Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мужтабага таҳдид қилган Нетаняҳу, Ироқда ўлдирилган француз ҳарбийси ва «Крокус» теракти ижрочиларига ҳукм – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
.
Уруш давом этмоқда
Эрон курашни давом эттиради ҳамда АҚШ–Исроилга қарши босим воситаси сифатида Ҳўрмуз бўғозини ёпиқ ҳолда ушлаб туради. Бу ҳақда Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтаба Хоминаийнинг илк бор эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.
Хоминаий омма олдида кўриниш бермади ва унинг сўзлари давлат телевидениеси бошловчиси томонидан ўқиб эшиттирилди. Хоминаий Эроннинг қўшниларини ўз ҳудудларидаги АҚШ базаларини ёпишга чақирди ва уларни нишонга олишда давом этиши ҳақида огоҳлантирди.
«Халқнинг талаби — самарали мудофаамизни давом эттириш ва душманни пушаймон қилишдир. Глобал нефтнинг бешдан бир қисми ўтадиган, Эрон қирғоқлари бўйлаб жойлашган Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш ричагидан фойдаланишда давом этиш керак», деди Хоминаий.
Эрон давлат телевидениеси мурожаат нега шахсан етказилмаганига изоҳ бермади. Эрон расмийлари Хоминаий 28 февралдаги дастлабки ҳаво ҳужумларида енгил яраланганини айтган, бироқ унинг жароҳати даражаси номаълум қолмоқда.
Бир неча соат ўтгач, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳам уруш бошланганидан бери илк бор видеоалоқа орқали матбуот анжумани ўтказди. У Хоминаийни ўлдиришга яширинча таҳдид қилди ва минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган Эронга қарши ҳарбий ҳужумни ҳимоя қилиб чиқди.
Уруш йирик молиявий муаммоларни келтириб чиқаришда давом этмоқда. Эрон ҳарбий қўмондонлиги вакили чоршанба куни дунё – баррелига 200 доллар бўладиган нефт нархига тайёр туриши кераклигини айтди. Бироқ Трамп нархларнинг кўтарилишини оддий ҳол деб баҳолади. «Қўшма Штатлар дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, шунинг учун нефт нархи ошса, биз кўп пул ишлаймиз», деб ёзди Трамп.
АҚШ нефт экспортчиси бўлса-да, айни пайтда дунёдаги энг йирик нефт истеъмолчиси ҳамдир. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, нархларнинг узоқ вақт юқори даражада қолиши кенг кўламли инфляцияга сабаб бўлади.
АҚШ ёнилғи қуйиш самолёти ҳалокатга учради
Пайшанба куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Ироқ ғарбида ўзининг ҳарбий ёнилғи қуйиш самолёти ҳалокатга учраганини маълум қилди. Расмийларга кўра, ҳодиса бошқа бир самолёт иштирокида юз берган, бироқ бу душман ёки дўстона ўт очиш натижаси эмас.
Ўз баёнотида АҚШ Марказий қўмондонлиги АҚШнинг KC-135 ёнилғи қуйиш самолёти қулаганидан сўнг қутқарув ишларини олиб бораётганини билдирди. Иккинчи самолёт хавфсиз қўнган. Reuters’нинг АҚШ расмийсига таяниб ёзишича, ҳодисада иштирок этган иккинчи самолёт ҳам KC-135 бўлган. Қулаган самолёт бортида эса олти нафаргача ҳарбий хизматчи бўлган.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳларнинг бирлашмаси бўлган «Ироқдаги Исломий қаршилик» ҳаракати АҚШ ҳарбий ёнилғи қуйиш самолётини уриб туширганлик учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Европа ҳам урушга тортилмоқда
Франция армияси пайшанба куни Ироқда терроризмга қарши кураш бўйича машғулотлар ўтказаётган олти нафар француз аскари дрон ҳужуми натижасида яраланганини маълум қилди. Бир нафар француз офицери эса ҳалок бўлган.
Арбил вилоятида «ИШИД»га қарши курашувчи кенгроқ халқаро коалиция таркибида Франциянинг юзлаб аскарлари жойлашган.
Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу ҳужумни кескин қоралади. «2015 йилдан бери ИШИДга қарши кураш олиб бораётган француз аскарларининг Ироқдаги иштироки қатъий равишда терроризмга қарши кураш доирасидадир. Эрондаги уруш бундай ҳужумларни оқлай олмайди», деди Макрон.
Дроннинг қаердан учирилгани ҳозирча аниқ эмас. Ироқ хавфсизлик хизмати ва гуруҳларга яқин манбаларнинг сўзларига кўра, Ироқдаги турли шиа гуруҳлари уч-тўрт кун ичида АҚШ базаларига қарши дрон ва ракета ҳужумлари суръатини оширган.
Арбил губернатори дрон ҳужуми Махмур ҳудудида содир бўлганини маълум қилди.
Олдинроқ Ироқ Курдистонидаги Италия ҳарбий базасига ҳам ҳаво зарбаси берилган. Италия мудофаа вазирлиги бунинг қасддан амалга оширилгани ва у НАТО ходимларини қабул қилувчи объектни нишонга олганини билдирди.
«Крокус» теракти айбдорлари умрбодга қамалди
12 март куни Москва суди 2024 йилда содир этилган «Крокус Сити Холл»даги қирғин юзасидан 15 эркакни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Умрбод қамоқ жазоси берилганлар орасида ҳужумни бевосита амалга оширган, оломонга қарата ўт очган, сўнгра бинога ўт қўйган тўрт нафар қуролланган шахс бор: уларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари.
Яна 11 киши, жумладан, Россия фуқаролари ҳам террорчилик алоқалари бўлган шериклар сифатида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундан ташқари яна тўрт нафар судланувчи 19 йилдан 22 йилгача бўлган қамоқ жазосини олди.
2024 йил март ойида Москва концерт залига қилинган ҳужумда қуролланган шахслар томошабинларга ўт очиб, сўнгра бинони ёқиб юборишган. 150 киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар ичкарида қолиб кетган, 600 дан ортиқ киши яраланган.
Россия президенти Владимир Путин ва бошқа расмийлар ҳеч қандай далил келтирмасдан, ҳужумда Украинанинг роли борлигини даъво қилишди. Киев ҳар қандай алоқадорликни рад этган.
Ушбу ҳодиса учун масъулиятни кейинчалик «ИШИД» ўз зиммасига олган эди. Россиянинг ўзида ҳужумдан сўнг мигрантларга қарши қонунлар ва дискриминацион оҳанг янада қаттиқлашди.
Покистон яна Афғонистонга зарба берди
Покистон пайшанбадан жумага ўтар кечаси яна Кобул ва чегара провинцияларига янги зарбалар берди. Кобул полицияси вакили Халил Задраннинг AFP’га маълум қилишича, пойтахтдаги турар жойларга берилган бомбардимон оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва 15 киши яраланган.
«Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон зарбалари мамлакат жанубидаги Қандаҳор, шунингдек, шарқдаги Пактия ва Пактика провинцияларига ҳам берилганини ёзди. Шунингдек, Покистон самолётлари Қандаҳор аэропорти яқинидаги «Kam Air» хусусий авиакомпаниясининг ёқилғи омборларини нишонга олган.
Икки давлат ўртасида кескинлик ва шиддатли чегара тўқнашувлари ойлардан бери давом этмоқда. Покистон 27 феврал куни «Толибон»ни террорчиларга бошпана беришда айблаб, қўшни Афғонистонга қарши очиқ уруш эълон қилганди.
«Толибон» ҳукумати ҳар қандай алоқадорликни ёки Афғонистон ҳудудидан жангарилик мақсадида фойдаланилаётганини рад этиб келмоқда.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк томонларни сулҳга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги зўравонликлар ёрдам тарқатишни ҳам қийинлаштирмоқда. Қарийб 22 миллион киши — Афғонистон аҳолисининг деярли ярми ҳуманитар ёрдамга муҳтож.
АҚШда тўқнашувлар
12 март куни АҚШнинг турли ҳудудларида қуролли ҳужумлар кузатилди. Хусусан, «ИШИД» тарафдори экани айтилган шахс Виржиния университети аудиториясида ўт очиб, бир кишини ўлдирди ва икки кишини яралади. Сўнгра унинг ўзи ҳам ўлдирилди. Барча уч қурбон университетга алоқадор бўлган.
Университетга кўра, ушбу муассаса ҳарбийлар билан яқин алоқада бўлиб, талабаларнинг деярли учдан бир қисми ҳарбий хизматчилардир. ФТБ отишма бўйича терроризм айблови билан текширув бошлади.
Иккинчи ҳодиса — Мичиганда эса асли ливанлик АҚШ фуқароси ўз юк машинасини синагога ва унинг қошидаги боғчага урди.
Окленд округи шерифи Майкл Бушарнинг сўзларига кўра, эркак юк машинаси билан синагога эшикларини ёриб кирган ва хавфсизлик ходими унга қарата ўт очгунга қадар машинасини йўлак бўйлаб бошқарган. Ҳужумчи тўқнашув пайтида ҳалок бўлди. Расмийларнинг айтишича, у ўз жонига қасд қилганми ёки хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганми — ҳозирча аниқ эмас. Синагога маълумотига кўра, болалар боғчасидаги барча 140 нафар бола хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Пайшанба оқшомида АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти юк машинаси ҳайдовчиси 41 ёшли Айман Ғаззолий эканини аниқлади. CBS News хабарига кўра, тахминан 10 кун олдин Исроилнинг Ливандаги қишлоққа берган зарбаси натижасида унинг икки акаси ва жиянлари ҳалок бўлган. Бу унга қаттиқ руҳий зарба берган.
АҚШ расмийларига кўра, сўнгги йилларда Қўшма Штатларда антисемитизм ҳодисалари кескин кўпайган. 2024 йил февралидан буён диний сабабларга кўра содир этилган 5300 дан ортиқ нафрат жиноятларининг деярли учдан икки қисми яҳудийларга қарши қаратилган.
Мавзуга оид
15:46 / 12.03.2026
Зарбалар алмашган Исроил ва «Ҳизбуллоҳ», Хитойда этник озчиликка доир қонун ва Ироқдаги нефт танкерларига ҳужум – кун дайжести
15:09 / 11.03.2026
Эронга қарши урушнинг 3 мақсади, Швейцарияда ёнган автобус ва Ҳўрмузга «кўчган» фронт – кун дайжести
16:14 / 10.03.2026
Эронда янги Олий раҳбар, Путиннинг Трампга таклифлари ва ҳарбий кемаларини сафарбар қилган Франция – кун дайжести
16:32 / 07.03.2026