Жаҳон | 15:35
5625
8 дақиқада ўқилади

Эронга ҳужумларнинг «кейинги босқичи», Озарбойжонни урган дронлар ва Трамп маъмуриятида илк четлатиш – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эронга қарши операциянинг «навбатдаги босқичи»

Исроил ҳарбий раҳбарлари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши кампанияси «навбатдаги босқич»га ўтаётгани ва бу «режим ҳамда унинг ҳарбий салоҳиятини янада парчалаши» ҳақида огоҳлантирди. «Олдинда бизда ҳали кутилмаган қўшимча режалар бор, уларни ҳозирча ошкор қилмоқчи эмасман», деди генерал-лейтенант Эйол Замир телевидение орқали қилган чиқишида.

Замир ушбу баёнотни жума куни эрта тонгда Эрон пойтахти Теҳронда янги ҳужумлар тўлқини қайд этилган бир вақтда берди.

Эрон ОАВларига кўра, жума куни эрталаб АҚШ ва Исроил томонидан берилган сўнгги зарбалар нишонлари орасида Теҳрондаги турар жой массивлари ҳам бўлган. Шунингдек, мамлакатнинг энг нуфузли Теҳрон университети яқинига ҳам зарбалар берилганини хабар қилди.

Бундан ташқари, Исроил тун давомида бутун Ливан бўйлаб жуда йирик ҳаво зарбалари берди. Байрутнинг жанубий чеккаларида 11 та зарба қайд этилди, улардан баъзилари фавқулодда даражада кучли ва шовқинли бўлган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги эса Эрон фойдаланадиган йирик дрон ташувчи кема «Шаҳид Багери»га берилган зарбаларни эълон қилди. Видеода ўлчами Иккинчи жаҳон уруши давридаги авиаташувчига тенг бўлган дрон ташувчи кема аланга ичида қолгани кўринади.

Уруш оқибатлари яна кенгайди

5 март куни Эроннинг тўртта дрони мамлакат чегарасини кесиб ўтиб, Озарбойжондаги объектларга урилди. Бу ҳолат Яқин Шарқдаги можаронинг ёйилиб бораётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Озарбойжон расмийларининг маълум қилишича, битта дрон Эрон чегарасидан тахминан 10 км узоқликда жойлашган Нахчиван халқаро аэропорти терминали биносига тушган. Яна бир дрон эса яқин атрофдаги қишлоқлардан бирида – мактаб биноси яқинига қулаган.

Дронлардан бири Озарбойжон армияси томонидан уриб туширилган, яна бири эса фуқаролик инфратузилмасига шикаст етказган. Тўрт нафар ярадор шифохонага етказилган ва уларнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда. Расмийлар ишлатилган дронлар турларини ўрганаётганини билдиришди.

«Биз Озарбойжонга қарши амалга оширилган ушбу террор ва тажовузкорлик ҳаракатига тоқат қилмаймиз. Қуролли Кучларимизга тегишли жавоб чораларини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди», - деди Илҳом Алиев ўзининг Хавфсизлик кенгаши йиғилишида. Шунингдек, у ҳар қандай душман кучига қарши ўз кучини кўрсатишга тайёрлигини айтган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эроннинг Нахчиванга ҳужум қилганини рад этди ва Теҳрон тергов ўтказишини билдирди.

Озарбойжон ҳужумдан сўнг ўзининг жанубий ҳаво ҳудудини 12 соатга ёпаётганини, шунингдек, барча юк машиналари учун Эрон билан чегара ўтиш пунктларини беркитишини маълум қилди. Бу Эронни унинг иттифоқчиси бўлган Россия билан боғлайдиган энг қисқа қуруқлик йўлларидан бирини тўсиб қўяди.

Озарбойжон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Бокунинг Туркия ва Исроил билан ривожланиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий алоқалари туфайли аллақачон таранглашган эди.

«Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши элита бўлинмаларини юборди

Ливан жанубида Исроил кучларига қаршилик кўрсатиш учун «Ҳизбуллоҳ» ўзининг элит жангчиларини сафарбар қилди. Вазиятдан хабардор Ливандаги манбаларга кўра, гуруҳ Яқин Шарқдаги можарога чуқурроқ кириб бормоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ»нинг «Развон» бўлинмаси аъзолари жангга қўшилиш ва Исроил танклари ҳаракатини тўхтатиш ҳақида буйруқ олган. Бунга мисол сифатида чоршанба куни Исроил қўшинлари олдинга силжиган ҳудудлардан бири — Хиям шаҳри келтирилди.

Эрон томонидан ташкил этилган Ливандаги гуруҳи душанба куни урушга кирганди. Улар АҚШ ва Исроилнинг кутилмаган ҳужуми натижасида ҳалок бўлган Эрон олий раҳнамоси учун қасос олиш мақсадида ўт очган.

Ўшандан бери Исроил Жанубий Ливан ва бошқа кенгроқ ҳудудларга шиддатли зарбалар бериб, чегара орқали кўпроқ қўшин юборди.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари Наим Қосим чоршанба куни телевидение орқали қилган чиқишида, гуруҳ Исроилнинг «оккупация ва кенгайиш» режасига қарши туришини айтди.

Гуруҳ 2024 йилдаги урушдан кейин АҚШ воситачилигидаги сулҳга кўра, Литани дарёси ва Исроил чегараси ўртасидаги ҳудудни тарк этиб, дарёнинг шимолига кўчган эди.

Трамп Эроннинг янги раҳбарини ўзи танламоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Reuters агентлигига берган интервюсида Қўшма Штатлар Эроннинг навбатдаги раҳбарини танлаш жараёнида иштирок этиши шартлигини айтди.

«Биз ўша шахсни Эрон билан биргаликда танлашимиз керак бўлади. Биз у одамни танлашимиз шарт», деди Трамп.

Телефон орқали берган интервюсида Трамп Эроннинг бўлажак раҳбари марҳум Али Хоминаийнинг ўғли бўлиши эҳтимолдан йироқ эканини айтди. Лекин Эрон томони Хоминаийнинг ўғлини асосий номзод сифатида кўрмоқда.

Ислом республикасидаги ҳокимият ворислиги ҳақида гапирар экан, у вазиятни Венесуэлада Мадуро ўрнида қолган ва АҚШ билан келишиб ишлаётган Делси Родригесга қиёслади.

«Биз Эронни келажакка бошлаб борадиган шахсни танлаш жараёнида иштирок этишни хоҳлаймиз, токи ҳар беш йилда бу ерга қайтиб, айни ишни қайта-қайта такрорлашга мажбур бўлмайлик. Биз халқ учун ҳам, мамлакат учун ҳам ажойиб бўладиган одамни хоҳлаймиз», деди Трамп.

Эроннинг сургундаги вакили, сўнгги шоҳнинг ўғли Ризо Паҳлавий номзоди ҳақидаги саволга Трамп: «Менимча, ҳамма вариантлар кўриб чиқилмоқда. Ҳали жуда эрта», деб жавоб берди.

Трамп, шунингдек, Эрон курд кучларини ҳужумга ўтишга ундади. «Менимча, уларнинг буни амалга оширишни хоҳлаётгани жуда соз, мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», деди президент.

Мавзудан хабардор манбаларга кўра, Эрон–Ироқ чегарасида жойлашган курд гуруҳлари коалицияси Теҳрон армиясини заифлаштириш мақсадида ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда.

Трамп ички хавфсизлик котибини ишдан олди

АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэмни лавозимидан озод этди. Ноэмнинг ўрнига Оклахома сенатори Маркуэйн Муллин тайинланади. Ушбу тайинлов АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

Жанубий Дакотанинг собиқ губернатори бўлган Ноэм, ижтимоий тармоқларда иммигрантларни кескин сўзлар билан тасвирлаши, жиноий ҳуқуқбузарликларни бўрттириб кўрсатиши ва тажовузкор тилдан фойдаланиши билан Трамп кабинетининг энг машҳур аъзоларидан эди.

Иммиграцияга қарши кескин чораларнинг «юзи» бўлган Ноэмнинг кетиши Трампга миграция сиёсатида янгича ёндашув имконини бериши мумкин.

Шу ҳафтадаги Конгресс эшитувларида Ноэм иммиграция сиёсати ва услуби учун танқид қилинганди. Хусусан, Ноэмнинг ўзи асосий қаҳрамон бўлган 220 миллион долларлик реклама кампанияси алоҳида эътирозларга сабаб бўлди.

Шунингдек, Ноэмнинг шахсий ҳаёти ҳам назорат остига олинди. Демократ қонун чиқарувчилардан бири ундан, иккаласи ҳам оилали бўла туриб ёрдамчиси билан яқин муносабатда ёки йўқлигини сўраган. Ноэм бу саволни «сариқ матбуот ахлати» деб атади.

Ноэм Трампнинг иккинчи муддатида Сенат томонидан тасдиқланган ва вазифасидан четлатилган илк кабинет аъзоси бўлди. Президент Трамп Ноэмнинг янги вазифаси Майамидаги режалаштирилган саммитда Ғарбий яримшар бўйича махсус вакил бўлишини маълум қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид