Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Эрондаги уруш якуни ҳақида

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган уруши «тез орада» тугашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, берилган зарбалар натижасида мамлакатда «нишонга олиш учун деярли ҳеч нарса қолмади».

«Мен қачон тугашини хоҳласам, ўша заҳоти тугайди», деди президент Трамп Axios нашрига уруш тугаши ҳақида берган изоҳида.

Трамп урушни тугатиш қарори фақат унинг ихтиёрида эканини алоҳида таъкидлаган. Ваҳоланки, бундан бироз аввал у урушни якунлаш бўйича ҳар қандай қарор – Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўзаро келишилган ҳолда қабул қилинишини айтганди.

Исроил ва АҚШ расмийлари нашрга берган маълумотга кўра, улар уруш камида яна икки ҳафта давом этишига тайёргарлик кўрмоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Бред Купер шу кунгача улар томонидан амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар натижаларини очиқлади: Унга кўра, Эронда 5500 дан ортиқ нишон йўқ қилинган, 60 дан ортиқ кема, жумладан, барча «Сулаймоний» тоифасидаги ҳарбий кемалари яксон этилган. Шунингдек, Эроннинг ҳарбий-денгиз флоти ва саноат базаси кескин даражада заифлаштирилган.

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» зарбалар алмашди

11 март куни кечқурун «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва Исроил ўзаро зарбалар алмашди.

Хусусан, чоршанба оқшомида «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолига ўнлаб ракеталар учирганини ва бу ҳали давом этишини билдирди. Ливан хавфсизлик манбалари 100 дан ортиқ ракета учирилганини тасдиқлади. Исроил мудофаа мулозими сўзларига кўра, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» биргаликда ракета ҳужумини амалга оширган. У буни уруш бошланганидан бери Исроилга қарши «илк мувофиқлаштирилган ҳаракат» деб атади.

Исроилнинг Носира шаҳри шимолида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарни тутиб қолиши натижасида ўнлаб портлашлар юз берди. Исроил тез ёрдам хизмати икки киши енгил жароҳатланганини билдирди.

Байрутдаги жавоб зарбалари «Ҳизбуллоҳ» ҳужумидан деярли дарҳол кейин бошланди ва шаҳар бўйлаб кетма-кет портлаш товушлари эшитилди. Исроил ҳарбийлари 30 дақиқа ичида «Ҳизбуллоҳ»нинг 10 та иншоотига, жумладан, «Ризвон» элита бўлинмаси штаб-квартирасига зарба берганини айтди.