Жаҳон | 02:19
2500
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эронда демократия ўрнатилиши уни қизиқтирмаслигини айтди 

Доналд Трамп Эронга АҚШ талабларига жавоб берадиган диний раҳнамо раҳбарлик қилишига қарши бўлмаслигини қўшимча қилди.  

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон демократик давлатга айланиши шарт деб ҳисобламайди ва мамлакатда Вашингтонга содиқ ҳар қандай «адолатли» раҳбар пайдо бўлишини қўллаб-қувватлайди. У бу ҳақда CNN журналистига берган интервюсида айтди.

Трамп CNN бошловчиси Дана Баш билан телефон орқали суҳбати давомида Эронга АҚШ талабларига жавоб берадиган диний раҳнамо раҳбарлик қилишига ҳам қарши бўлмаслигини қўшимча қилди.  

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги Эрон раҳбарияти «заифлашган», мамлакатнинг ўзи эса «бир ҳафта аввалгидай эмас», шунинг учун Оқ уй Эронда яқинда Венесуэлада бўлгани каби янги раҳбариятни шакллантиришда иштирок этишга умид қилмоқда.

«Бу жуда осон бўлади. Бу худди Венесуэладаги каби кечади. У ерда бизнинг ажойиб раҳбаримиз бор. У ўз вазифасини аъло даражада уддалаяпти. Ва бу худди Венесуэладаги каби бўлади», — деди у вақтинча президент вазифасини бажараётган Делси Родригесни назарда тутиб.

Демократияни илгари суриш АҚШ ташқи сиёсат доктринасининг асосларидан бири ҳисобланади. 2021 йилда Америка режимларни ағдармаслик ва демократияни куч билан ўрнатмасликка ваъда берганди. Собиқ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг бу борадаги илгариги уринишлари натижа бермаган. 

АҚШ расмийлари ва давлат департаменти Эрон ҳукуматини айнан нодемократик режим ва инсон ҳуқуқларини бузувчи дея мунтазам равишда танқид қилиб келади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид