Жаҳон | 20:52
6908
6 дақиқада ўқилади

Хоминаийга суиқасд тафсилотлари маълум қилинди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) бир неча ой давомида Хоминаийни кузатиб, унинг ҳаракатланиш тартиби ҳақида маълумотлар тўплаган. Шанба куни Теҳронда юқори мартабали мулозимлар йиғилиши «аниқ бўлгач», тун қоронғисига режалаштирилган ҳужум вақти ўзгартирилган.

Фото: US CENTCOM

Америка Қўшма Штатлари ва Исроил ҳарбийлари Эронга ҳужум бошлашга тайёрланаётган пайтда, АҚШ Марказий Разведка бошқармаси (CIA) ходимлари бор эътиборини энг муҳим нишон – Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг манзилига қаратганди. Бу ҳақда операциядан хабардор шахсларнинг сўзларига таяниб New York Times ёзмоқда.

МРБ бир неча ойда давомида Хоминаийни кузатиб, унинг қаерда бўлиши ва ҳаракатланиш тартиби ҳақида маълумот тўплаган. Разведкачилар сўнгги паллада Эрон юқори мартабали мулозимлари 28 феврал куни Теҳрон марказидаги ҳукумат бинолари жойлашган ҳудудда йиғилиши ҳақида хабар топган – Али Хоминаий ҳам бу вақтда айнан шу ерда бўлиши тасдиқланган.

Бу маълумот ҳар икки давлатга муҳим имконият яратганди: бир вақтда Али Хоминаий ва Эроннинг бошқа юқори мартабали мулозимлари ўлдирилиши. Разведка маълумотларидан хабардор шахсларнинг сўзларига кўра, МРБ Али Хоминаий турган жой ҳақидаги «ўта аниқ» маълумотларни Исроил ҳарбийларига тақдим этган.

Исроил эса АҚШ ва ўзининг разведка маълумотларидан фойдаланган ҳолда бир неча ойдан бери режалаштириб келаётган операциясини — Эрон юқори раҳбариятига нисбатан мақсадли суиқасдни амалга оширган.

Дастлаб ҳужумни тун қоронғисида амалга ошириш режалаштирилганди. Лекин шанба кунги йиғилиш ҳақидаги хабардан кейин ҳужум вақти ўзгартирилган.

Эрон олий раҳбари ва президенти идоралари жойлашган бино шанба тонгидаги ҳужумдан кейин / Фото: Reuters/ Airbus

Мамлакат раҳбарлари – Эрон президенти маъмурияти, олий раҳнамо идораси ва Миллий хавфсизлик кенгаши жойлашган бинода учрашиши керак эди. Ушбу йиғилишда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур, мудофаа вазири Азиз Носирзода, Ҳарбий кенгаш раҳбари адмирал Али Шамхоний, Аэрокосмик кучлар қўмондони Саййид Мусавий, разведка идораси раҳбари ўринбосари Муҳаммад Шерозий ва бошқалар иштирок этиши кутилганди.

New York Times билан гаплашган манбаларга кўра, операция – Исроил вақти билан эрталабки соат олтиларда қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилиши билан бошланади. Ҳужумда нисбатан кам сонли самолётлар иштирок этиши талаб этилган. Бироқ улар узоқ масофага учувчи ва ўта аниқ зарба берувчи қуроллар билан жиҳозланганди.

Самолётлар ҳавога кўтарилганидан икки соат-у беш дақиқа ўтиб, узоқ масофали ракеталар билан нишонга зарбалар берилади. Бу вақтда Эрон миллий хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозимлари мажмуадаги бир бинода, Хоминаий эса яқин атрофдаги бошқа бир бинода бўлган.

«Бугун эрталабки зарба Теҳроннинг бир неча нуқтасида бир вақтнинг ўзида амалга оширилди, улардан бирида Эрон сиёсий-хавфсизлик элитасининг юқори мартабали вакиллари йиғилган эди», – дейилади NYT кўриб чиққан расмий хабарномада.

Эрон учун кутилмаган зарба

Мулозимнинг сўзларига кўра, Эрон урушга тайёрланганига қарамасдан, Исроил қўққисдан ҳужум қилиш имконияти туфайли тактик устунликка эришган.

Оқ уй ва МРБ бу борада изоҳ беришдан бош тортди. Якшанба куни Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги Хоминаийдан ташқари икки юқори даражали ҳарбий раҳбар – адмирал Шамхоний ва генерал-майор Пакпур ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Операциядан хабардор шахслар уни кучли разведка маълумотлари ва бир неча ойлик тайёргарлик маҳсули сифатида таърифлади.

Ўтган йил июн ойидаги 12 кунлик уруш вақтида ҳам президент Трамп АҚШ ҳарбийлари Али Хоминаий қаерда яширинганидан хабардорлиги ва уни ўлдириш имкониятига эгалигини айтганди. АҚШ маъмуриятининг собиқ мулозимларидан бирига кўра, 2025 йилги разведка маълумотлари ҳам шанба кунги амалиёт учун маълумот олинган тармоққа оид эди.

Теҳронга 1 март куни ҳам зарбалар берилмоқда / Фото: NYT

Хусусан, ўша 12 кунлик уруш давомида АҚШ Эрон олий раҳбари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси босим остида қандай мулоқот қилиши ва ҳаракатланиши ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлган. Ушбу маълумотлардан эса Хоминаийнинг изига тушиш ва унинг ҳаракатларини олдиндан башорат қилиш учун фойдаланилган.

Эрон разведка идорасига ҳам ҳужум қилинган

Манбаларга кўра, АҚШ ва Исроил Эрон разведкасининг асосий зобитлари жойлашган манзиллар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар тўплаган. Хусусан, шанба куни диний раҳнамо жойлашган бинога қилинган ҳужумдан кейин разведка раҳбарлари бўлган манзилларга ҳам зарба берилган.

Манбаларга кўра, Эроннинг энг юқори мартабали разведка мулозими ҳужумдан қочиб қутулган. Бироқ Эрон разведка идораларининг юқори бўғини – раҳбарият таркиби деярли бутунлай йўқ қилинган.

NYT нашри ёзишича, олий раҳбарнинг ҳайратланарли даражада тезда йўқ қилиниши – ҳужум арафасида АҚШ ва Исроил ўртасидаги яқин ҳамкорлик, разведка маълумотларининг алмашинувини натижасида бўлган. Бошқа томондан ушбу операция – Исроил ва АҚШ урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақида аниқ сигналлар бериб турган пайтда, Эрон раҳбарлари етарлича эҳтиёт чораларини кўрмаганини ҳам кўрсатиб қўйди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид