Жаҳон | 11:41 / 10.03.2026
1053
2 дақиқада ўқилади

ЕП қўмитаси ЕИдан ташқарида депортация марказлари ташкил этилишини маъқуллади

Европарламент қўмитаси ЕИдан чиқариб юбориладиганлар учун учинчи давлатларда марказлар ташкил этиш чора-тадбирлари пакетини маъқуллади. Бу масала бўйича ялпи мажлисдаги овоз бериш 12 май куни бўлиб ўтиши мумкин.

Фото: Ardan Fuessmann/Eibner-Pressefoto

Европарламентнинг фуқаролик эркинликлари, адлия ва ички ишлар бўйича қўмитаси Европa Иттифоқидан чиқариб юбориладиганлар учун учинчи мамлакатларда марказлар ташкил этишга доир қонунчилик ташаббусини бошлади. Душанба, 9 март куни депутатлар консерваторлар ва ўта ўнг партиялар вакилларининг овозлари билан Европа Иттифоқининг иммиграция сиёсатини анча кескинлаштирадиган чоралар пакетини тасдиқлади.

Ҳужжат Европа халқ партияси (ЕХП) парламент фракцияси билан ўта ўнг фракциялар ўртасидаги келишув натижасидир. Бу чоралар ЕИ мамлакатларига Европа Иттифоқи ҳудудидан ташқарида депортация марказлари ташкил этиш имконини беради. Бу марказларга бошпана бериш ҳақидаги аризалари рад этилган шахсларни юбориш режалаштирилмоқда. Пакет шунингдек, ҳокимиятнинг тегишли қарорига қарамай ЕИни тарк этишдан бош тортганлар учун киришни тақиқлашдан тортиб қамоқ жазосигача бўлган янада қаттиқ жазоларни ҳам назарда тутади.

Депортация марказларини ташкил этиш масаласи бўйича Европарламентнинг умумий таркибидаги овоз бериш 12 март куни бўлиб ўтиши мумкин.

Европа Иттифоқининг миграция сиёсатини қатъийлаштириши ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари томонидан кескин танқид қилинмоқда. Улар инсон ҳуқуқлари тизимли равишда бузилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда, чунки янги қоидалар ноқонуний мигрантларни уларнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган мамлакатларга чиқариб юборишга йўл қўяди.

Шу билан бирга, 2025 йилда ЕИда бошпана сўровлари сони олдинги йилга нисбатан 19 фоизга камайган. Бироқ ЕИ мамлакатларини тарк этиш буюрилган шахсларнинг фақат 20 фоизигина ўз келиб чиққан мамлакатига қайтмоқда.

Европа Иттифоқи кенгаши миграция тўғрисидаги қонунчиликни қатъийлаштиришни феврал ойи охирида якуний тарзда маъқуллаган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид