Жаҳон | 11:23
3074
5 дақиқада ўқилади

WP: Россиянинг Эронга ёрдами — урушга билвосита аралашув

The Washington Post ёзишича, Москва АҚШ ва Исроил Эронга қарши олиб бораётган урушда билвосита иштирок этмоқда. Манбаларга кўра, 28 февралдан бери Россия Теҳронга АҚШнинг бир қатор ҳарбий объектлари, жумладан кемалар ва самолётлар жойлашуви ҳақида маълумот узатмоқда.

Фото: REUTERS

Россия Эронга Яқин Шарқдаги Америка қўшинларига зарба бериш учун разведка маълумотларини тақдим этмоқда. Бу ҳақда 6 март, жума куни The Washington Post (WP) газетаси хабар қилди. Шу тариқа, Москва АҚШ ва Исроил Эронга қарши олиб бораётган урушда билвосита иштирок этаётгани қайд этилмоқда.

Уч манбанинг хабар беришича, уруш бошланган 28 февралдан буён Россия Эронга АҚШнинг бир қатор ҳарбий объектлари, жумладан кемалар ва самолётларнинг жойлашуви ҳақида маълумот бериб келмоқда. “Бу, афтидан, анча кенг кўламли операция”, — деди манбалардан бири. WP ёзишича, ракета нишонга олиши масаласидаги ёрдам даражаси ҳалигача тўлиқ аниқланмаган. Нашрнинг қўшимча қилишича, жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери Эроннинг объектлар жойлашувини аниқлаш имкониятлари қисқарган.

Вашингтондаги Россия элчихонаси изоҳ сўровига жавоб бермаган. Москва расман урушни тўхтатишга чақирган ва уни “қўзғатилмаган қуролли агрессия акти” деб атаган.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Пентагон эса изоҳ беришдан бош тортди.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет шу ҳафта Россия ва Хитой Эрон атрофидаги вазиятда таъсир кўрсатувчи “ҳеч қандай омил эмас” эканини ва уларда улар учун ҳеч қандай мурожаат йўқлигини айтган эди.

Карнеги халқаро тинчлик жамғармасининг Россия ва Евросиё дастури катта илмий ходими Дара Массикот эса, ўз навбатида, Эрон “эрта огоҳлантирувчи радарлар ёки уфқорти радиолокаторларига жуда аниқ зарбалар бермоқда”, деб тушунтирди. “Улар буни жуда мақсадли тарзда амалга оширмоқда. Улар қўмондонлик ва бошқарув марказларига ҳужум қиляпти”, — деди у.

Теҳрон, шунингдек, Кувайтдаги объектларга ҳам ҳужум қилмоқда, у ерда олти нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Ар-Риёддаги АҚШ элчихонаси ҳудудидаги МРБ тузилмалари ҳам ҳужумга учраган.

Эронда атиги бир нечта ҳарбий сунъий йўлдош бор ва у ўзининг мустақил сунъий йўлдош гуруҳига эга эмас. Шу боис Россиянинг Ҳаво-коинот кучлари томонидан берилган маълумотлар ниҳоятда қимматли ҳисобланади — айниқса, Кремл Украинадаги уруш давомида нишонга олиш кўникмаларини анча такомиллаштирганини ҳисобга олганда, деди Массикот.

АҚШ ва Исроил 28 феврал эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар бера бошлади. Ислом Республикаси бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқда Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган давлатларга дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Теҳроннинг таъкидлашича, Эрон зарбаларининг нишонлари айнан шу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базаларидир.

Эронда қурбонлар сони ҳақидаги баҳолар 500 нафардан 1000 нафардан ортиқ кишигача фарқ қилмоқда. Кувайтдаги Америка авиабазасига зарба берилгани оқибатида олти нафар америкалик аскар ҳалок бўлган. Исроилда 11 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Ливанда қурбонлар ҳақидаги маълумотлар 10 нафардан 50 нафардан ортиққача фарқ қилади. Уммон, Ироқ, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Кувайтда тахминан 10 киши ҳалок бўлган.

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияси натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда Ислом Республикасининг яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ўлдирилган. АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг янги раҳбариятини танлашда шахсан иштирок этиш ниятида эканини билдирди.

Ислом Республикаси олий раҳбари лавозимига асосий даъвогар сифатида ҳалок бўлган оятуллоҳнинг ўғли Мужтаабо Хоминаий кўрилмоқда. Теҳрон ҳозирча айнан у бу лавозимни эгаллашини маълум қилмаган.

Европа Иттифоқи Яқин Шарқдаги воқеалар юзасидан жиддий ташвиш билдирди. Германия, Франция ва Буюк Британия етакчилари Эроннинг минтақа давлатларига қилган ҳужумларини қатъий қоралаб, Теҳронни музокараларга чақирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроил—АҚШ ҳужумларини, ҳам Эроннинг жавоб зарбаларини қоралаб, вазият назоратдан чиқиб кетиши хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид