Жаҳон | 09:19
2406
4 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши: Эрон қўшни мамлакатларга ҳужумларни тўхтатиши керак

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 13 таси Эрондан Яқин Шарқда кескинликни пасайтиришни талаб қилди. Хитой ва Россия резолюцияни қўллаб-қувватламади, Эрон эса БМТ қарорини сиёсийлаштирилган деб танқид қилди.

Фото: John Lamparski/NurPhoto

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондан Форс кўрфази минтақаcидаги қўшни давлатларга қарши ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди. Халқаро ҳуқуқ ва хавфсизликни сақлаш учун масъул бўлган БМТнинг асосий органи томонидан тегишли резолюция 11 март, чоршанба куни, 15 аъзодан 13 тасининг овози билан қабул қилинди.

Резолюция матнини кўриб чиқиш учун Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши аъзолари (Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Кувайт, Уммон, Қатар ва Баҳрайн) ҳамда Иордания киритди. Ҳужжатда айтилишича, Эроннинг ушбу давлатларга қилган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади ва “жаҳон тинчлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид” солади. Айни пайтда, ҳужжатда Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаган АҚШ ва Исроил тилга олинмаган.

Резолюцияда, шунингдек, Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали халқаро денгиз қатновини “тўсиш, халақит бериш ёки бошқа тарзда издан чиқариш”га қаратилган “ҳар қандай ҳаракатлари ёки таҳдидлари” қораланади. Яқин Шарқ мамлакатларидан нефт экспорти учун энг муҳим транспорт йўлларидан бири ҳисобланган ушбу бўғоз АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён амалда Теҳрон томонидан тўсиб қўйилган.

Резолюция бўйича овоз беришда Хавфсизлик кенгашининг икки доимий аъзоси — Россия ва Хитой бетараф қолди. Ҳужжат “бир томонлама ва ғаразли руҳда тузилган” бўлиб, “минтақада тинчликка эришишга олиб келиши мумкин эмас”, дея қарорга изоҳ берди Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя.

Небензянинг сўзларига кўра, Россия ҳужжат матнига Эронга қилинган зарбаларни ҳам қоралаш ҳақидаги қўшимчани киритишни таклиф қилган. Россия, шунингдек, Яқин Шарқдаги можаро бўйича ўз резолюциясини ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида тақдим этган, аммо унга АҚШ вето қўйган.

Эрон эса ўз навбатида Форс кўрфази давлатлари ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияни танқид қилди. Мамлакат вакили Амир Саид Иравоний буни “АҚШ ва Исроилнинг сиёсий мақсадларига эришиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатини суиистеъмол қилиш” деб атади, Эроннинг ўзи эса “тажовуз қурбони” эканини таъкидлади.

28 феврал куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эронга оммавий авиация зарбаларини бериб, “Эпик ғазаб” ҳарбий амалиёти бошланганини эълон қилди. Бунинг натижасида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳалок бўлди. Бунга жавобан Эрон Исроилга ва Форс кўрфази давлатлари ҳудудига зарбалар бермоқда. Бу ҳужумлар чоғида бир неча бор снарядлар ва дронларнинг фуқаровий объектларга келиб тушгани қайд этилган.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён кейинчалик қўшни давлатлардан узр сўради ва Эрон ҳарбийлари уларнинг ҳудудига раҳбарият АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида йўқотилган шароитда зарба берганини айтди. Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эрон минтақадаги исталган давлатда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига зарба беришни давом эттиришини қўшимча қилди.

Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар ва уларнинг дунё тинчлигига таъсирини муҳокама қилар экан, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан уруш “у хоҳлаган вақтда тугашини” айтди. Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса жанглар “ҳеч қандай вақт чекловларисиз — қанча керак бўлса, шунча давом этади”, деб таъкидлади. Эрон эса урушни тугатиш шартларини унинг рақиблари эмас, балки Ислом Республикасининг ўзи белгилашини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид