Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Минобга ҳужум бўйича суриштирувнинг дастлабки натижалари. У ерда 165 киши, асосан – болалар ҳалок бўлганди
Трамп «буни эронликлар қилгани»ни айтганди. Экспертлар ва журналистлар эса бу – америкаликлар эканини айтмоқда.
Фото: Anadolu / Getty Images
28 февралда, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушининг илк кунида Миноб шаҳридаги қизлар мактаби вайрон қилинганди. Расмийларга кўра, ҳужум оқибатида камида 165 киши ҳалок бўлган. Уларнинг кўпчилиги ўқувчилар бўлган – зарба вақтида мактабда дарслар бошланганди.
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ушбу зарбани қоралади. Теҳрон ҳужум учун жавобгарликни АҚШ ва Исроил зиммасига юклади. Доналд Трамп эса «буни эронликлар қилгани»ни айтиб чиқди. Аммо Америка армиясида бошланган терговнинг дастлабки хулосалари, шунингдек, экспертлар ва журналистларнинг хулосалари шуни кўрсатадики, Минобдаги мактабга айнан АҚШ зарба берган.
Бу версия фойдасига бирданига бир неча аргумент мавжуд.
Мактаб жойлашуви
«Шажара Тоййиба» номли қизлар мактабини Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базасидан битта девор ажратиб турган. Ислом республикаси армиясини ўрганган эроншунос Фарзи Надимининг сўзларига кўра, бу базада корпуснинг ҳарбий-денгиз кучлари объектлари жойлашганди ва ўша куни бу бинолар ҳам ҳужумга учраган.
Сунъий йўлдош тасвирларидан маълум бўлишича, мактаб бинолари қачонлардир базанинг бир қисми эди, аммо 10 йил муқаддам ундан панжара билан ажратилган. Вақт ўтиши билан бино атрофида турли ранглардаги панжаралар ва спорт майдончаси ҳам пайдо бўлади – уларни сунъий йўлдошдан ҳам кўриш мумкин.
Надими AP билан мулоқотда ушбу мактабда корпус ҳарбий хизматчиларининг қизлари ўқиганини тахмин қилган. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, бу мактабни қонуний ҳарбий нишонга айлантирмасди – у барибир фуқаролик объекти бўлиб қоларди, дея қайд этади Вашингтондаги «Атлантика кенгаши» номли таҳлил марказ катта ҳуқуқшуноси Элис Бейкер.
Зарбанинг мақсадли характери
Мактаб биноси ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базаси биноларига етказилган зарар уларга мақсадли равишда ва деярли бир вақтнинг ўзида ҳаво зарбалари берилганини кўрсатади, дейди CNN телеканалига қурол-яроғ ва ўқ-дорилар бўйича эксперт Н. Р. Женсен-Жонс. Британия армиясининг собиқ зобити ва портловчи қурилмаларни зарарсизлантириш бўйича эксперт Шон Мурҳаус эса AP нашри билан суҳбатда кўплаб нишонларга аниқ зарбалар берилгани мактабга Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг носоз ракетаси келиб урилгани ҳақидаги версияни рад этишини таъкидлайди.
Америка армиясининг ҳаракатланиш ҳудуди
4 март куни Пентагон АҚШ ва Исроил Эронда урушнинг дастлабки 100 соати мобайнида зарба берган нишонлар харитасини намойиш этди. Харитада Миноб алоҳида қайд этилмаган бўлса-да, Америка-Исроил зарбаларини ифодаловчи белгилардан бири айнан ушбу шаҳар жойлашган ҳудудга тўғри келади. Шу билан бирга, Эроннинг жавоб зарбаларини акс эттирувчи белги бу шаҳар атрофида йўқ эди, дея қайд этади The Guardian.

Reuters маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил қўшинлари Эронга ҳужумдан олдин вазифаларни география ва нишонлар турига қараб тақсимлаб олган. Исроил Эроннинг шимолий қисмидаги ракета учириш мосламаларига зарбалар берган. АҚШ ҳарбийлари эса мамлакат жанубидаги худди шундай нишонларга (шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Минобдаги базаси ҳам кирган денгиз флоти объектларига) ҳужум қилган.
Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати исроилликлар Миноб ҳудудида амалиёт ўтказмаганини маълум қилган.
«Tomahawk» ракетаси акс этган видео
8 март куни Эрондаги Mehr ахборот агентлиги «Шажара Тоййиба» мактаби бўйлаб зарба вақтида олинган видеони эълон қилди. Bellingcat, BBC Verify ва Sky News видео чиндан ҳам мактаб атрофида олинганини тасдиқлаган.
Журналистлар бу видеода Американинг «Tomahawk» русусли ракетасини ҳам танишган, ракета корпус базаси ҳудудига тушган. CNN телеканалига кўра, ракета базадаги клиникага ёки унинг ёнидаги қайсидир бинога урилган (мактаб клиникадан бир неча юз метр масофада жойлашган). «Tomahawk» ракеталаридан эса ушбу можаро иштирокчилари орасида фақат АҚШ ҳарбийлари фойдаланади – бундай ракета Эронда ҳам, Исроилда ҳам йўқ.
Манбалар гувоҳлиги
«Шажара Тоййиба» мактабига берилган зарбани тергов қилаётган АҚШ ҳарбий терговчиларининг дастлабки хулосаларига кўра, зарба учун айнан америкалик ҳарбийлар жавобгар. Бу ҳақда дастлаб 5 март куни Reuters, 6 март куни – AP манбага асосланиб хабар берди, 9 март куни бу маълумотни CBS суҳбатдоши ҳам тасдиқлади. Уларнинг сўзларига кўра, америкаликлар мактабга хатолик туфайли зарба берган – бу хато катта эҳтимол билан, разведканинг мактаб биноси корпус базасининг бир қисми сифатида кўрсатилган эскирган маълумотлари туфайли содир бўлган.
Америка армиясида олиб борилаётган терговнинг якуний хулосалари ҳали эълон қилинмади. Трамп маъмурияти вакиллари мактабга АҚШ томонидан зарба берилганини тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортмоқда, улар Америка армияси фуқаролик объектларига мақсадли ҳужум амалга оширмаслигини таъкидлаш билан чекланмоқда.
Мавзуга оид
23:00
Ғарбий Европада АҚШ-Эрон урушининг биринчи кунида сирли радиостанция ишга тушди
22:40
Мантиқсиз уруш. Уни бошлаганлар қандай тугатишни билмаяпти
21:41
Яқин Шарқдаги уруш туфайли нефт захираларининг тарихдаги энг катта захираси очилади
20:44