Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Исроил Хоминаийнинг жойини қандай топган?
Эрон диний раҳнамоси ўлдирилган ҳужум кутилганидек ярим тунда эмас, эрта тонгда амалга оширилди.
Фото: Getty Images
АҚШ ва Исроил сўнгги соатларда қўлга киритилган муҳим разведка маълумотларидан фойдаланишга қарор қилишгани учун воқеалар ривожи бошқа йўсинда ривожланган.
Улар бир неча ой мобайнида Эроннинг юқори мартабали мулозимлари бир жойга йиғиладиган вақтни кутишди ва Хоминаий шанба куни эрталаб Теҳрон марказидаги ҳукумат комплексидаги бинода бўлишини аниқлашди.
Эронлик юқори мартабали ҳарбийлар ва разведкачилар ҳам шу вақтда учрашув ўтказиш ва бу учрашув қаерда бўлиши ҳам уларга маълум эди.
АҚШ ва Исроил сўнгги бир неча ой давомида Эрон диний раҳнамосининг ҳаракатланишини кузатиб борган.
Трамп ижтимоий тармоқлардаги постида Хоминаий Америка разведкаси ва юқори технологияли кузатиш тизимларидан қочиб қутула олмаганини айтган, аммо кузатувда айнан қандай методлардан фойдаланилгани охиригача аниқ эмас.
Хоминаий худди шу вақтда қаерда бўлиши ҳақидаги маълумот жосуслардан олинган бўлиши ҳам мумкин, аммо унинг жойлашуви замонавий технологиялар ёрдамида Эрондаги бошқа арбобларнинг ҳаракатини кузатиш орқали топилган бўлиши эҳтимоли кўпроқ.
Ўтган йил ёзида, 12 кунлик уруш вақтида Исроил Эрон ядро дастурига алоқадор бўлган олимлар ва амалдорларга ҳужум қилишда алоҳида шахсларнинг ҳаракатланишини кузатиш учун алоқа воситалари тизимларини бузиб киришдан ҳам фойдаланганди.
Айрим ҳолатларда бу муҳим шахсларнинг тансоқчилари ҳаракатларини кузатишни ҳам ўз ичига олган.
Бундай кузатув вақт ўтиб кузатувдаги объектнинг кундалик ҳаётидаги ўзига хос одатлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш ҳамда унинг заиф нуқталарини – у ким билан ва қанчалик тез-тез учрашиши, бундай учрашувларни қаерда ўтказишни афзал кўришини билиб олиш имконини берарди.
Олий раҳбар доимий равишда Эрон душманлари диққат марказида тургани ҳеч кимга сир эмасди, шунинг учун бир неча ой давомида бундай заиф нуқталар топилиб, бартараф этилмагани – Эрон хавфсизлик ва контрразведка тизимининг жиддий муваффақиятсизлигидан ёки Исроил ва АҚШ ўз усулларини мослаштириб боргани, янги кузатув усулларини топа олганидан далолат беради.
Ҳужум тафсилотлари
Эрондагилар ҳужум ноодатий тарзда кун ёруғида амалга оширилиши кутмаганди, бу эса АҚШ ва Исроилга ногаҳон ҳужум қилиш орқали эришиладиган устунликдан фойдаланиш имконини берди.
The New York Times маълумотига кўра, Марказий разведка бошқармасига келиб тушган аниқ маълумот тўғридан тўғри зарбаларни амалга ошириш учун Исроилга етказилган.
Амалиёт бошланишидан олдин вазифалар Америка ва Исроил ҳарбийлари ўртасида тақсимлаб олинган: Исроил эътиборни Эрон раҳбарияти билан боғлиқ нишонларга, АҚШ эса ҳарбий объектларга қаратган.
Амалиётда разведка Хоминаий ва бошқа мулозимларнинг ҳаракатлари ҳақидаги аниқ маълумотларни етарлича эрта етказгани, бу эса ҳужумни узоқ масофали ракеталарни учира оладиган қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда режалаштириш имконини бергани жуда муҳим рол ўйнаган.
Режа энди рақибни бошсиз қолдирадиган битта зарба ўрнига, каттароқ кампанияни бошлаб берадиган ҳужумни назарда тутарди. Натижада зарбадан кейин пайдо бўладиган имкониятлардан фойдаланишни назарда тутган ҳолда ҳужум вақти олдинроққа сурилди.

Исроил қирувчи самолётлари Теҳронга етиб бориши учун икки соатга яқин вақт талаб этилади, аммо ҳозирча улар ўз ракеталарини қандай масофадан туриб учиргани маълум эмас.
Хабарларга кўра, қарор қабул қилингач, Исроил қирувчилари маҳаллий вақт билан тахминан соат 9:40 атрофида ҳукумат бинолари комплексига 30 та кучли бомба ташлаган.
Хоминаий комплекс остидаги ерости бункеридан фойдаланиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда шундай қарорга келинган бўлиши мумкин, бундай бункерларни бузиш учун бир неча бомба талаб этиларди.
Эрон пойтахтидаги бошқа объектлар, хусусан, президент Масъуд Пизишкиённинг идораси ҳам зарба остида қолган, аммо у бу вақтда хавфсиз жойда бўлган.
Исроил ҳужум оқибатида Эроннинг 40 дан ортиқ қўмондонлари йўқ қилингани ҳақида хабар берди, Эрон томони эса тўрт нафар юқори мартабали ҳарбийлари ўлимини тасдиқлаган, булар мамлакат қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур, мудофаа вазири Азиз Носирзода, Ҳарбий кенгаш раҳбари адмирал Али Шамхоний.
Ҳужумга учраган бинодаги йиғилишда улардан ташқари Аэрокосмик кучлар қўмондони Саййид Мусавий, разведка идораси раҳбари ўринбосари Муҳаммад Шерозий ва бошқа ҳарбий қўмондонлар ҳам иштирок этган, уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
Трамп жонли эфирда кузатган
Самолётлар зарба бераётганида океан ортида ярим тун эди, Трамп эса ўз маъмурияти аъзолари билан бирга Флоридадаги қароргоҳида амалиётнинг боришини жонли кузатиб турган.
Бир неча соат ўтиб унга Эрон олий раҳнамоси йўқ қилингани ҳақида маълумот беришди ва у бу ҳақда эълон қилиб, Эрон ҳарбийлари ва полициячиларини таслим бўлишга чақирди.
Яна бир неча соат ўтиб Эрондагилар ҳам Хоминаий ҳалок бўлганини тасдиқлади, мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди.
Лекин Теҳрондагилар воқеаларнинг бундай ривожига тайёр бўлиб чиқди. Президент Масъуд Пизишкиён, бош қози Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний ҳамда Фиқҳ кенгаши аъзоси Алиризо Аърофий иштирокидаги Муваққат кенгаш тузилиб, улар янги диний раҳнамо сайлангунича мамлакатни биргаликда бошқариб туриши маълум бўлди. Бундан ташқари, ҳалок бўлган бошқа ҳарбий қўмондонларга ҳам ўринбосарлар тайёрланган.
Бу эса Хоманаийнинг ўлдирилиши можаронинг кейинги ривожига қандай таъсир кўрсатиши ҳали ҳам ноаниқ эканини кўрсатмоқда.