Жаҳон | 21:00
4501
4 дақиқада ўқилади

НАТО ҳаво мудофааси Туркия томонга учирилган Эрон баллистик ракетасини уриб туширди

Бу НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг Эрондаги урушга илк марта тўғридан-тўғри жалб қилинишидир. Туркия жанубида АҚШга тегишли Инжирлик авиабазаси мавжуд, бироқ расмий Анқара ўз ҳаво ҳудудидан Эронга қарши ҳужумларда фойдаланишга рухсат бермаган.

Фото: AFP/DHA

4 март куни НАТО ҳаво мудофаа тизимлари Эрон томондан Туркия ҳаво ҳудудига қараб учирилган баллистик ракетани йўқ қилди. Бу альянс аъзоси бўлган Туркиянинг Яқин Шарқ можаросига илк марта тўғридан-тўғри жалб қилинишидир.

Ракетанинг айнан қаерга йўналтирилгани ҳозирча номаълум. Бироқ НАТО вакили трансатлантик блок Эроннинг Туркияни нишонга олганини қоралашини ва барча иттифоқчилар билан бирга қатъий туришини билдирди.

Туркия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ракета Ироқ ва Сурия устидан ўтиб, Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида жойлашган НАТО ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган.

Туркия жанубидаги Инжирлик базасида ҳаво кучларига эга бўлган АҚШ ҳозирча ушбу воқеага муносабат билдирмади. Мазкур база Хатай вилояти билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Туркия расмийлари ҳам НАТО ракетаси томонидан уриб туширилган ракета бўлаклари айнан Хатай вилояти ҳудудига тушганини билдирди.

Инжирлик авиабазаси / Фото: AP Photo

«Биз барча томонларни минтақадаги можароларнинг янада кучайишига олиб келадиган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз. Шу нуқтаи назардан, биз НАТО ва бошқа иттифоқчиларимиз билан маслаҳатлашувларни давом эттирамиз», дейилади Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотида. Шунингдек, ҳодиса оқибатида қурбонлар ёки жароҳатланганлар йўқлиги қўшимча қилинган.

«Ҳудудимиз ва ҳаво ҳудудимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар қатъият билан ва иккиланмасдан кўрилади. Биз барча томонларга мамлакатимизга қарши ҳар қандай душманона ҳаракатларга жавоб бериш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қолишимизни эслатиб ўтамиз», дея қўшимча қилди вазирлик.

Турк ОАВлари Хатай вилоятининг Дöртёл туманида сувдан чиқариб олинган ва НАТОнинг тутиб қолувчи ракетаси бўлаклари эканлиги айтилаётган видеотасвирларни намойиш этди.

Видеотасвирларда краннинг тутиб қолувчи ракетанинг бир қисмини сувдан тортиб чиқараётгани акс этган. Бошқа бир кадрда эса тўрт киши, жумладан, камуфляжли ҳарбий кийимдаги икки киши, ерда ётган тутиб қолувчи ракетанинг бўлагини кўздан кечираётгани тасвирланган.

Туркиянинг юқори мартабали мулозимлари томонидан берилган дастлабки икки баёнотда НАТОнинг 4-моддаси тилга олинмаган. Ушбу моддага кўра, агар аъзолардан бирининг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлигига таҳдид туғилса, иттифоқчилар ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказади.

Туркия дипломатик манбаларига таяниб Reutersʼнинг хабар беришича, Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан воқеадан сўнг эронлик ҳамкасби Аббос Ароқчи билан телефон орқали мулоқот қилиб, эътироз билдирган.

Анқара бир неча ҳафта олдин, АҚШ ва Исроил Эронга зарбалар беришидан олдин Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик қилишга уринган эди. Бу зарбалар Теҳрондан ракета ва дрон ҳужумлари кўринишидаги жавобларга сабаб бўлди. Форс кўрфазидаги ва бошқа бир қатор давлатлар ҳам ушбу можаронинг салбий оқибатлари доирасида қолмоқда. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид