Жаҳон | 13:46
1741
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбаларидан кейин нефт нархи ошди

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси бошлангани ва шу туфайли Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови чеклангани ортидан нефт нархлари кескин кўтарилди. Бундан ташқари, олтин қимматлашди, газ нархларида ҳам сакраш бўлиши мумкин.

Жаҳон нефт нархлари АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро кескинлашганидан кейин жиддий ошди. Dpa агентлиги эътибор қаратганидек, 2 март, душанба куни эрталаб савдоларнинг илк дақиқаларида апрелда етказиб бериш шартлари билан Brent нефти нархи 14 фоизга ўсиб, баррели 82,37 долларга етди — бу 2024 йил июлидан бери энг юқори кўрсаткич. АҚШнинг West Texas Intermediate (WTI) маркали нефти нархи 75,33 долларгача кўтарилди — бу 2025 йил июнидан бери энг юқори даража. Илк сакрашдан кейин нархлар бироз пасайди, аммо ўсиш кўрсаткичлари тахминан 9 фоиз атрофида сақланиб қолди.

Охирги марта нефт баррели 82 доллардан юқори нархда 2025 йил 16 январда савдо қилинган эди.

Таҳлилчилар прогнозларига кўра, агар можаро узоқ давом этса, нефт инфратузилмасига ҳужумлар ва савдо йўлларининг тўсиб қўйилиши кузатилса, нефт нархи 100 доллардан ҳам юқори кўтарилиши мумкин. Бу 27 февралдан бери тахминан 37 фоиз ўсишни англатади.

Можаро кескинлашгани фонида олтин ҳам қимматлашди. 2 март куни савдолар бошида бир троя унция нархи 5393 долларга етди — бу 27 февралдаги нархдан 2,2 фоиз юқори. Шу тариқа, бу металл нархи январ охирида қайд этилган қарийб 5600 долларлик рекорд максимумга аста-секин яқинлашмоқда.

Шу билан бирга, Bloomberg хабар беришича, Goldman Sachs инвестиция компанияси ҳарбий ҳаракатлар сабаб газ нархлари ҳам кескин кўтарилишини прогноз қилмоқда. Ҳўрмуз бўғозидан жаҳон бўйича суюлтирилган табиий газ (СТГ) савдосининг тахминан бешдан бир қисми ўтади — асосан Қатардан. Ҳатто бир ойлик тўхташнинг ўзи ҳам Европада табиий газ нархлари ва Осиёдаги суюлтирилган газнинг спот нархлари 130 фоизга ўсишига олиб келиши мумкин.

Бир кун олдин, Эрон ўз ҳудудига берилган зарбалардан кейин, жаҳон нефти етказиб беришларининг тахминан 20 фоизи ва СТГнинг 30 фоизигача қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози орқали савдо тўхтатилишини эълон қилди. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Теҳроннинг бу қарори натижасида камида 150 та нефт танкери бўғоз яқинида тўпланиб қолган. Таҳлилчилар таъкидлашича, ушбу йўлакдан кемаларнинг тўлиқ ўтиши тўхтаса, суткасига 10 млн баррел миқдорида — яъни жаҳон истеъмолининг 10 фоизига тенг даражада тақчилликка олиб келиши мумкин.

Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар берди. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирди.

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, 1 март куни эрталабки ҳолат бўйича зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода, Бош штаб бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавоб тариқасида Исроил ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар ҳудудига зарбалар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид