шиловская қўлёзмани сақлаб қолади. Натижада роман дунё адабиётининг энг муҳим асарларидан бирига айланади.

“Уста ва Маргарита”ни фақат ўтмиш билан боғлаб қўйиш хато. Чунки ундаги саволлар ҳозир ҳам тирик. Бугун ҳам одамлар кўпинча ҳақиқатни эмас, ўзига қулай бўлганини танлайди. Ижтимоий тармоқлардаги “ниқоблар”, жамоат фикридан қўрқиш, манфаат учун виждонни қурбон қилиш – буларнинг барчаси Булгаков тасвирлаган дунёдан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Воланд бугун келса, эҳтимол, у театр эмас, интернет орқали одамларни фош қилган бўларди.

Ишонаман, сиз яхши китобхонсиз, дунёқарашингиз ҳам анча кенг эканига аминман. Сабаби беш дақиқа сабр қилиб, кўрсатувнинг шу сониясигача келдингиз. Бироқ бу китобни ҳалигача ўқимаган бўлсангиз, албатта, ўқишингиз керак. Ахир дунёдаги энг мураккаб ва қизиқарли китоблардан бирини ўқиганмисиз, деган саволга “ҳа” деб жавоб беришни истайсиз-ку.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид