Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия хорижда қўшин қўллаш учун асосларни кенгайтириши мумкин
Россия ҳукумати Давлат думасига россиялик фуқароларни жиноий ёки бошқа таъқибдан ҳимоя қилиш мақсадида бошқа мамлакатларга қўшин киритишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини киритишни маъқуллади, деб ёзади “Интерфакс” манбага таяниб.
Фото: AP
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги қуролли кучлардан Россия ҳудудидан ташқарида фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Унинг мақсади — Россия фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. “Интерфакс” агентлиги 10 март, сешанба куни номаълум манбага таяниб хабар беришича, ҳужжатни кўриб чиқиш учун Давлат думасига киритишни ҳукуматнинг қонун лойиҳалари фаолияти бўйича комиссияси маъқуллаган.
“Қонун лойиҳаси билан ‘Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида’ги федерал қонунга ва ‘Мудофаа тўғрисида’ги федерал қонунга ўзгартишлар киритилмоқда, улар жумладан Россия Федерацияси президенти қарорига кўра Россия Федерацияси қуролли кучлари таркибларидан Россия Федерацияси фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳудуддан ташқарида фойдаланиш имкониятини назарда тутади”, — деди “Интерфакс” суҳбатдоши.
Тушунтириш хатида қайд этилишича, “қонун лойиҳаси Россия Федерацияси фуқароларини хорижий давлатлар судлари қарорларини ижро этиш жараёнида қўлга олиш, ушлаб туриш, жиноий ва бошқа таъқиб ҳолатларида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган”. Шунингдек, гап Россия билан тузилган халқаро шартнома ёки БМТ низомининг VII боби доирасидаги ваколатларга асосланган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан белгиланмаган халқаро суд органлари томонидан россияликларни таъқиб қилиш ҳақида ҳам бормоқда, дейилади ҳужжатда.
Амалдаги Россия қонунчилиги 2023 йилдан бери президентга Россия Федерацияси ва унинг фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш имконини беради, агар хорижий, халқаро ёки давлатлараро органлар Россия манфаатларига зид қарорлар қабул қилса ёки шундай ҳаракатларни амалга оширса. Бироқ қонунда бундай ҳимоя қандай воситалар билан амалга оширилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилмаган.