Жаҳон | 15:25
3687
9 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқда давом этаётган уруш, Москванинг «сузувчи ҳамёни» ва Хоминаийнинг ўлими ортидан Покистондаги тўқнашувлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Уруш давом этмоқда

Шанба куни Яқин Шарқда бошланган уруш учинчи кунки давом этмоқда. Эрон олий раҳнамоси ўлдирилди, уруш Яқин Шарқ бўйлаб тарқалмоқда.

Душанба куни Исроил ҳарбий кампаниясини Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши кенгайтирди. «Ҳизбуллоҳ» Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаийнинг ўлдирилишига жавобан Исроилга ракета ва дронлар учирганини тан олди. Шундан кейин Исроил Ливандаги гуруҳга тегишли объектларга ҳужум бошлади.

Исроил ҳарбийлари Ливандан отилган снаряд уриб туширилгани, бошқалари эса очиқ ҳудудларга тушганини маълум қилди. 2 мартга ўтар кечаси Исроил Байрутнинг «Ҳизбуллоҳ» назоратидаги жанубий чекка ҳудудларига ҳаво зарбалари берди, Ливан пойтахтида ўндан ортиқ портлашлар юз берди. Шунингдек, Байрут яқинида «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали аъзолари нишонга олингани айтилди.

Бундан ташқари, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳрон осмонида тўлиқ устунликка эришгани ва пойтахт бўйлаб разведка, хавфсизлик ҳамда ҳарбий қўмондонлик марказларига зарбалар берилганини билдирди.

Эронда эса вақтинча Олий раҳбар вазифасини бажариш учун 3 кишилик кенгаш тузилди. Унга Эрон Фиқҳ кенгаши аъзоси Алиризо Арофий, амалдаги президент Масъуд Пизишкиён ва Олий суд раиси Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний кирган.

Эрон муҳофизлар корпуси олий раҳбарнинг ўлимидан кейин қарши ҳужумларга зўр беришини билдирмоқда.

Хусусан, Эрон ракета зарбаси оқибатида Исроилда камида тўққиз киши ҳалок бўлиб, 20 дан ортиқ киши яраланди. Маълум бўлишича, баллистик ракета Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрига қулаган. Бунинг оқибатида турар жой биноси вайрон бўлган ва ёнғин чиққан.

Трамп:«амалиёт тўрт ҳафта давом этиши мумкин»

АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Эронга қарши бошланган қўшма ҳарбий кампанияси тахминан тўрт ҳафта давом этишини маълум қилди.

«Бу ҳар доим тўрт ҳафталик жараён бўлиб келган», - деди Трамп Daily Mail нашрига. «У қанчалик кучли бўлмасин, бу катта мамлакат, шунинг учун бунга тўрт ҳафта ёки ундан ҳам камроқ вақт кетади», - дея қўшимча қилди у.

«Менимча, ҳамма нарса режа бўйича кетмоқда, фақат биз уларнинг бутун раҳбариятининг кутилганидан анча кўп қисмини йўқ қилдик», - деди у ва 48 нафар Эрон етакчиси йўқ қилингани ҳақидаги даъвосини яна такрорлади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, ҳужумлар бошланганидан бери АҚШ кучлари Эроннинг қўмондонлик марказлари, баллистик ракета полигонлари, ҳарбий кемалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига зарбалар берган. Бунда B-2 бомбардимончи самолётлари, қирувчи самолётлар, атом авиацияси ва бошқариладиган ракета ташувчи эсминецлар ҳамда бошқа ҳарбий воситалар қўлланган.

Эрон Форс кўрфази давлатларини нишонга олган ҳолда дрон ва ракета зарбалари билан жавоб қайтармоқда. Операциялар бошланганидан бери АҚШнинг уч нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, беш нафари эса оғир яраланган.

Шу билан бирга АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми билан бошланган ушбу можаро нефт нархининг кўтарилишига ва минглаб авиақатновлар издан чиқишига сабаб бўлмоқда.

Белгия Россиянинг «соя флоти» танкерини ушлади

Белгия мудофаа вазири Тео Франкен якшанба куни мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари Россиянинг ноқонуний «соядаги флоти» таркибига кириши тахмин қилинган нефт танкери тўхтатилганини эълон қилди. Франкеннинг сўзларига кўра, кема Белгиянинг Зебрюгге портига олиб кетилмоқда ва у ерда расман ҳибсга олинади.

Белгия ва Франция кучлари томонидан якшанба куни қўлга олинган «Ethera» танкери «сохта байроқ ва сохта ҳужжатлар» остида сузганликда гумон қилинмоқда.

Франция президенти ҳам Шимолий денгизда ҳарбий кучлари танкерни қўлга олаётгани акс этган видеони жойлаштирди ва бу операцияни Россиянинг соядаги флотига берилган «катта зарба» деб атади.

Украина президенти Володимир Зеленский эса буни олқишлаб, Францияга миннатдорчилик билдирди ва кемани «Москванинг сузувчи ҳамёни» деб атади.

Россия халқаро санкцияларни четлаб ўтиш ва ўз хом нефтини чегирмали нархларда сотиш учун эгалиги аниқ бўлмаган, кўпинча эски ва носоз танкерларнинг яширин тармоғидан фойдаланади.

Хоминаийнинг ўлими: кимда мотам, кимдадир байрам

Якшанба куни Покистон ва Ироқда АҚШ—Исроилнинг Эронга берган зарбаларига қарши ўтказилган намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетди. Покистондаги тўқнашувларда камида 23 нафар намойишчи ҳалок бўлди.

Хусусан, Карачида АҚШ консуллигининг ташқи деворини бузиб кирган оломонга қарата хавфсизлик хизмати ходимлари ўт очган. 10 киши ҳалок бўлди, 34 киши жароҳатланди.

Покистоннинг шиалар кўпчиликни ташкил этадиган ягона ҳудуди Скардудаги тўқнашувларда 11 киши ҳалок бўлди: ғазабланган оломон БМТ биносига ўт қўйган.

Исломободда эса 2 киши ҳалок бўлди. Полиция АҚШ дипломатик корпусига бостириб киришга уринаётган минглаб одамларни тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва жанговар ўқлардан фойдаланган.

Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақви намойишчиларни босиқликка чақирди, шу билан бирга «биз сиз биланмиз, ҳар бир покистонлик Эрон халқи каби қайғуда», - дея таъкидлади.

Ироқ ва бошқа давлатларда ҳам намойишлар кузатилди. Хусусан, Бағдодда полиция АҚШ элчихонаси жойлашган «Яшил зона» яқинида тўпланган намойишчиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва газ ишлатди.

Ғарбда эса байрам кайфияти: эронлик муҳожирлар оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўлимини тантана билан нишонламоқда.

Парижда минглаб одамлар Эроннинг инқилобдан олдинги монархия байроқларини ҳилпиратиб, қизил гуллар билан байрам қилган. Лиссабонда эса муҳожирлар Эрон элчихонаси олдида йиғилиб, туни билан рақсга тушган.

Техасда оммавий отишма

АҚШнинг Техас штатида оммавий отишма содир бўлди. Воқеа якшанба куни Остин шаҳридаги бар яқинида юз берган. Ҳужумчи йўлтанламас автомобилида келиб, ойнани туширган ва тўппончадан бар ҳовлисидаги мижозларга қарата ўт очган.

Сўнгра машинадан тушган ва йўлакдаги пиёдаларга қарата ўқ узишни давом эттирган.

Ҳужумда камида икки киши ҳалок бўлди ва 14 киши яраланди. Қуролланган шахснинг ўзи ҳам воқеа жойида полиция билан отишмада ҳалок бўлган. Ярадорлардан уч киши оғир аҳволда қолмоқда.

Ҳужумчи асли сенегаллик, АҚШ фуқаролигини олган Ндиага Диане экани аниқланган. Унинг руҳий хасталиклар тарихи бўлгани айтилмоқда.

Унинг устида Эрон байроғи тасвирланган ва олд томонида «IRAN» деб ёзилган кўйлак бўлган. Расмийлар ушбу ҳужумга АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма зарбалари сабаб бўлган-бўлмаганини мотив сифатида ўрганмоқда.

ФҚБ эса ушбу жиноятнинг терроризм билан боғлиқлик эҳтимолини текширмоқда.

Кобул яқинида Покистон самолётлари нишонга олинди

Якшанба куни Кобул яқинида Покистон ҳарбий самолётлари Афғонистон «Толибон»и томонидан нишонга олинди.

Reutersʼнинг ёзишича, якшанба тонгида Кобулнинг бир неча қисмларида портлашлар, сўнгра ўқ овозлари эшитилган. Портлашлар оқибатида қурбонлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

«Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид аҳолини босиқликка чақирди: «Кобул аҳолиси хавотирга тушмаслиги керак. Кобулда Покистон самолётларига қарши ҳаво ҳужумидан мудофаа зарбалари берилди», - деди у.

Покистон жума куни Афғонистоннинг йирик шаҳарларига, жумладан, пойтахт Кобул, «Толибон» олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода жойлашган Қандаҳорга зарбалар берганди.«Толибон» эса аввалроқ чегара бўйлаб ҳужумга ўтиб, айрим блок постларни эгаллаганини билдирган.

Саудия Арабистони ва Қатар томонидан олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳозирча ўт очишни тўхтатишга эриша олмади. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф жанглар сабабли Россияга режалаштирилган сафарини бекор қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид