Жаҳон | 22:38 / 09.03.2026
1348
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан уруш туфайли нефт нархини жиловлаш чораларини ўрганмоқда

АҚШ президенти маъмурияти котировкаларнинг 1 баррел учун 100 доллардан ошиши ноябр ойидаги оралиқ сайловлар арафасида Америка бизнеси ва истеъмолчиларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп яқин вақт ичида Эрон билан ҳарбий можаро фонида кескин кўтарилган жаҳон нефт нархини пасайтиришга қаратилган бир қатор чораларни ўрганиб чиқмоқчи. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

АҚШ президенти маъмурияти котировкаларнинг 1 баррел учун 100 доллардан ошиши ноябр ойидаги оралиқ сайловлар арафасида Америка бизнеси ва истеъмолчиларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда. Республикачилар уларга таяниб, Конгресс устидан назоратни сақлаб қолишга умид қилмоқда.

Муҳокама қилинган чора-тадбирлар орасида:

- G7 мамлакатлари томонидан стратегик нефт захираларидан фойдаланиш;

- АҚШдан экспортни чеклаш;

- нефт фючерслари бозорларига аралашиш;

- баъзи федерал солиқларни бекор қилиш ва мамлакат ичида ёқилғини фақат Америка байроғи остидаги кемаларда ташишни талаб қиладиган Жонс қонуни чекловларини вақтинча олиб ташлаш.

Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп ва унинг жамоаси энергия бозорларини барқарорлаштириш бўйича «кучли режага» эга. Маъмурият вакилининг таъкидлашича, барча оқилона вариантлар кўриб чиқилади ва тегишли идоралар билан мувофиқлаштириш доимий равишда олиб борилади.

Бироқ, таҳлилчилар таклиф этилаётган чораларнинг самарадорлигига шубҳа қилмоқда, чунки жанговар ҳаракатлар дунё нефтига бўлган талабнинг бешдан бир қисмини таъминлайдиган Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб беришни тўсиб қўймоқда. 28 феврал куни АҚШ ва Исроил зарбалари бошланганидан сўнг, қисқа муддатли нархлар бир баррел учун 119 долларга етди.

Ушбу масала бўйича йиғилишлар юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Оқ уй аппарати раҳбари Сюзи Уайлс ва катта маслаҳатчи Стивен Миллер иштирокида бўлиб ўтмоқда. Бўғозда танкерларни ҳарбий-денгиз кузатувини ташкил этишга уринишлар ҳозирча кема қатновини тиклашга олиб келмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид